Logo

ЯИМ икки баравардан кўпроқ ошди: Ўзбекистон иқтисодиётида нималар ўзгарди?

Ўзбекистон иқтисодиёти 9 ойда 8 фоиздан кўпга ошган. Унинг асосий қисми саноат, хизматлар ва қурилиш ҳисобига тўғри келди. Энг кўп кўрсаткичга эга ҳудудда энг кичигига қараганда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 6,5 баравар кўп бўлди.

ЯИМ икки баравардан кўпроқ ошди: Ўзбекистон иқтисодиётида нималар ўзгарди? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026-йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) жорий нархларда 1 квадриллион 755 трлн сўмдан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 фоизга кўп. Яъни мамлакат иқтисодиётида товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажми ошган.

Сўнгги беш йилда ЯИМ ҳажми икки бараварга ошди

2022-йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётининг умумий ҳажми мунтазам кўпаймоқда. Дастлаб 2022-йилнинг январ–сентябр ойларида ЯИМ 828 трлн сўм бўлган бўлса, 2026-йилнинг шу даврида 1 квадриллион 755 триллион 500 миллиард сўмга етди. Шу тариқа, беш йил ичида бу кўрсаткич қарийб 2,1 баравар кўпайди.

Рисунок1

 Манба: Миллий статистика қўмитаси

Иқтисодиёт ҳажми билан бирга унинг реал ўсиш суръати ҳам ўзгарди. 2022–2024-йилларда ЯИМ йилига 6 фоиздан кўпроққа, 2025-йилда 8 фоизга етди. 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 8,3 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев 2026-йилнинг якунида Ўзбекистон ЯИМ 180 млрд доллардан ошиши кутилаётганини маълум қилганди. Дастлабки тўққиз ойлик натижалар йил якунига мўлжалланган ушбу кўрсаткичга эришиш имконияти сақланиб қолмоқда.

ЯИМнинг умумий ҳажми мамлакат иқтисодиётида қанча маҳсулот ва хизмат яратилганини кўрсатса, аҳоли жон бошига ЯИМ бу қийматни аҳоли сонига нисбатан ҳисоблайди.

Аҳоли жон бошига ЯИМ 44,7 млн сўмга етди

2022-йилнинг тўққиз ойида аҳоли жон бошига 22,8 млн сўмлик ЯИМ тўғри келган бўлса, 2026-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 44,7 млн сўмга етди. Орадаги тўрт йилда у ҳар йили ошиб борган ва номинал қийматда қарийб икки баравар кўпайган. Хусусан, 2023-йилда 26,9 млн, 2024-йилда 32,4 млн, 2025-йилда эса 38,7 млн сўм бўлган.

Рисунок2

 Манба: Миллий статистика қўмитаси

Аҳоли жон бошига ЯИМ мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар умумий қийматининг аҳоли сонига бўлинган миқдоридир. Шу боис 44,7 млн сўм ҳар бир фуқаро шунча даромад олганини билдирмайди. Бу кўрсаткич нархлар ўзгаришини ҳам ўз ичига олади. Нархлар таъсири чиқариб ташланганда, 2026-йилнинг январ-сентябр ойларида аҳоли жон бошига ЯИМ реал ҳисобда 6,4 фоизга ошган.

Саноат ва хизматларда ўсиш 8 фоиздан ошди

ЯИМ асосий қисмини саноат, хизматлар ва қурилиш ташкил қилди. Январ–сентябр ойларида хизматлар соҳасида яратилган қўшилган қиймат 8,9 фоизга ошди. Саноатдаги ўсиш 8,1 фоизни, қурилишдаги ўсиш эса 12,5 фоизни ташкил этди.

Хизматлар соҳасида ахборот ва алоқа тармоқлари 21,6 фоизлик ўсиш билан етакчи бўлди. Савдо хизматлари 17,3 фоизга, ташиш ва сақлаш хизматлари 16,1 фоизга кўпайган. Қурилишда фуқаролик объектлари 29 фоизга, ихтисослаштирилган қурилиш ишлари эса 33,1 фоизга ошди.

Бу тармоқлардаги ўсиш ЯИМнинг умумий натижасига ҳам таъсир кўрсатди. Саноат ҳамда савдо, яшаш ва овқатланиш хизматларининг ҳар бири ЯИМ ўсишига 2 фоиздан ҳисса қўшди. Ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа хизматлари 1,4 фоиз, қурилиш эса 1 фоизга ошган. Натижада ЯИМ ўсишининг асосий қисми саноат, хизматлар ва қурилиш тармоқлари ҳиссасига тўғри келди.

