Минобдаги мактабга АҚШ ракеталари билан зарба берилгани аниқланган — ОАВ

09.03.2026 | 16:153 daqiqa

Янги текширувлар Эроннинг Миноб шаҳрида 175 киши ҳалок бўлган мактаб ҳудудига АҚШнинг Tomahawk ракета зарбаси берилган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Минобдаги мактабга АҚШ ракеталари билан зарба берилгани аниқланган — ОАВ

Эроннинг «Меҳр» ахборот агентлиги Миноб шаҳридаги мактабга берилган зарбага оид янги видео далилларни эълон қилди. Унга кўра, мактаб яқинидаги денгиз базасига Tomahawk қанотли ракета келиб урилаётгани акс этган. Ҳодиса оқибатида 175 киши, жумладан кўплаб болалар ҳалок бўлгани хабар қилинган.

«Bellingcat» тадқиқот гуруҳи аввал бу видеони аниқлаштириб, унинг жойлашувини текширган. Кейинчалик «Nеw York Times» ҳам мустақил таҳлил ўтказиб, видеодаги объектларни сунъий йўлдош тасвирлари билан таққослаган. Солиштириш натижалари видео Миноб шаҳридаги зарбалар жойида олинганини кўрсатган.

Кадрларда база яқинидаги қурилиш майдони, чанг босган тупроқ йўл ва вайроналар аниқ кўринади. Бу белгилар сунъий йўлдош тасвирларидаги манзаралар билан мос келган.

Зарба ва унинг оқибатлари

Таҳлилларга кўра, видеода кўринган ракета Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига қарашли денгиз базасидаги тиббий клиника деб таърифланган бинога урилган. Зарба берилган заҳоти бинодан кучли тутун ва вайроналар осмонга кўтарилган.

Камера бурилганда эса база яқинида жойлашган бошланғич мактаб томонида катта чанг ва тутун булутлари кўтарилаётгани кўринади. Бу ҳолат мактабга ҳам зарба берилганини англатади.

Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, база ҳудудидаги яна бир неча бино ҳам аниқ йўналтирилган зарбалар билан вайрон қилинган. Бироқ ҳужум қандай аниқ амалга оширилганини тўлиқ тасдиқлаш қийин. Чунки мустақил журналистлар ҳали воқеа жойига кириб бора олмаган.

«Nеw York Times» видеода кўринган қурол Tomahawk қанотли ракета эканини аниқлаган. Бу турдаги ракета ҳозирча фақат АҚШ ҳарбийлари томонидан ишлатилади. У Исроил ёки Эрон армиясида мавжуд эмас.

28 феврал куни Эронга қарши операция бошланганида АҚШ денгиз флоти кемаларидан бир нечта Tomahawk ракеталари учирилгани ҳақида ҳам расмий маълумотлар эълон қилинган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Tomahawk ракеталарини «узоқ масофали ва юқори аниқликка эга» қурол сифатида таърифлайди. Бу ракета тахминан 1600 километр масофагача учиши мумкин. Уларнинг энг кўп қўлланадиган версияларида 136 килограмм портловчи модда бўлади.

Қурол бўйича экспертлар ҳам видеодаги ракета Tomahawk эканини таъкидлаган. АҚШ армиясининг портловчи қурилмалар бўйича собиқ мутахассиси Тревор Балл ва хавфсизлик соҳаси эксперти Крис Соб-Смит шундай хулосага келган.

АҚШ расмийларининг баёнотлари

АҚШ Қуролли кучлари штаблари бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дан Кейн ҳам операция ҳақида маълумот берган. У матбуот анжуманида Эрон жанубида, жумладан Ҳўрмуз бўғози атрофидаги ҳудудларда зарбалар берилганини тасдиқлаган.

Генералнинг сўзларига кўра, урушнинг дастлабки соатларида АҚШ денгиз флоти кемаларидан Tomahawk ракеталари учирилган. Бу зарбалар Эроннинг денгиз ҳарбий салоҳиятини пасайтиришга қаратилган бўлган.

Айбловлар ва сиёсий баҳслар

7 март куни президент Доналд Трамп журналистлар саволларига жавоб бериб, мактабга берилган зарба учун Эронни айблади. У бу ҳақда «мен кўрган маълумотларга кўра, буни эронликлар қилган» деган.

Бироқ Трамп бу даъволарини тасдиқлайдиган далил келтирмаган. Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет эса ҳозирча ҳодиса юзасидан текширув олиб борилаётганини айтган.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит ҳам бу масалада якуний хулоса чиқарилмаганини маълум қилган.

Тергов давом этмоқда

Reuters нашри манбаларига кўра, АҚШ ҳарбий терговчилари ҳам ҳодисани ўрганмоқда. Айрим манбалар 28 феврал куни Минобдаги мактабга берилган зарба учун катта эҳтимол билан АҚШ кучлари масъул бўлиши мумкинлигини билдирган.

Ҳозирча воқеа юзасидан расмий якуний хулоса эълон қилинмаган. Бироқ янги видеолар, сунъий йўлдош тасвирлари ва эксперт таҳлиллари ҳодисага оид саволларни янада кўпайтирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid