Жиззахда «BYD»нинг «Yuan Up» модели ишлаб чиқарилади
«Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг маълум қилишича, 2026 йилда автомобилларнинг 5 та янги модели тақдимот қилинади. Бунда «Chevrolet» брендининг «Damas», «Traverse», «Captiva» моделлари ва «KIA»нинг янги моделларини чиқади.

Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонасида «Yuan Up» моделини ҳам ишлаб чиқариш бошланади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Рўзиқулов 13 феврал куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
«Янги моделларга талаб кўпайган. Шу йилнинг ўзида, ҳурматли президент, бешта янги моделнинг бозорда тақдимоти бўлиб ўтади. Янги «Damas» чиқди. Ҳозир савдони бошлаймиз. Хоразмда мажлис бўганда топшириқ берган эдингиз, тўлиқ ўзлаштирилди», – деди Улуғбек Рўзиқулов.
Шунингдек, у жорий йилда «Traverse», «Captiva» ва «KIA»нинг янги моделларини чиқишини маълум қилди.
Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Жиззахдаги «BYD» заводида бу йилдан “Yuan Up” моделини ҳам ишлаб чиқариш бошланишини билдирди.
Жиззахдаги «BYD» заводи
2024 йил 25 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифи доирасида «BYD» компанияси бош қароргоҳида бўлган ва компания президенти Ван Чуанфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этганди.
Ўшанда президент Мирзиёев яқин истиқболда бозордаги талабдан келиб чиқиб моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг донагача ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтганди.
Орадан беш ой ўтиб, 2024 йил июнда Жиззах вилоятидаги «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонасида илк электромобиллар ишлаб чиқарила бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев 27 июн куни ушбу инновацион заводни бориб кўрди. Ўшанда у ерда «Chazor» ва «Song Plus Champion» моделлари ишлаб чиқарила бошлаган ва Шавкат Мирзиёев конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйган.
Заводга Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган. Электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилинган.





