add

1 апрелдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари нақд пулда сотилмайди

29.01.2026 | 19:162 дақиқа

2026 йил апрелидан Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, қатор хизматлар ва йирик харидлар учун тўловлар фақат нақдсиз тарзда қабул қилинади.

1 апрелдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари нақд пулда сотилмайди

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотиб олишга тўлиқ чек қўйилади. Янги тартибга кўра, ушбу маҳсулотлар учун ҳисоб-китоб фақат банк карталари, электрон тўлов иловалари ёки QR-код орқали амалга оширилиши мумкин бўлади. Бу талаб Президентнинг 2025 йил 10 декабрда имзоланган ПФ-246-сон Фармонида белгилаб қўйилган.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсади

Фармоннинг асосий вазифаси — яширин иқтисодиёт улушини кескин камайтиришдир. Ҳужжатда 2030 йилга қадар кузатиб бўлмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 баробарга қисқартириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, расмий банд бўлган аҳоли улушини 64 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.

Нақд пулсиз тўлов мажбурий бўлган соҳалар

2026 йил апрелидан давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар (банк кассалари орқали амалга оширилган тўловлардан ташқари) нақд пулсиз шаклда қабул қилинади. Шунингдек, АЁҚШларда нефт маҳсулотларини сотиш, электромобилларни зарядлаш хизматлари ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китоб асосида кўрсатилади.

Йирик харидлар учун янги талаблар

Қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлаш тақиқланади. Бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно. Кўчмас мулк, ишлаб чиқарилганига 10 йил тўлмаган автотранспорт воситаларини сотишда ҳам тўлов тасдиқланмаса, битимлар расмийлаштирилмайди. Банклар ва нотариуслар ахборот тизимлари ўзаро автоматик маълумот алмашади.

Ягона QR-код тизими

Шунингдек, фармонда Марказий банк 2026 йил 1 январга қадар электрон тўловлар учун ягона QR-код жорий этиши шарт қилиб қўйилди. 1 июлдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар мазкур QR-код орқали тўлов қабул қилиши мажбурий бўлади. Барча операциялар солиқ органларига реал вақт режимида кўринади.

Боди-камералар орқали назорат

2026 йил июлидан бошлаб назорат қилувчи органлар текширувларни боди-камералар ёрдамида амалга оширади. Бу тадбиркорларга нисбатан асоссиз босим ва коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Янги тартиблар молиявий интизомни кучайтириш ва иқтисодиётда шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид