АҚШ Исроилнинг Эрон нефт омборларига берган зарбаларидан норози
Вашингтон Исроилнинг Эрон ёқилғи инфратузилмасига уюштирган ҳужумларидан норозилигини билдирмоқда: Теҳрондаги 30 та ёқилғи омборига берилган зарбалар АҚШ кутганидан анча кенг кўламли бўлиб чиқди.

«Axios» нашрининг хабар беришича, Исроил Америка томонини ҳужум ҳақида огоҳлантирган бўлса-да, амалиёт кўлами Вашингтонни ҳайратда қолдирган. 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Теҳрон осмонини қуюқ қора тутун қоплаб олган, ёнғинлар эса кўп километр масофадан кўриниб турибди. Исроил ҳарбийлари ушбу омборлар армияни таъминлаш учун ишлатилганини иддао қилмоқда.
Америкалик мулозимларнинг фикрича, бундай «қўш мақсадли» инфратузилмага зарба бериш акс таъсир кўрсатиши — Эрон жамиятини амалдаги ҳокимият атрофида жипслаштириши ва жаҳон бозорида нефт нархини ошириб юбориши мумкин. АҚШнинг юқори мартабали вакилларидан бири бу ҳақда: «Биз буни яхши ғоя деб ҳисобламаймиз», — деб баёнот берган. Манбаларга кўра, Вашингтоннинг Исроилга юборган муносабати қисқагина «WTF» («бу нимаси?») иборасидан иборат бўлган.
Трампнинг позицияси
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам нефт объектларига қилинган ҳужумга салбий муносабат билдирган. Унинг маслаҳатчиларидан бири «Axios»га: «Президентга бу ҳужум ёқмаяпти. У нефтни сақлаб қолмоқчи, уни ёқиб юборишни эмас. Бу одамларга бензин нархи ошишини эслатмоқда», — деб айтган.
Сенатор Линдси Грэҳэм Исроил раҳбариятини нишон танлашда эҳтиёткор бўлишга чақирди. Унинг фикрича, Эроннинг нефт иқтисодиёти режим алмашганидан кейин халқнинг янги ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу келишмовчиликларни икки давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилиш режалаштирилган.
Эроннинг жавоб таҳдиди
Теҳрон расмийлари агар нефт инфратузилмасига ҳужумлар давом этса, минтақадаги бошқа нефт-газ объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди. «Ҳотам ул-Анбиё» марказий штаби вакилининг сўзларига кўра, бундай қадам жаҳон бозорида нефт нархини баррелига 200 долларгача кўтариб юбориши мумкин.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад-Боқир Ғолибоф ҳам навбатдаги ҳужумларга «кечиктирмасдан» жавоб қайтарилишини таъкидлади. Исроилнинг ҳаракатлари нафақат минтақавий уруш хавфини, балки унинг асосий иттифоқчиси АҚШ билан муносабатларидаги кескинликни ҳам кучайтирмоқда.





