Бугун метан «заправка»лар фақат жамоат транспорти учун фаолият юритади

Bugun 11:251 daqiqa

Газ босими пасайгани сабаб, метан газ қуйиш шохобчалари фақат жамоат транспорти ва ижтимоий соҳа объектлари учун ишлайди.

Бугун метан «заправка»лар фақат жамоат транспорти учун фаолият юритади

Магистрал газ қувурларида босимни меъёрий ҳолатга келтириш ишлари давом этаётгани сабабли, бугун метан газ қуйиш шохобчалари асосан ижтимоий соҳа объектлари ва жамоат транспортига хизмат кўрсатади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, айни пайтда газ қувурларида босимни ростлаш ва уни барқарор ҳолатга келтириш бўйича техник ишлар олиб борилмоқда. Шу сабабли табиий газ тақсимоти вақтинча устуворлик тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур чоралар, аввало, аҳоли ва ижтимоий муассасаларда газ таъминотида узилишлар юзага келмаслигини таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга жамоат транспорти ҳаракатининг барқарорлигини сақлаб қолиш ҳам асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ва суюлтирилган газ — пропан ҳажми оширилган. Натижада бозорга ёқилғи маҳсулотлари етарли миқдорда етказиб берилмоқда.

Хусусий «автозаправка» шохобчалари эгаларига нархларни сунъий равишда оширмаслик, автобензинни белгиланган сифат ва миқдорда сотиш бўйича огоҳлантириш берилган. Ваколатли ташкилотлар томонидан назорат тадбирлари кучайтирилгани ва нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги таъкидланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid