Тадбиркорлар боши узра қора булут — ҳафта дайжести
100 миллионлик маош, ўзбекистонликларнинг «пулланаётган» шахсий маълумотлари ва қайта уйғонган «Imarat Development» можароси. Ўзбекистонда нималар бўляпти? Шу ва бошқа янгиликлар билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.
Бу ҳафта 100 миллион сўмлик ойлик катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Президент билан учрашган «Zo‘r TV» ходими шунча маош олишини айтди. Шу кунларда Тошкентда ўртача ойлик иш ҳақи 12 миллион 300 минг сўмга етгани ҳам маълум бўлди. Ҳафта давомида президент Туркияга сафар қилди, киночилар ва шифокорлар билан учрашди. «IMAN Invest» ва «Imarat Development» компаниялари атрофидаги можаролар, шахсий маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги иддаолар ҳам кун тартибидан жой олди.
Хуллас, ортда қолаётган ҳафта қувонарли янгиликлар ва хавотирли воқеаларга бой бўлди. Ҳафтанинг энг муҳим воқеалари — ҳафта дайжестида.
Safe Road базасидан маълумотлар сизиб чиқдими?
Давлатга ишониб топширган шахсий маълумотларимиз хавфсизми? Масалан, исм-фамилиямиз, телефон рақамимиз, соғлиғимиз ҳақидаги маълумотлар ёки оддий қилиб айтганда, қачон ва қаерга борганимиз, нималар буюртма қилганимиз.
Бу ҳафта кўпчиликни қийнаган ва ўйлантирган савол шу бўлди. Сабаби — ижтимоий тармоқларда Safe Road тизимига уланган миллионлаб ҳайдовчиларнинг паспорт маълумотлари, фотосуратлари, телефон рақамлари ва яшаш манзиллари ҳақидаги маълумотлар сизиб чиққани бўйича хабарлар тарқалди. Айрим маълумотлар Telegram-ботлар орқали пулли тарқатилаётгани айтилди. Бироқ маълумотлар сизиб чиққани ва унинг кўлами расман тасдиқланмади.
Дастлаб бу ҳолат юзасидан муносабат билдирилмаган. Шубҳалар ортгач, Safe Road (айни пайтда SAFE Service) компанияси даъволарни асоссиз деб атади. Унинг билдиришича, тарқатилаётган маълумотлар эски манбалардан олинган ва компанияга алоқадор эмас. Компания ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимояланган серверларда сақланиши ҳамда шифрланган шаклда узатилишини таъкидлади. Шунингдек, ҳолат юзасидан тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилинаётгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, интернетда inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz, Andalus ва бошқа хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари тарқалгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Ушбу маълумотлар орқали фойдаланувчиларнинг харидлари, буюртмалари ва ҳатто дорихоналардан сотиб олган дори воситаларигача аниқлаш мумкинлиги айтилмоқда. Бу даъволар ҳам ҳозирча тўлиқ тасдиқланмаган. Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳолатлар юзасидан: «Ҳозир текширув ишлари олиб борилмоқда», дея муносабат билдирди.
Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay ишлай бошлади
Автобус, метро, дўкон ёки аэропортда тўлов қилиш учун энди телефонингизни терминалга теккизишнинг ўзи кифоя. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ўзбекистонга келганида эълон қилинган хушхабарлардан бири ҳам Apple Pay ва Google Pay хизматларининг ишга туширилиши бўлганди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 27-октябрдан Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay орқали контактсиз тўловларни амалга ошириш имконияти йўлга қўйилди. iPhone фойдаланувчилари Apple Wallet, Android фойдаланувчилари эса Google Wallet орқали банк карталарини улаши мумкин.
Ҳозирда Apple Wallet саккизта, Google Wallet эса тўққизта банк томонидан чиқарилган айрим Visa ва Mastercard карталарини қўллаб-қувватламоқда. Бироқ барча турдаги карталар ҳам ишламаслиги мумкин. Шу сабабли фойдаланувчиларга ўз карталари ушбу хизматларга мос келиш-келмаслигини банкидан аниқлаштириш тавсия этилади.
Тадбиркорлар бошидаги қора булут
Бу ҳафта тадбиркорлар билан боғлиқ можароларга бой бўлди. Бири — «IMAN Holding» бўлса, иккинчиси — «Imarat Development».
«IMAN Invest» атрофидаги можаро Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси Маҳмуд Усмон 25-октябр куни компания билан ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилгач, кескинлашди. Маҳмуд Усмоннинг хулосаларига кўра, компанияда инвесторлар маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ жиддий қоидабузарликлар ва бир неча миллион долларлик камомад аниқланган.
Кейинчалик «IMAN Invest» компанияси асосчиси Рустам Раҳматов бу даъволарни рад этиб, келишмовчилик Маҳмуд Усмоннинг хизмат ҳақларини камайтириш масаласи ва компания акцияларидан улуш берилмагани ортидан юзага келганини айтди.
Маҳмуд Усмон эса компания раҳбарининг ўзига билдирган эътирозларига жавоб қайтариб, молиявий ҳужжатлар ва бир неча соатлик йиғилиш ёзувларини жамоатчиликка эълон қилишини маълум қилди.
Мазкур масалада гап миллионлар эмас, миллиардлар ҳақида кетмоқда. Томонлар бир эмас, бир неча марта муносабат билдирди. «IMAN Invest»га инвестиция киритган тадбиркорларнинг эса боши қотган.
Vaqt.uz мазкур масала юзасидан батафсил таҳлилий мақола ва видеолар тайёрлади. Томонлар билан бирга экспертлар, жумладан, исломшунос олим Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домладан ҳам муносабат олинди. Мавзуга оид таҳлилий видеоларни YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз, мақолани эса сайтимизда ўқишингиз мумкин.
«Imarat Development» компанияси ҳақида кўп эшитгансиз. Унинг номини рекламаларда ёки одамларнинг норозилигига оид хабарларда кўрган бўлишингиз мумкин. Компания атрофида яна норозилик ва можаролар бошланди. Пул тўлаганига қарамай, уйларини ўз вақтида ололмаётган харидорларнинг норозилиги акс этган видеолар тармоқларда тарқалди.
Одамлар пул тўлаганига қарамай, уйларини ололмаётгани, ҳатто уйини талаб қилиб борган айрим харидорларнинг мазаси қочганини ҳам кўриш мумкин.
Одамлар уйларини ололмаётганини айтаётган бир вақтда компания асосчиси Марат Хайруллаевич ўзига ва оиласига босим ҳамда таҳдидлар бўлаётганини айтмоқда.
Марат Хайруллаевич билдирган иддаолар қанчалик асосли эканини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муносабатидан кейингина билишимиз мумкин. Ҳозирча расмийлар жим. Сиз бу қурилиш компаниясидан уй харид қилганмисиз? Орангизда уй калитини олганлар борми? Изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Президент бу ҳафта нималар қилди?
Ортда қолаётган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди, кино соҳаси вакиллари ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот ўтказди. Тиббиёт ходимларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Шунингдек, Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида қатнашди ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Туркияга амалий ташриф билан борди.
Келинг, энди энг муҳимларига бирма-бир тўхталамиз.
Шавкат Мирзиёев ҳафта бошида, 26-октябр куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Унда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Киночилар билан учрашув
Тугаётган ҳафтада энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири — «Zo‘r TV» телеканалида фаолият юритувчи Дилшод Мирзамуродовнинг 100 миллион сўм ойлик олиши бўлди.
Шавкат Мирзиёев 26-октябр куни «Ренессанс» кино уйида киноижодкорлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини тинглади. Учрашувда сўзга чиққан «Zo‘r TV» ходими президентга 100 миллион сўм маош олишини айтди.
Кимдир 100 миллион ойлик олишини айтаётган бир вақтда, Тошкент шаҳрида ўртача ойлик маош 12 миллион 300 минг сўмга етгани маълум бўлди. Аммо Ўзбекистон бўйича ходимларнинг ярми ойига 4 миллион сўм атрофида маош олади. Миллий статистика қўмитаси илк бор медиана иш ҳақини ҳам ҳисоблаб чиқди. Бу кўрсаткич 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида 4 миллион 166 минг сўм бўлган. Ўртача ойлик эса 7 миллион 274 минг сўм. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз кўп дегани.
Медиана нима дегани? Масалан, беш ходим 3, 4, 5, 6 ва 22 миллион сўмдан маош олса, уларнинг ўртача маоши 8 миллион сўм бўлади. Аммо ўртадаги ходим 5 миллион сўм олади. Мана шу сумма медиана дейилади: ходимларнинг ярми ундан кам, ярми эса кўпроқ маош олади. Бунга 100 миллионлик айримларнинг маошлари катта таъсир қилмайди. Шу сабаб медиана кўпчилик қанча маош олаётганини тушунишга ёрдам беради. Ҳудудлар бўйича Тошкент шаҳридан кейинги ўринларда Навоий вилояти — 8,8 миллион, Тошкент вилояти эса 6,9 миллион сўм билан қайд этилган. Қашқадарё ва Сурхондарёда аҳоли ўртача 5 миллион сўм маош олмоқда.
Бу мамлакат бўйлаб энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Соҳалар бўйича энг кўп маош банк ва молия тизимида. Бу йўналишда ўртача маош 19,7 миллион, ахборот ва алоқада 17 миллион сўм. Таълимда бу кўрсаткич 5 миллион, соғлиқни сақлашда эса 4 миллион 450 минг сўмни ташкил этган.
Эслаб-эслаб
Давлат раҳбари билан учрашувда сўзга чиққан актёр Фарҳод Абдуллаев сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида гапирди.
Учрашувда президентнинг актёрга қарата «эслаб-эслаб» деган гапи ҳам ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик давлат раҳбари қанчалик банд бўлмасин, кўрсатувларни кузатиб бориши ва уларда нималар ёритилаётганидан хабардор эканини ёзди.
