
903 та «оғир» маҳалла учун қуёш станциялари қуриб берилади
Ўзбекистонда «оғир» маҳаллаларда барқарор электр таъминоти ва доимий даромад манбаи яратишга қаратилган янги «яшил» ташаббус амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев 903 та «оғир» маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилишини маълум қилди. Президент таъкидлаганидек, ушбу станциялар маҳаллаларга беғараз актив сифатида берилади ва ҳар бир ҳудудда йилига 400–500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган иқтисодий манба шаклланади.
Йиғилишда «оғир» туман ва маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда даромадини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш муҳим экани қайд этилди. Шу мақсадда қуёш станциялари қурилиб, улардан олинадиган «яшил» энергия ҳисобидан маҳаллалар ўз молиявий манбаларини яратиши кўзда тутилмоқда.
Ташаббус мақсади
Қуёш станцияларидан тушадиган даромад «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади. Хусусан, эҳтиёжманд хонадонларни энергия тежамкор технологиялар асосида таъмирлаш, уларнинг электр харажатларини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилаш режалаштирилган. Шу доирада 1-гуруҳ ногиронлиги бўлиб, оиласида меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6 минг 700 та хонадон энергия тежамкор ҳолатга келтирилади.
Қуёш станцияларини эксплуатация қилиш ишларига маҳаллаларда яшовчи камбағал оилалар аъзолари жалб этилади. Бу эса янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг доимий даромадга эга бўлишига хизмат қилади. Бундай тажриба ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам жорий этилади.
Маълум қилинишича, кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда маҳаллаларга 7 йил муддатга фоизсиз лизинг асосида берилади. Ушбу ташаббус «оғир» маҳаллаларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, «яшил» энергия улушини ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганлигини маълум қилганди.





