Logo

Миграция маркази учун ҳар бир вилоятга 8 млрд сўмдан ажратилади

Kecha 12:333 daqiqa

Президент вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига «Интил» халқаро ўқув маркази тажрибасини ўзлаштирган ҳолда, барча ҳудудларда ягона миграция марказларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Миграция маркази учун ҳар бир вилоятга 8 млрд сўмдан ажратилади © Prezident matbuot xizmati

2027-йили Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида ягона миграция марказлари ташкил этилади ва бу мақсадда ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Бу ҳақда 2-ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифалар бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига «Интил» халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганган ҳолда ушбу марказларни очиш вазифаси юклатилди. Йиғилишда жаҳон меҳнат бозорида 168 миллион киши хорижий миграцияда экани, мамлакатда хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар ва бошқа давлатлардаги ишчи кучига бўлган эҳтиёжни ўзаро боғлаш раҳбарлар олдидаги асосий вазифа экани қайд этилди.

«Инсон ўз касбини пухта эгалласин, ўз қадрини билсин, ўз юртига таяна олсин!» — деди президент.

Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар сони икки баравар камайган бўлса-да, уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари тўрт карра ошган. Бу кўрсаткич фуқароларнинг чет элга оддий ишчи эмас, балки малакали кадр сифатида бораётганини кўрсатади.

Меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик қилинаётган давлатлар сони 3 тадан 27 тага, йирик хорижлик иш берувчилар сони эса қарийб 400 тага кўпайган.

Ҳудудлар ўртасидаги тафовут ва хорижий тилларни ўрганиш эҳтиёжи

Хорижда ишлаётган фуқароларнинг даромадларида вилоятлар кесимида катта фарқ кузатилмоқда. Хусусан, бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Фарғонада 1 850 долларни ташкил қилса, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида 400 долларга, Сирдарёда 500 долларга, Жиззах ва Навоийда 600 долларга, Сурхондарё ва Хоразмда эса 700 долларга ҳам етмаяпти. Ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарларига одамларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш топширилди.

«Аслида, инсон қаерда ишлаши, қанча маош олиши, ҳуқуқини ким ҳимоя қилишини билиб бориши керак!» — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Европа Иттифоқи илк бор Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этишни ўз миграция стратегиясига киритгани, бироқ бундан етарлича фойдаланилмаётгани танқид қилинди.

Масалан, Буюк Британияда 33 минг ишчи кучига эҳтиёж борлигига қарамай, у ерга асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга фуқаролар юборилмоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида аниқ келишувлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Чет тилларини билиш юқори даромадли иш топишнинг асосий шарти сифатида белгиланди. Жорий йилда Германиядан 45 минг мутахассисга буюртма келиб тушган, аммо немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги сабабли атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Шу боис, касбга ўқитиш билан бирга тил тайёргарлигини олиб бориш, хусусан, келаси йили 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияга ишга юбориш белгиланди.

«Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак», — деди давлат раҳбари.

Ушбу мақсадда келаси йил мактаб ва техникумларга 500 нафар немис тили эгаси бўлган ўқитувчилар жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси икки карра оширилади. Шунингдек, 20 та техникум танлаб олиниб, келгуси йилдан уларни Германия, Япония ва Корея сингари хорижлик иш берувчилар талаби асосида кадр тайёрлашга мослаштириш топширилди.

Teglar

Mavzuga oid