Президент ўрнига вазир қатнашган саммит. Совуқчиликка сабаб нима?
Октябр сўнгида Анқарада Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти ҳам қатнашиб, қатор таклифлар берди. Бироқ саммитда президент Илҳом Алиев кўриниш бермади. Унинг бормагани Эрдўған учун ноқулай вазиятни юзага келтирди. Бу Туркия раҳбарининг туркий давлатлар бирлиги ҳақидаги асосий ғоясига ҳам соя солди. Ўзи нима бўлганди?
Октябр охирида Анқарада Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан президент Шавкат Мирзиёев ҳам рафиқаси билан Туркияда бўлиб қайтди. Аммо Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва бошқа вакиллар иштирок этган саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев кўриниш бермади. Ҳукумат Анқарага ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовни юборди. Хўш, Алиев нега бормади? Саммитда қайси масалалар муҳокама қилинди? Ўзбекистон раҳбари нималар деди?
Эрдўған таклиф қилди, Алиев бормади
Ҳаммаси Озарбойжонда мактаб ўқувчилари учун жорий қилинган ягона кийим қоидалари атрофидаги баҳсдан бошланди. Гап шундаки, 2026-йилнинг сентябр ойида Озарбойжонда мактаб формаси билан боғлиқ янги талаблар юзасидан баҳслар кучайди. Айрим ҳолатларда ҳижоб кийган қизлар мактабга киритилмади.
Бу ҳолат Туркияда кескин норозиликка сабаб бўлди. Туркиядаги айрим сиёсатчилар, диний гуруҳлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Озарбойжон ҳукуматини танқид қилди. Боку эса бу танқидларни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш сифатида қабул қилди.
Эрдўғаннинг маслаҳатчиси ҳам аралашди
Можаро Эрдўғаннинг маслаҳатчиси Октай Саралнинг чиқишларидан кейин янада кескин тус олди. Сарал Озарбойжондаги мактаб формаси ва ҳижоб билан боғлиқ чекловларни танқид қилди. Бу эса Бокуда норозилик уйғотди. Озарбойжон томони бошқа давлат вакилларининг мамлакат ички сиёсатини танқид қилишини номақбул деб ҳисоблади. Шундан кейин Октай Сарал ишдан олинди. Бу Анқаранинг вазиятни юмшатиш йўлидаги қадами эди. Лекин афтидан, Боку учун бу ҳали етарли бўлмаган. Негаки, Сарал ишдан олингач, кўпчилик икки давлат ўртасидаги муносабатлар тез орада аввалги ҳолатига қайтади, деб ўйлаган эди. Бироқ бундай бўлмади.
Алиевнинг Анқарадаги саммитда иштирок этмаслик қарори келишмовчилик ҳали тугамаганини кўрсатди. Энди бу вазият қандай давом этишини айтиш қийин. Чунки икки давлат ўртасидаги асосий муаммо анча мураккаб.
Алиевнинг саммитга бормагани Эрдўған учун ноқулай вазиятни юзага келтирди. Бу Туркия президентининг туркий давлатлар бирлиги ҳақидаги асосий ғоясига ҳам соя солди. Саммит «Туркий аср: тилда, фикрда ва ҳаракатда бирлик» шиори остида ўтказилди. Эрдўған саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон президентларига мурожаат қилар экан, тадбир иштирокчилари биргаликда тушган суратни эсга олди. Унинг айтишича, бу сурат халқларнинг ўтмишига содиқлигини ва умумий келажакни биргаликда қуришга интилишини ифодалайди.
Бироқ суратда Алиевнинг йўқлиги Эрдўғаннинг бу гапларини бироз ишончсиз кўрсатди. Озарбойжон делегациясига ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов раҳбарлик қилди. У икки давлат ўртасидаги келишмовчилик ҳақида ҳеч нарса демади, фақат Туркия томонидан кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Яна бир сабаб — Исроил
Аслида, зиддиятга сабаб фақатгина ҳижоб масаласи эмас. Озарбойжонда давлат назорати кучли бўлган оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Боку ва Анқара ўртасидаги асосий келишмовчилик Исроил билан боғлиқ. Бир қатор таҳлилчилар ҳам Исроил масаласи икки мамлакат ўртасидаги чуқурроқ келишмовчиликлардан бири эканини таъкидлаган. 29-октябр куни «Minval» нашрида эълон қилинган таҳлилий мақолада Анқара томонидан ҳижоб масаласи бўйича билдирилган танқидлар Озарбойжонда аввалдан мавжуд бўлган норозиликни кучайтиргани айтилган. Бу норозиликнинг асосий сабаби — Бокунун Исроил билан яқин стратегик ҳамкорлигидир.
Исроил Озарбойжонга ҳарбий техника, жумладан, дронлар етказиб берган. Бу қуроллар 2023-йилда Озарбойжон армиясига Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни тиклашда ёрдам берган. Эрдўған эса Исроилнинг Ғазодаги сиёсатини бир неча бор кескин танқид қилган.
