АҚШ «Binance»нинг Эрон билан эҳтимолий алоқасини текширмоқда

Bugun 08:152 daqiqa

Вашингтон криптобиржа орқали санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида амалга оширилган, қиймати миллиард долларлик шубҳали транзакцияларни ўрганмоқда.

АҚШ «Binance»нинг Эрон билан эҳтимолий алоқасини текширмоқда

АҚШ Адлия вазирлиги Эроннинг Америка санкцияларини четлаб ўтишда «Binance» криптовалюта платформасидан фойдаланган бўлиши мумкинлиги юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар берди.

Миллиард долларлик шубҳали транзакция

Маълумотларга кўра, текширув биржа платформаси орқали амалга оширилган ва Эрон билан боғлиқ деб тахмин қилинаётган 1 миллиард долларлик операциялар атрофида бошланган. Илгари компания ушбу транзакциялар бўйича ички суриштирув ўтказган, аммо кейинчалик уни тўхтатган.

Ҳозирча Адлия вазирлиги текшируви тўғридан-тўғри «Binance» фаолиятига қаратилганми ёки фақат унинг айрим мижозлари иштирокидаги операцияларни қамраб олганми — бу масала аниқ эмас.

Ички суриштирув

Нашр манбаларига кўра, идора вакиллари Эрон иштирокида амалга оширилган бўлиши мумкин бўлган транзакциялар ҳақида маълумотга эга шахсларни сўроқ қилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати биржадан «Эрон транзакциялари»га оид маълумотларни тақдим этишни талаб қилган.

Нашр қайд этишича, ўтган йил ноябр ойида ўтказилган текширув давомида хитойлик мижозлардан Эрон фойдаланадиган рақамли ҳамёнларга 1,7 миллиард доллар ўтказилгани аниқланган. Ушбу маблағнинг 1 миллиард доллардан ортиғи Гонконгда жойлашган «Blessed Trust» тўлов компанияси орқали ўтган.

Ушбу ҳолат ортидан бир неча ходим «Binance» компаниясини тарк этган. Журналистлар бу ишдан бўшатиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган бўлса, компания вакиллари ходимлар ишни ўз хоҳиши билан тарк этганини билдирмоқда.

Компаниянинг муносабати

Биржа расмийлари «Binance» санкция остидаги ташкилотлар билан ҳеч қандай тўғридан-тўғри операцияларга киришмаслигини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid