«Ezgulik» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга маъмурий иш қўзғатилди

10.03.2026 | 13:552 daqiqa

Ҳарбий прокуратура Абдураҳмон Ташановга нисбатан ёлғон хабар тарқатиш бўйича маъмурий иш қўзғатди.

«Ezgulik» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга маъмурий иш қўзғатилди

Ҳарбий прокурор полковник Отабек Холбоевнинг 2026 йил 28 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари «Ezgulik» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 202(2)-моддаси 1-қисми (Ёлғон хабар тарқатиш) асосида маъмурий иш қўзғатилган. Дастлабки суриштирувни Ҳарбий прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчиси, подполковник Тимур Муҳитдинов олиб борган.

Маъмурий иш материалларига кўра, Ташанов ўзининг «Facebook» саҳифасида бир нечта постлар эълон қилган. Жумладан, 2025 йил 11 декабрда «Икки мулозим давлатга хоинликда айбланган», 2026 йил 8 январда «Ваҳшиёна қийноқ, зўраки иқрорликлар. Маҳкум аҳволи оғирлигини иддао қилмоқда» ҳамда 2026 йил 3 февралда «Ваҳшиёна қийноқ, халқаро ташкилот баёноти ва прокурорнинг журъати» номли постлар жойлаштириб, Ўзбекистон Республикасининг қонуний равишда сайлаб қўйилган ҳокимияти ва орган вакилларининг қадр-қиммати камситилиши ва обрўсизланишига олиб келадиган ахборотларни тарқатган.

Шунингдек, Ташанов «Ozodlik Radiosi»нинг YouTube платформасидаги «Офис қурбони: Алламжоновга қарши кўрсатма учун қийнашди» номли кўрсатувга интервю бериб, ёлғон ахборот тарқатгани таъкидланмоқда.

Айни пайтда, фуқаро Нозим Абдуллаевнинг иддаолари ҳам иш материалларида тилга олинган. Унинг айтишича, у Давлат хавфсизлик хизмати тергов бошқармасида юқори лавозимли шахсларга қарши кўрсатма беришга мажбурлангани ва қийноқларга дучор бўлгани ҳақида инсон ҳуқуқлари «Ezgulik» жамиятига мурожаат қилган.

Абдураҳмон Ташанов эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўз постлари мурожаатлар ва расмий ҳужжатларга асосланганини билдирган. Унинг таъкидлашича, мазкур мурожаатлар муаллифи томонидан Президентдан тортиб Омбудсмангача бўлган ўндан ортиқ идораларга бир йил давомида юборилган.

Шу билан бирга, Ташанов ўз чиқишлари бўйича оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотлар юзасидан тегишли экспертиза марказларида ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар борлигини айтган.

«Менинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларим юзасидан тегишли экспертиза марказларида ўрганишлар олиб борилаётганига оид маълумотлар мавжуд. Менга бу ҳақда айтишди, эҳтиётингизни қилинг, дейишди.

Қонундан паноҳ сўраш, ўзимни маҳкамада ҳимоя қилишдан ўзга эҳтиётим йўқ», — деб ёзади Ташанов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида.

Маълумот учун, аввалроқ Франция ҳукумати томонидан Абдураҳмон Ташановга инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги фаолияти учун берилган «Озодлик, тенглик, биродарлик» мукофоти пуллари ҳам Ўзбекистонда тўсиб қўйилган эди. Шунингдек, ташкилотнинг Олий Мажлис қошидаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказиб келинадиган танловда ютиб олган ва коррупцияга қарши курашни кўзда тутувчи 500 миллион сўмлик қонуний грант маблағи номаълум сабабларга кўра ўтказиб берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid