add

«Буюк файласуф Дугин ҳақ» — собиқ боксчи Валуевнинг ҳам таҳдидли видоеси пайдо бўлди

Россиялик собиқ профессионал боксчи ва Давлат думаси депутати Николай Валуев Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус операциялар» олиб борилиши кераклигини айтди. Собиқ спортчининг ушбу фикрларига ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев жавоб қайтарди.

«Буюк файласуф Дугин ҳақ» — собиқ боксчи Валуевнинг ҳам таҳдидли видоеси пайдо бўлди

Сўнгги вақтларда Россиядаги айрим сиёсий ва медиа доира вакилларининг Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги ва суверенитетига таҳдид қилиб берган баёнотлари кўпаймоқда ва бу кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Россиялик собиқ боксчи ва сиёсатшунос Николай Валуев ҳам Марказий осиё давлатларига таҳдид қилди. У Путинга яқинлиги билан танилган файласуф Александр Дугин ғояларини қўллаб-қувватлаб, Украинада амалга оширилаётган «махсус ҳарбий операция»лар собиқ совет республикаларида ҳам ўтказилиши кераклигини айтди.

«Бизни ҳали бир нечта махсус операциялар кутмоқда. Буюк файласуф Дугин ҳақ. Биз 30 йил давомида постсовет республикаларига «ширинликлар» улашдик, лекин бу ёрдам бермади. Энди қамчи керак бўлади. Шунинг учун ёшларни тайёрламоқдамиз. Зумерларга спорт залига боришни ва эркакларга хос спорт турлари билан шуғулланишни маслаҳат бераман. Улар учун ҳам қаҳрамонлар даври келади, ва тез орада», — деди Валуев.

Ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев Валуевнинг сўзларига жавобан уни жангга чақирди. Чагаев Валуевнинг чиқишини ҳақоратли деб баҳолаб, бу каби фикрлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳозирги ижобий муносабатларга путур етказишини таъкидлади.

«Менимча, бу сунъий интеллект бўлса керак. Агар унақа бўлмаса, ўзбек халқидан узр сўрайман, унга ўша пайтда теккан зарбаларим энди таъсир қиляпти, шекилли. Валуевнинг калласини жойига қўйиш учун битта жанг керак бўлса, мен тайёрман. Бу сафар, Худо хоҳласа, жангдан кейин у бутун Марказий Осиёни яхши кўради ва бунақа бемаза гаплар гапирмайди», — деди Руслан Чагаев.

Аввалроқ, «Рус дунёси» ғоясининг асосий мафкурачиси, файласуф Александр Дугин Марказий Осиё ва бошқа собиқ СССР ҳудудларининг суверенитетини инкор этиб, Россия уларни ўз назорати остига олиши кераклигини айтган эди. Унинг фикрича, акс ҳолда бу ҳудудлар Ғарб давлатлари учун геосиёсий таянч нуқтага айланади.

Ундан олдинроқ эса россиялик тележурналист Владимир Соловёв ҳам Марказий Осиё ва Арманистонни Россия миллий хавфсизлиги учун муҳим ҳудудлар сифатида таърифлаб, бу минтақаларда ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказиш кераклигини айтган. У халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқчасига иккинчи даражага суриш кераклигини таъкидлаган.

Соловёвнинг ушбу фикрларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова муносабат билдириб, журналистнинг баёнотларини унинг шахсий қарашлари сифатида баҳолаган.

Теглар

Мавзуга оид