Учрашувда «Ўзбекфилм» давлат муассасаси ўрнида янги миллий кинoкомпания ташкил этилиши маълум қилинди. Янги компания фильмларни суратга олмайди, балки лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, филмларни тарғиб қилиш, тарқатиш ҳамда халқаро бозор ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади. Филмларни ишлаб чиқариш эса хусусий секторга ўтказилади.
Киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси ўрнига субсидия тизими жорий этилади. Президентнинг таъкидлашича, аввалги тизимда асосий эътибор сифатли филм яратишдан кўра, белгиланган режани бажаришга қаратилган. 2027-йилдан бошлаб янги кинoкомпания сўровига кўра бюджетдан маблағ ажратиб борилади.
Давлат раҳбари миллий филмлар томошабинларнинг ўзгариб бораётган диди ва талабига жавоб бермаётганини танқид қилди. Кино соҳасида сифатли сценарийлар яратиш, профессионал мутахассисларни тайёрлаш ва филмларни тарқатиш тизимини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Анқара сафари: учрашувлар, келишувлар ва янги ташаббуслар
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-октябр куни рафиқаси, биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқарага борди. Уни аэропортда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Ташриф давомида Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Музокаралар якунида икки давлат бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзолади.
Президент Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилди. Бундан ташқари, Туркияда яшовчи ўзбекистонликлар билан учрашиб, уларнинг аҳволини сўради.
Анқара сафари Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити билан давом этди. Мирзиёев саммитда туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.
Улардан бири — «Туркий дунё – 100» дастури. У юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олиши кўзда тутилган. Шунингдек, «Ўрта коридор» ва бошқа транспорт йўлакларини ягона иқтисодий тизимга айлантириш, туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи ва Туркий туризм альянсини ташкил этиш таклиф қилинди.
Саммитда яна бир муҳим ташаббус — 2027-йилни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш масаласи илгари сурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари туркий давлатлар ўртасида ID-карта орқали сафар қилиш имкониятини кенгайтириш, чегарадан ўтиш ва давлатлар ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштиришни таклиф қилди.
«Док-1 Макс» жабрланувчиларига 65,2 млрд сўм бюджетдан тўланди
«Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан жабрланган болалар оилаларига тўланмай қолган компенсациянинг асосий қисми давлат бюджетидан қопланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бунинг учун 65,2 миллиард сўм ажратилган.
Суд ҳужжатларига кўра, 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация ундирилиши белгиланган эди. Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш чўзилгани сабабли аввалиги атigi 16,8 миллиард сўми тўланган.
Ҳозирга қадар 88 нафар жабрланувчининг оилаларига жами 80 миллиард сўм берилган. Жумладан, вафот этган 72 боланинг оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ёки даволанаётган 16 боланинг оилаларига эса 7,8 миллиард сўм тўланган. Қолган 2 миллиард сўм банк карталари билан боғлиқ техник муаммолар ҳал қилингач, яна икки боланинг оилаларига берилади.
Бюджетдан ажратилган маблағ кейинчалик айбдорларнинг мол-мулкини сотиш ва улардан ундириладиган пуллар ҳисобидан давлатга қайтарилиши айтилган. Вазирлик жабрланган оилаларга қўшимча тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам олиб борилаётганини билдирди.
Тошкентда иситиш қачон бошланади?
Ҳаво анча совиб қолди. Кузнинг иккинчи ойи ниҳоясига етаётганига қарамай, ҳали айтарли ёмғир ҳам ёққани йўқ. Айниқса, иссиқлик тизими бир вақтда ёқиладиган кўп қаватли уйларда совуқ аллақачон сезила бошлади. Кўпчиликни эса битта савол қизиқтиряпти: уйларни иситиш қачон бошланади?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, иситиш мавсумини бошлаш учун ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун давомида +8 даражадан паст бўлиши керак. Ҳозирча иситишни ёқишнинг аниқ санаси белгиланмаган. Ҳокимлик об-ҳаво кескин совиб кетса, иссиқлик беришни бошлаш қарори кечиктирилмаслигини билдирган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ўтган йиллардаги каби ҳақиқий об-ҳаво шароитлари ҳам инобатга олинади. Агар пойтахтда ҳаво кескин совиб кетса, иссиқлик узатишни бошлаш тўғрисидаги қарор кечиктирилмайди ва иситиш мавсуми эртароқ бошланиши мумкин.
Иситиш мавсуми бошланишини кутаётган пайтда эса хавфсизликни ҳам унутманг. Ҳаво совиб, иситиш мосламаларидан фойдаланиш ортмоқда. Бундай пайтда хавфсизлик қоидаларига бепарво бўлманг.
25-октябр куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида ис газидан 6 киши вафот этди, яна 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳодиса таъмирланаётган хусусий уйда юз берган. Дастлабки маълумотларда иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермагани ва газ тармоғига тегишли техник шартларсиз улангани айтилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Teglar






