Анимацион филмлар: «Катталар»нинг ҳам севимли жанри кино бозорини эгалламоқда
Анимацион филмлар одатда болалар аудиторияси учун яратилади, бироқ бугунги кунда улар барча ёшдаги томошабинлар орасида энг оммабоп жанрлардан бирига айланди. 1995-йилда анимацион филмларнинг кино бозоридаги улуши атиги 2,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2024-йилга келиб бу кўрсаткич 10 баробарга ўсди.

Сўнгги йилларда кино саноатида диққатга сазовор тенденсия кузатилмоқда: анимация жанри нафақат болалар учун мўлжалланган контент, балки глобал кино бозорининг энг даромадли сегментларидан бирига айланди. Касса тушумлари, франшизаларнинг узоқ умри ва халқаро аудиториянинг кенглиги мултфилмларни Ҳолливуд ва бошқа кинобозорлар учун стратегик маҳсулотга айлантирди.
Кассадаги портлаш
1995-йилда АҚШ ва Канада кино бозорида анимацион филмлар улуши атиги 2,8 фоизни ташкил этган. 2024-йилга келиб эса бу кўрсаткич қарийб ўн баравар ўсиб, 23,9 фоизга етди.

Бу тенденсияга катта блокбастерлар туртки берди. Масалан, 2024-йилда «Бошқотирма 2» (Inside Out 2) 1,7 млрд доллар даромад қилиб, тарихдаги энг муваффақиятли анимацион филмлардан бири бўлди. 2025-йил бошида эса уни Хитойнинг фантастик анимацион филми «Нежа» (Ne Zha 2) ортда қолдирди — у 2 млрд доллардан ортиқ даромад қилди. Бугунгача фақат олтита филмгина 2 млрд долларлик маррани босиб ўтган.
Яқин орада бу натижани «Ҳайвонлар шаҳри 2» (Zootopia 2) ҳам ортда қолдириши мумкин: ноябр ойида намойиш этилган бу филм ҳозиргача 1,9 млрд доллар даромад қилди.
Хўш, анимация қандай қилиб кино индустриясининг шунчалик жозибадор жанрига айланди?
Анимациянинг муваффақияти тасодифий эмас. Биринчи сабаб — сюжет ва мавзуларнинг универсаллиги. Кўплаб мултфилмлар сиёсий ёки маданий зиддиятлардан қочиб, инсонга хос умумий ҳиссиётларга таянади: ўсиш, дўстлик, йўқотиш, ўз ўрнини топиш. Шунинг учун улар турли мамлакатлардаги томошабинларга бирдек таъсир қилади.
Энг яхши филмлар 2011-йилда «Pixar» студиясида сториборд рассоми бўлиб ишлаган Эмма Коутс ишлаб чиққан «Ҳикоя яратишнинг 22 қоидаси»га амал қилади. Бу қоидалар қаҳрамоннинг ички кечинмалари ва унинг мураккаб синовлар орқали ўзгаришига катта аҳамият беради.

Шунда томошабинлар қаҳрамонни муваффақиятлари учун эмас, балки ҳаракат қилиб, уриниб кўргани учун кўпроқ қадрлайди. Таъсир кучли бўлиши учун эса бош қаҳрамон олдига қийин ва деярли енгиб бўлмас тўсиқлар қўйилади.
Бу қоидалар «Pixar» студиясининг «Ўйинчоқлар тарихи» (Toy Story), «Немони излаб» (Finding Nemo) ва «Бошқотирма» (Inside Out) каби машҳур филмларида яққол кўринади. Ҳатто бу формула интернетда машҳур мемга ҳам айланган: «Агар ўйинчоқларда ҳис-туйғулар бўлсачи? Агар балиқларда ҳис-туйғулар бўлсачи? Агар туйғуларнинг ўзида ҳам туйғулар бўлса-чи?» каби.

