Logo

Ўзбекистонда сувдан қарздорларнинг электр энергияси учун тўлов қилиши чекланади

Kecha 10:162 daqiqa

Чеклов қарз пайдо бўлиши билан дарҳол эмас, балки ўз вақтида тўланмаган қарздорлик миқдорига қараб нотариус ёки суд орқали ундирувга қаратилганидан сўнг қўлланади.

Ўзбекистонда сувдан қарздорларнинг электр энергияси учун тўлов қилиши чекланади

Ўзбекистонда 2027-йилнинг 1-январидан бошлаб ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарзи бор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти автоматик тарзда чекланади. Бу ҳақда 30-октябр куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» компанияси маълум қилди.

Янги тартиб юзасидан компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ислом Абдуллаев тушунтириш берди. Унинг таъкидлашича, қарздорлик юзага келиши билан истеъмолчи автоматик равишда тармоқдан узилмайди, балки унга вақт берилади.

«Агар тўловлар амалга оширилмаса, қарздорлик вужудга келса, огоҳлантирилиб, тўлов қилишга беш кун муддат берилади. Шунда ҳам қарздорлик бартараф этилмаса, амалдаги тартибда хизмат кўрсатиш чекланади ва қарздорликни ундириш бўйича амалий чоралар кўрилади», — деди Ислом Абдуллаев.

Ундирув жараёни ва босқичлари

Мазкур чеклов қарз пайдо бўлиши билан дарҳол эмас, балки нотариус ёки суд орқали ундирув жараёни тўлиқ ўтказилганидан кейингина қўлланади. Ундирув жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

Дастлаб истеъмолчига ёзма огоҳлантириш юборилади.

Огоҳлантириш берилгач, беш иш куни ичида қарз тўланмаса, мажбурий ундирув бошланади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача (440 миллион сўмгача) бўлган қарздорлик нотариус орқали ижро хатини расмийлаштириш йўли билан ундирилади.

Қарз БҲМнинг 1000 бараваридан ортиқ бўлганда эса суд тартибида кўриб чиқилади.

Нотариал ёки суд жараёни якунланганидан сўнг, ижро ҳужжати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюросига юборилади.

Агар истеъмолчи белгиланган муддат ичида ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажармаса, шундан сўнггина унинг электр энергияси учун тўловларни амалга ошириши автоматик чеклаб қўйилади.

Электр энергияси ҳисобини тўлдириш имконияти пайдо бўлиши учун ичимлик суви ва канализация бўйича қарздорлик тўлиқ бартараф этилиши зарур. Бу механизм тўғридан тўғри чироқни ўчиришни эмас, тўлов қилишни чеклашни англатади. Бироқ олдиндан тўлов асосида ишловчи ҳисоблагичлари бор истеъмолчилар ҳисобини тўлдира олмагани сабабли, мавжуд баланс тугаганидан кейин тармоқдан автоматик узилиб қолади.

rasm



Истиснолар ва аввалги тажриба

Ушбу тартиб Ўзбекистон президентининг 2026-йил 24-июлдаги ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантиришга қаратилган 140-сонли фармони асосида жорий этилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига («Ижтимоий реестр») киритилган оилалар бундан мустасно бўлиб, уларга нисбатан мазкур чеклов қўлланмайди.

Ўзбекистонда бошқа коммунал хизматлар бўйича қарздорликни ундиришда ҳам электр энергияси учун тўловни чеклаш механизми аллақачон ишламоқда.

Хусусан, 2025-йил 1-августдан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қарзи бор истеъмолчиларга, 2026-йил 1-июлдан эса Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйларнинг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича мажбурий бадаллардан қарздорлик ҳолатларида ҳам электр тўловини чеклаш тартиби амал қилиб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid