ОКМК 2025-йилда деярли 1 млрд доллар фойда олди
Компания НКМКдан кейин Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчиси ҳисобланади.

2025-йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) 11,6 трлн сўм соф фойда олишга эришди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га компания молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.
11,6 трлн сўмлик кўрсаткич соф фойда 2024-йилга нисбатан 50,5 фоизга ошганини билдиради. ОКМК соф фойдаси 2025-йилдаги ўртача курс (12 576 сўм) билан ҳисобланганда 923 млн долларга айланади.
2025-йилда компания фойдаси сўнгги йиллардаги энг юқори ўсишни қайд этди — 50,5 фоиз. 2020-йилдан бери фойда кўрсаткичи қарийб 3 баробарга ошган.
Маълумот учун, 2026-йилда давлат бюджети тушумларининг 5,2 фоизи айнан ОКМК тўлаган солиқлар ҳисобидан шаклланиши кутилмоқда. Бу йирик солиқ тўловчилар орасида НКМКдан кейин иккинчи ўрин дегани.
Ҳукумат ОКМК акцияларини даслтабки оммавий чиқарилишини (IPO) 2027-йилга режалаштирган. Унга қадар 2026-йилда Миллий инвестиция жамғармаси ва “НКМК”нинг IPO’си бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Аввалроқ ОКМК 200 млн долларлик шубҳали тендер амалга оширгани ҳақида хабар берилганди.





