Ўтган йили Тошкент метроси орқали 286,8 миллион нафар йўловчи ташилган
Сўнгги 25 йилда пойтахт метросидан фойдаланувчилар сони қарийб 2,3 баробарга ошган.
© Javhar ChorshanbiyevaТошкент метрополитенидан фойдаланувчилар сони сўнгги йилларда кескин ўсди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда метро орқали жами 286,8 миллион нафар йўловчи ташилган.
Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 161,1 миллион нафарга кўп. 2000 йилда пойтахт метросидан 125,7 миллион нафар йўловчи фойдаланган эди. Шу тариқа 25 йил ичида метро хизматидан фойдаланувчилар сони қарийб 2,3 баробарга ошган.
Йиллар давомида ўзгарган динамика
Статистикага кўра, 2000 йиллар бошида метро йўловчилари сони юқори бўлган. Бироқ кейинги йилларда бу кўрсаткич пасайиб борган.
Хусусан, 2000 йилда 125,7 миллион йўловчи ташилган бўлса, 2006 йилга келиб бу рақам 69 миллионга тушган. Кейинги йилларда ҳам пасайиш давом этиб, 2015 йилда метро орқали ташилган йўловчилар сони 52,3 миллионгача камайган.
Пандемиядан кейин тез тикланиш
2020 йилда пандемия таъсири сабаб метро йўловчилари сони кескин камайиб, 38,8 миллионни ташкил этган. Бу энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Бироқ кейинги йилларда метро фаолияти босқичма-босқич тикланиб, йўловчилар сони яна ўсишни бошлади. 2021 йилда бу кўрсаткич 101,8 миллионга, 2022 йилда 136,7 миллионга, 2023 йилда эса 172 миллионга етган.
Сўнгги йилларда рекорд кўрсаткич
2024 йилда метродан фойдаланганлар сони 270,3 миллион нафарга етди. 2025 йилда эса бу кўрсаткич яна ўсиб, 286,8 миллионни ташкил этди.





