Logo

Ўзбек банки иловаси билан яна тўрт давлатда тўлов қилиш мумкин бўлади

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбойжон миллий QR-тўлов тизимларини ўзаро интеграция қилиш механизмини ишлаб чиқишга келишди.

Ўзбек банки иловаси билан яна тўрт давлатда тўлов қилиш мумкин бўлади

2026 йилнинг 22–23 октябр кунлари Тожикистонда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон марказий банклари вакилларининг тўлов тизимларини ривожлантиришга бағишланган тўртинчи минтақавий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбойжон марказий банклари вакиллари иштирок этди.

Беш давлатнинг тўлов тизимлари бирлаштирилади

Қозоғистон Миллий банкининг маълум қилишича, учрашув иштирокчилари миллий QR-тўлов тизимларини ўзаро интеграция қилиш бўйича Қозоғистон томони таклиф этган ёндашувларни бир овоздан қўллаб-қувватлаган.

Томонлар 2026 йил охирига қадар миллий QR-тўлов тизимларининг ўзаро ишлаш механизмини аниқ ишлаб чиқишга келишиб олган.

Мазкур ташаббус амалга оширилса, беш мамлакат фуқаролари хорижга сафар қилган вақтда ўзлари фойдаланадиган банкнинг мобил иловаси орқали QR-кодни сканерлаб, товар ва хизматлар учун тўлов қилиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, иштирокчи мамлакатлар ўртасида реал вақт режимида пул жўнатиш ва қабул қилиш имкониятини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Томонлар, шунингдек, тўлов тизимларининг ишончли ишлашини таъминлаш ва тўлов инфратузилмасини киберҳужумлардан ҳимоя қилиш, тўлов тизимларини назорат қилишда сунъий интеллект, «SupTech» ва «RegTech» технологияларини қўллаш ҳамда фирибгарликка қарши курашишнинг долзарб амалиётлари каби масалаларни ҳам муҳокама қилган.

Teglar

Mavzuga oid