Метан «заправка»лар фаолиятига яна чеклов киритилди

10.03.2026 | 11:181 daqiqa

Ҳаво совиши туфайли аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан «заправка»лар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади.

Метан «заправка»лар фаолиятига яна чеклов киритилди © Foto: Vaqt.uz

Ўзбекистонда 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан газ қуйиш станциялари фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши туфайли мамлакатда табиий газ истеъмоли кескин ортган. Натижада магистраль газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда.

Вазирлик маълумотига кўра, бундай шароитда асосий мақсад аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлашдан иборат. Шу боис, газ ресурслари биринчи навбатда уй хўжаликлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий муассасалар эҳтиёжларига йўналтирилади.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари ва жамоат транспорти учун газ таъминоти чекловларсиз давом эттирилиши таъкидланди.

Мутахассислар фикрича, ҳарорат пасайган даврларда газ истеъмоли кескин ошиши табиий ҳолат ҳисобланади. Шу сабабли қувурлардаги босимни барқарор сақлаш ва аҳолига узлуксиз газ етказиб бериш мақсадида метан заправкалари фаолиятига вақтинча чекловлар жорий этиб турилади.

«Келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилган вазирлик хабарида.

Teglar

Mavzuga oid