Озарбойжон ОАВларида сўнгги уч йил давомида мамлакат бир неча бор нишонга олингани, бунда ҳужумларнинг асосий мавзуси ҳар доим унинг Исроил билан ҳамкорлиги бўлгани айтилган. Айтилишича, амалда Бокудан ташқи сиёсатини бошқа давлатларнинг хоҳиши ва қарашларига мослаштириш талаб қилинмоқда. Боку ўз ташқи сиёсатини Анқаранинг талабларига қараб ўзгартиришни истамайди. «Minval» нашрининг мақоласида Озарбойжоннинг Исроил билан яқин муносабатлари сабаб Туркия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларида мамлакатга нисбатан узоқ вақтдан бери айблов ва ҳақоратлар ёғилаётгани айтилган. Мақолада Эрдўғаннинг номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган. Бироқ унда Туркия раҳбарияти вазиятнинг шу даражага етишига йўл қўйгани танқид қилинган.
Расмий Анқара бу жараёнга жуда кеч аралашгани, агар зарур чоралар ўз вақтида кўрилганида ва ҳукумат ҳолатга бефарқ қарамаганида, вазият бунчалик кескинлашмаслиги билдирилган. Озарбойжон ТДТ фаолиятида иштирок этишда давом этиши таъкидланган. Бироқ ташкилот тенг ҳуқуқли давлатлар бирлашмаси бўлиши, унда Туркия устунлик қилмаслиги кераклигига алоҳида урғу берилган. Бундай бирликни фақат умумий тарих ва халқлар ўртасидаги яқинлик билан сақлаб қолиб бўлмаслиги, бунинг учун ҳар бир давлатнинг мустақиллигини тан олиш ва бир-бирини ҳурмат қилиш кераклиги урғуланган.
Бокудаги бошқа нашрларда ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдирилган. Жумладан, «Haqqin.az» нашрида эълон қилинган мақолада қардош давлат ҳам мустақил экани ва ўз қарорларини ўзи қабул қилиш ҳуқуқига эгалигини Туркияда ҳали ҳамма ҳам тушуниб етмагани айтилган.
Дипломатик норозилик
Ҳижоб масаласидан сўнг авж олган можаро давомида Туркиядаги Озарбойжон элчихонаси олдида намойишлар бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда Озарбойжон раҳбариятига қарши кескин чиқишлар қилинди. Боку бунга жавобан Туркиянинг 31 фуқаросини мамлакатга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига қўшди. Шу тариқа, масала ижтимоий тармоқдаги баҳслардан чиқиб, давлатлараро муносабатларга таъсир кўрсата бошлади.
Бормасликнинг асл сабаби нима?
Туркия томони муносабатларни юмшатиш учун айрим қадамларни ҳам ташлади. Аммо Алиев барибир Анқарага бормади. Озарбойжон нашрлари президентнинг 30-октябр куни Бокуда 15 ёшли футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида қатнашиши олдиндан режалаштирилганини маълум қилди. Бу расмий Озарбойжон ахборот агентлиги келтирган изоҳ эди. Аммо бошқа халқаро нашрлар воқеани икки мамлакат ўртасидаги дипломатик кескинлик билан боғламоқда. Сиёсатшунос Ҳакан Гунеш эса Туркия ва Озарбойжон муносабатлари сўнгги 35 йилдаги энг салбий нуқталардан бирига етганини таъкидлади.
Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?
Бу воқеа Ўзбекистон учун ҳам бевосита қизиқ. Чунки Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотининг муҳим аъзоларидан бири. Ташкилотнинг мустаҳкамлиги ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик Марказий Осиёдаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар учун ҳам аҳамиятли. Туркия ва Озарбойжон ўртасидаги келишмовчиликлар ташкилот ичидаги ҳамкорликка таъсир қилиши мумкин.
Мирзиёев нималар деди?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-октябр куни рафиқаси, биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқарага борди. Уни аэропортда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташриф давомида Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Музокаралар якунида икки давлат бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзолади.
Президент Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилди. Бундан ташқари, Туркияда яшовчи ўзбекистонликлар билан учрашиб, уларнинг аҳволини сўради.
Анқара сафари Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити билан давом этди. Мирзиёев саммитда туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.
Улардан бири — «Туркий дунё – 100» дастури. У юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олиши кўзда тутилган. Шунингдек, «Ўрта коридор» ва бошқа транспорт йўлакларини ягона иқтисодий тизимга айлантириш, туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи ва Туркий туризм алянсини ташкил этиш таклиф қилинди.
Саммитда яна бир муҳим ташаббус — 2027-йилни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш масаласи илгари сурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари туркий давлатлар ўртасида ID-карта орқали сафар қилиш имкониятини кенгайтириш, чегарадан ўтиш ва давлатлар ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштиришни таклиф қилди.