Иккинчи сабаб — анимациянинг глобал миқёсда тушунарли бўлиши. Болалар учун мўлжаллангани сабабли, бундай филмларда одатда баҳсли ёки сензурани қўзғатиши мумкин бўлган саҳналар кам бўлади.
Шу билан бирга, анимация маданий чегараларни осон кесиб ўтади. Энг муваффақиятли сюжетлар оддий ғояларга ёки маданиятга боғланмаган фантастик муҳитга асосланади.
Қаҳрамонлар эса услубий жиҳатдан содда тасвирланади, аммо таъсирчан чеҳраларга эга бўлади. Масалан, «Рататуй» (Ratatouille) филмидаги Реми қаҳрамонининг ҳайратга тўла катта кўзлари ёки «Валли» (Wall-E) филмидаги деярли гапирмайдиган, аммо жуда ҳиссиётли роботлар.
Учинчи омил — филмларни намойишга чиқариш вақтининг тўғри танланиши. Кино студиялари мултфилмларни одатда мактаб таътиллари, байрамлар ёки ёзги дам олиш мавсумларида намойишга чиқаради. Бу эса оилалар учун кинотеатрга боришни қулай дам олиш форматига айлантиради.

«Ampere» медиа-таҳлил компанияси вакили Оливия Диннинг айтишича, кинотеатрга бориш — болаларини бир неча соатга уйдан чиқариб, вақтларини қизиқарли ўтказишни истаган ота-оналар учун жуда қулай ечим. Шунингдек, моҳир ссенарий муаллифлари анимацион филмларга катталар ҳам кулги билан қабул қиладиган ҳазилларни ҳам қўшиб қўяди.
Пандемиядан кейин стриминг платформаларига тўғридан-тўғри чиқариладиган мултфилмлар сони ҳам камайди. Агар 2022-йилда студиялар чиқарган анимацион филмларнинг 44 фоизи стримингга юборилган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич 8 фоизга тушди. Бу кинотеатр формати яна аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

Анимациянинг яна бир иқтисодий афзаллиги — франшизалар. Бир марта машҳур бўлган қаҳрамонлар ўнлаб йиллар давомида янги филмлар, сериаллар ва товарлар орқали даромад келтириши мумкин.
Масалан, «Ўйинчоқлар тарихи 5» (Toy Story 5) нафақат янги авлод томошабинлари, балки 1995-йилда биринчи қисмини кўрган катта ёшли аудиторияни ҳам кинотеатрларга қайтариши мумкин. Бу — носталгия маркетингининг кучли намунасидир.
2026-йил анимацион филмлар учун янада омадли келиши мумкин
2026-йил анимация жанри учун тарихдаги энг даромадли йиллардан бирига айланиши кутилмоқда. Яқин ойларда кинотеатрларга бир қатор йирик анимацион лойиҳалар чиқиши режалаштирилган.
6-март куни намойишга чиқадиган «Hoppers» филми «Disney» ва «Pixar» студияларининг янги лойиҳаси бўлиб, у инсон онгини робот бобёр танасига «кўчириш» орқали ҳайвонлар дунёси билан мулоқот қилиш ғоясига асосланган.

Йил давомида эса бир нечта йирик франшизаларнинг янги қисмлари чиқиши кутилмоқда. Хусусан, ёз ойларида «Яхши бўлиш осонми» (Despicable Me) ва «Посбон кучукчалар» (Paw Patrol) франшизаларининг навбатдаги филмлари намойиш этилади.
Шунингдек, «The Super Mario Galaxy Movie» ва «Toy Story 5» филмлари ҳам катта қизиқиш билан кутилмоқда. Мутахассислар бу икки филмнинг ҳар бири жаҳон прокатида 1 млрд доллардан ортиқ даромад келтириши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Йил бошида намойиш этилган «Goat» аниматцион комедияси ҳам яхши натижа кўрсатди. Турли туёқли ҳайвонлар профессионал спорт билан шуғулланса нима бўлар эди, деган ғояга асосланган филм ҳозиргача 130 млн доллар даромад қилиб, йилнинг энг кўп касса йиғган иккинчи филмига айланди.
Мутахассислар фикрича, шу каби йирик премералар ва машҳур франшизаларнинг давоми 2026-йилни аниматция жанри учун энг муваффақиятли йиллардан бирига айлантириши мумкин.

Бир вақтлар «ҳайвонлар ва болалар билан филм қилиш хавфли» деган Ҳолливуд қоидаси мавжуд эди. Аммо анимация индустрияси бу стереотипларни бузмоқда ва ҳозирча кино бозорининг энг ишончли жанрларидан бири бўлиб қолмоқда.
Teglar






