Logo

Ўзбекистон Афғонистонга темирйўл орқали юк ташиш тарифларини оширмоқда

Kecha 20:172 daqiqa

Энди темирйўл орқали юк ташишда ҳар бир вагон учун, унинг тоифасига кўра, 800 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача (67–109 доллар) қўшимча ҳақ ундирилади.

Ўзбекистон Афғонистонга темирйўл орқали юк ташиш тарифларини оширмоқда © Foto: railway.uz

Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл орқали юк ташиш учун қўшимча тўловлар жорий этилмоқда. Янги тартиб 2026-йилнинг 7-ноябридан бошлаб амалиётга татбиқ этилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти маълум қилди.

Қўшимча темирйўл тўловлари тариф тоифасига қараб ҳар бир вагон учун 800 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача (67 дан 109 долларгача) этиб белгиланди.

Мазкур тўловлар Ўзбекистон орқали Афғонистонга олиб ўтиладиган аксарият товарларга нисбатан татбиқ этилади. Бироқ стратегик аҳамиятга эга бўлган тўрт турдаги маҳсулот — буғдой, ўсимлик ёғи, нефт маҳсулотлари ва газ ушбу қўшимча тўловлардан озод қилинади.

TOLOnews нашрининг қайд этишича, компания вакиллари бу қарорни темирйўл тушумлари кескин камайиб кетишининг олдини олиш мақсади билан изоҳлаган.

Транзит харажатларининг ошиши Афғонистон ички бозорига таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Афғонистонлик тадбиркор Омид Ҳайдарий мазкур ўзгаришлар истеъмолчилар учун нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлишини билдирган.

«Вагонда юк ташиш харажатларининг ошиши Афғонистон бозорларида маҳсулотлар нархи кўтарилишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистон турли соҳаларда Афғонистон халқи ва ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётгани каби, транспорт ва транзит тўловларини ҳам камайтиришини таклиф қиламиз», — деди Омид Ҳайдарий.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги музокаралар ва янги келишувлар

Транзит тарифларига оид ўзгаришлар фонида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича музокаралар давом этмоқда. Хусусан, Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, суғориш ва чорвачилик вазири ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Афғонистондан Ўзбекистонга гўшт ва картошка экспорт қилиш, пахтачилик ҳамда боғдорчиликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорликда уруғчилик марказини ташкил этиш режалари кўриб чиқилди.

«Учрашув Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачилик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо ҳамкорлигини, қўшма инвестицияларни ва техник тажриба алмашишни ривожлантириш мақсадида ўтказилди», — дея таъкидлади Афғонистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шер Муҳаммад Ҳотамий.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг импортга юқори қарамлиги ва товарларни етказиб бериш харажатларини ҳисобга олганда, Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кучайтириш мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга.

«Афғонистон Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларини қанча кўп кенгайтирса, савдо йўлларини диверсификация қилиш имкониятлари шунча ортади. Бу эса мамлакатга ягона йўлга қарамликни камайтириш имконини беради», — деди иқтисодий таҳлилчи Абдул Носир Рештия ўз хулосасида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарада навбатларни сунъий равишда юзага келтиришнинг олдини олиш ва ташувчиларнинг масъулиятини ошириш мақсадида юк ташувчилардан пул олмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid