Исроилдаги ўзбекистонликлар яна огоҳлантирилди
Исроилда ракета ҳужумлари кучайиши фонида элчихона фуқароларни хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.

Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги элчихонаси мамлакат ҳудудида хавфсизлик вазияти кескинлашгани муносабати билан у ерда яшаётган ёки бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.
Сўнгги вақтларда Исроилнинг турли ҳудудларида ракета ҳужумлари содир бўлиб, айрим ҳолларда ракета парчалари сабаб одамлар жароҳат олгани қайд этилмоқда.
Шу муносабат билан дипломатик ваколатхона барча фуқароларни Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан берилаётган расмий кўрсатмаларга қатъий амал қилишга чақирди. Элчихона хавфсизлик чораларига риоя қилиш ҳаётни сақлаб қолишда муҳим омил эканини таъкидлаган.
Хусусан, ҳаво ҳужуми ҳақида сигнал берилганда ёки сирена эшитилганда фуқаролар дарҳол энг яқин ҳимояланган жойга кириши керак. Расмий идоралар томонидан рухсат берилмагунча бундай паноҳ жойларни тарк этмаслик ҳам тавсия этилган.
Шунингдек, элчихона фуқароларга расмий ахборот манбалари ва фавқулодда кўрсатмаларни мунтазам кузатиб боришни маслаҳат берган. Бу эса вазият ҳақида аниқ маълумот олиш ва хавфсизлик чораларини ўз вақтида кўриш имконини беради.
Маълум қилинишича, 9 март ҳолатига кўра, Исроилдаги Ўзбекистон фуқаролари орасида жароҳат олганлар ҳақида элчихонага расмий маълумот келиб тушмаган.
Дипломатик ваколатхона барча фуқароларга хавфсизлик қоидаларига амал қилаётгани учун миннатдорлик билдириб, вазият барқарорлашгунча эҳтиёткорликни сақлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 28 феврал куни AQ ва Исроил Эронга қарши ҳаво ҳужумларини бошлаган эди. Эрон ҳам бунга жавобан Исроил ҳудудларига ва АҚШ'нинг ҳарбий базалари жойлашган бошқа Яқин Шарқ мамлакатларига ҳаво ҳужумларини уюштирмоқда.