ЯҲМ ҳажми бўйича Тошкент шаҳри, аҳоли жон бошига Навоий етакчи

Тўққиз ой ичида ҳудудлар иқтисодиётининг умумий ҳажми бўйича Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Пойтахтда 372,1 трлн сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) яратилди. Бу мамлакатдаги жами ЯҲМнинг 21,2 фоизига тенг. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти 180 трлн сўм, Навоий вилояти эса 166,7 трлн сўмлик кўрсаткич билан қайд этилди.

ЯҲМ ҳажми ҳудуд иқтисодиётининг умумий кўламини кўрсатади. Аммо ҳудудларни аҳоли сонини ҳам ҳисобга олиб солиштирганда натижа ўзгаради. Аҳоли жон бошига ЯҲМ бўйича Навоий вилояти етакчи бўлди.

Январ–сентябр ойларида бу ерда ҳар бир кишига ўртача 140 млн сўмлик маҳсулот ва хизматлар қиймати тўғри келди. Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич 114,5 млн сўм, Тошкент вилоятида 47,6 млн сўмни ташкил этди.

Сурхондарё вилоятида аҳоли жон бошига ЯҲМ 21,6 млн сўм бўлиб, ҳудудлар орасида охирги ўринда қайд этилди. Шу тариқа, Навоий вилоятидаги кўрсаткич Сурхондарёдагидан 6,5 баравар юқори бўлди. Бу кўрсаткич аҳоли даромадини эмас, ҳудудда яратилган маҳсулот ва хизматлар қийматининг аҳоли сонига нисбатини билдиради.

Ҳудудларда аҳоли жон бошига ЯҲМ билан бирга иқтисодий ўсиш суръатлари ҳам фарқ қилди. 2025-йилнинг шу даврига нисбатан энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди — 13,1 фоиз. Фарғона вилоятида ЯҲМ 10,5 фоизга, Наманганда 9,8 фоизга ошди. Навоий вилоятида эса ўсиш 8,1 фоизни ташкил этди.

Кичик бизнес қайси тармоқларда етакчи ?

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида кичик бизнес субъектлари 904,8 трлн сўмлик қўшилган қиймат яратди. Бу мамлакат бўйича жами қўшилган қийматнинг 53,8 фоизига тенг.

Кичик бизнеснинг ҳудудий иқтисодиётдаги улуши Сурхондарёда 78 фоиз, Фарғонада 76,4 фоиз ва Наманганда 75,5 фоизни ташкил этди. Навоий вилоятида эса бу кўрсаткич 17,7 фоиз бўлди.

Тармоқлар кесимида кичик бизнеснинг ҳиссаси, айниқса, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида юқори. Ушбу тармоқда яратилган қўшилган қийматнинг 93,2 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келди. Қурилишда бу улуш 75,4 фоиз, хизматларда 50,9 фоиз, саноатда эса 29,4 фоиз бўлди.

ЯИМ таркибида яширин иқтисодиёт улуши камайди

Кузатилмайдиган иқтисодиёт — бу расмий рўйхатдан ўтмаган ёки даромадлари тўлиқ кўрсатилмайдиган иқтисодий фаолиятдир. Масалан, рўйхатдан ўтмасдан савдо қилиш, хизмат кўрсатиш ёки ишлаб топилган пулнинг бир қисмини яшириш шулар жумласига киради. Яъни бундай фаолиятлар амалда мавжуд ва иқтисодиётга ҳисса қўшади, лекин уларнинг барчаси расмий ҳисоботларда акс этмайди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши 21,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 23,9 фоиз бўлган. Бир йил ичида 2,1 фоизга камайган.

Тармоқлар кесимида эса кўрсаткичлар бир-биридан фарқ қилади. Хусусан, кузатилмайдиган иқтисоднинг ялпи қўшилган қиймати 382,7 трлн сўмга етди. Унинг энг катта улуши, яъни 57,6 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келди.

Хизматлар соҳасида бу кўрсаткич 23,8 фоиз, қурилишда 8,3 фоиз, саноатда эса 4,9 фоиз бўлди. Яъни қишлоқ хўжалигида яратилган қийматнинг ярмидан кўпи расмий статистикада тўлиқ акс этмайдиган фаолият ҳиссасига тўғри келган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳри иқтисодиёти 13,3 фоизга ўсиб, 226 трлн сўмга етган. Пойтахт мамлакат ЯИМнинг 21,1 фоизини таъминлаган. Шу даврда Тошкент ялпи ҳудудий маҳсулотининг энг катта қисми хизматлар соҳасида яратилган — 67,9 фоиз. Саноатнинг улуши 20,1 фоиз, қурилишники эса 12 фоизни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid