Logo

Тошкент метросида беш вагонли поездлар қатнови йўлга қўйилади

Kecha 16:092 daqiqa

Тошкент метрополитенида тиғиз вақтларда поездлар беш вагонли қилинади ва қатнов оралиғи 2–3 дақиқагача қисқартирилади. Шунингдек, автобуслар қатновини кўпайтириш ҳамда уларнинг олд қисмига қоидабузарликларни қайд этувчи камералар ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Тошкент метросида беш вагонли поездлар қатнови йўлга қўйилади

Тошкент метросида тиғиз вақтларда 5 вагонли поездлар юргизилади, шунингдек, пойтахтдаги автобуслар кутиш вақти 3–5 дақиқагача қисқариши мумкин. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026-йил 30-октябрдаги VII-28-180-14-0-К/26-сон қарорида белгиланди.

Ҳужжатга асосан, 20-ноябрга қадар «Тошкент метрополитени»га «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» ва ер усти ҳалқа йўлида поездларни беш вагонли қилиб шакллантириш ва интервалларни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш топширилган. Тиғиз вақтлар сифатида соат 07:30–09:30, 12:00–14:00 ва 17:00–19:30 оралиқлари кўрсатилган.

Ер усти жамоат транспортидаги ўзгаришлар ва жамоат назорати


Қарорга мувофиқ, автобусларда эрталабки 07:00–09:30 ва кечки 17:00–19:30 оралиғида асосий йўналишларга қўшимча транспорт чиқариш орқали қатнов интервалини 3–5 дақиқагача қисқартириш мақсад қилинган. Масъулларга 15-ноябрдан бошлаб шу бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, 20-декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли, бўғинли автобусларни сафарбар этиш тавсия қилинди. Бунда асосий эътибор Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги асосий йўлларга қаратилади.

Автобусларнинг кечки қатновини узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилади. 1-декабрга қадар 20 та автобус йўналишида (1-, 14-, 18-, 21-, 24-, 28-, 38-, 44-, 46-, 51-, 58-, 67-, 72-, 85-, 93-, 98-, 115-, 118-, 131- ва 147-сонли) кечки қатновни соат 23:00 гача узайтиришни мавжуд имкониятлар доирасида ўрганиш топширилган. Кечки қатновларда автобуслар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги, жадваллар эса бекатлар ва рақамли иловаларда эълон қилиниши белгиланган.

Жамоат транспорти инфратузилмасини ҳимоя қилиш мақсадида 1-ноябрдан жамоат транспорти учун ажратилган «А» йўлакларида шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхтаб туришига қарши рейдлар кучайтирилади. 15-декабрга қадар эса автобусларнинг олд қисмига қоидабузарликларни ҳаракат вақтида автоматик қайд этувчи камералар ўрнатилиб, уларни ЙҲХБ ягона базасига улаш амалиёти йўлга қўйилиши керак.

Бундан ташқари, ҳайдовчиларнинг ногиронлиги бўлган йўловчиларга пандусни очиб бериши хизмат мажбурияти сифатида белгиланди. Бундан бош тортган ҳайдовчиларга интизомий чора кўрилиши назарда тутилган.

Қарорда жамоатчилик фикри ҳам инобатга олинган бўлиб, октябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали қарийб 3 минг киши иштирокида ўтказилган сўров натижалари келтирилган. Қатнашчиларнинг 85,4 фоизи тиғиз вақтларда ҳаддан ташқари гавжумликни, 32 фоизи эса бекатда 20 дақиқадан ортиқ кутишни қайд этган бўлса-да, 79 фоиз иштирокчи транспорт тизимини умумий ҳисобда «қулай» ёки «жуда қулай» деб баҳолаган.

Teglar

Mavzuga oid