Logo

Ўзбекистонликлар 9 ой ичида Claude ва ChatGPT хизматларига қарийб 200 млрд сўм сарфлади

Bugun 12:382 daqiqa

Ушбу давр мобайнида «Anthropic» Ўзбекистон бюджетига 14 млрд сўм, «OpenAI» эса 10 млрд сўм солиқ тўлаган.

Ўзбекистонликлар 9 ой ичида Claude ва ChatGPT хизматларига қарийб 200 млрд сўм сарфлади © ijtimoiy tarmoqlar

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Claude сунъий интеллект моделини ишлаб чиқувчи «Anthropic» компанияси Ўзбекистонда 116,1 млрд сўмлик электрон хизматлар кўрсатган. ChatGPT яратувчиси бўлмиш «OpenAI»нинг хизматлар ҳажми эса 83,1 млрд сўмни ташкил қилди.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, давлат бюджетига тушумлар бўйича ҳам «Anthropic» етакчиликни қўлга киритди: ҳисобот даврида компания томонидан 14 млрд сўм солиқ тўланган бўлса, «OpenAI»нинг бу борадаги кўрсаткичи 10 млрд сўмга тенг бўлди.

Йил бошидаги ҳолат ва динамика

Бироқ, йил бошида вазият бироз бошқача эди. Хусусан, 2026-йилнинг биринчи чорагида «OpenAI» Ўзбекистонда 21,5 млрд сўмлик хизмат кўрсатиб, 2,5 млрд сўм солиқ тўлаган ва рақобатчисини қарийб 67 фоизга ортда қолдирган эди.

Ўша даврда «Anthropic»нинг хизматлари ҳажми 12,6 млрд сўмни, тўлаган солиғи эса 1,5 млрд сўмни ташкил этган. Лекин вазият кейинги ойларда кескин ўзгарди.

«Anthropic» нинг учинчи чоракдаги кескин ўсиши

2026-йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, «Anthropic»нинг солиқ тўловлари 6,3 млрд сўмга етиб, «OpenAI» (5,6 млрд сўм) кўрсаткичидан ўзиб кетди.

Учинчи чоракда (июл–сентябр) эса икки компания ўртасидаги тафовут янада кенгайди. «Anthropic» биргина шу чоракнинг ўзида давлат бюджетига 7,7 млрд сўм солиқ ўтказди — бу компаниянинг дастлабки олти ойликдаги жами тўловларидан ҳам кўпроқдир.

Худди шу даврда «OpenAI» томонидан тўланган солиқлар 4,4 млрд сўмни ташкил этиб, «Anthropic» ўз рақобатчисини 75 фоизга ортда қолдиришга эришди.

Шу тариқа, тўққиз ойлик умумий натижаларга кўра, «Anthropic» жами солиқ тўловлари миқдори бўйича «OpenAI»дан 40 фоизга олдинга чиқиб олди.

Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компаниялар рейтингида улар мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринларни банд этди.

Маълумот ўрнида, 2025-йилда бу икки компаниянинг мамлакатимиздаги фаолияти кўрсаткичлари буткул фарқли бўлган.

2025-йилнинг апрел ойида Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган «OpenAI» йил якунига қадар 57,8 млрд сўмлик хизматлар кўрсатиб, 11,7 млрд сўм солиқ тўлаган. «Anthropic» эса ўша йили энг йирик ўнта хорижий солиқ тўловчи компаниялар қаторидан жой олмаган эди.

Хорижий ИТ компанияларнинг умумий кўрсаткичлари

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар сони 109 тага етганлиги, улар томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий қиймати ўтган йилга нисбатан 85,2 фоизга ўсиб, 1,94 триллион сўмни ташкил қилганлиги маълум қилинганди.

Мазкур компанияларнинг давлат бюджетига келтирган тушумлари ҳам сезиларли даражада ошиб, ўтган йилнинг мос давридаги 124,8 млрд сўмдан 232,8 млрд сўмга етган. Солиқ тўловлари бўйича мутлақ етакчилар учлигини эса «Apple» (54,2 млрд сўм), «Google» (52,6 млрд сўм) ва «Meta» (46,7 млрд сўм) компаниялари ташкил этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid