Олтин нархи рекорд даражага етганда Ўзбекистон нега экспортни тўхтатди?

Kecha 12:555 daqiqa

Жаҳон бозорида олтин нархи рекорд даражада ошмоқда. Шу фонда Ўзбекистон тўрт ойдан бери олтин экспорт қилмаяпти.

Олтин нархи рекорд даражага етганда Ўзбекистон нега экспортни тўхтатди?

Ўзбекистон кетма-кет тўрт ой давомида олтин экспорт қилмади. Мамлакат сўнгги марта 2025 йил сентябр ойида 1,47 млрд долларлик олтин сотган, октябр ойида эса жуда кичик ҳажмда — 0,3 млн долларлик экспорт қайд этилган. Шундан кейин эса ташқи бозорларга олтин етказиб бериш вақтинча тўхтаб қолди.

Қизиғи шундаки, экспорт тўхтаган давр айнан жаҳон бозорида олтин нархлари доимий ўсиб бораётган вақтга тўғри келмоқда.

Шунга қарамай, 2025 йил якунига кўра Ўзбекистон қимматбаҳо металл экспортида рекорд кўрсаткичга эришди. Йил давомида жами 9,9 млрд доллардан ортиқ олтин экспорт қилинди. Натижада олтиннинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 29,2 фоизни ташкил этди.

2026 йил январ ойида ҳам олтин экспорти амалга оширилмади. Қизиғи шундаки, сўнгги икки йил давомида йилнинг биринчи ойида Ўзбекистон олтин сотмаган. Фақат 2023 йил январ ойида 1,2 млрд долларлик олтин экспорт қилинган эди.

oltin ex 01

Манба: Vaqt.uz

Шу билан бирга, январ ойида мамлакатга 6,1 млн долларлик монетар бўлмаган олтин импорт қилинди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида олтин импорти 44,3 млн долларни ташкил қилган.

 

Олтин нархи рекорд даражада ошмоқда

Олтин экспортининг тўхтаб туриши жаҳон бозорида нархлар кескин ошиб бораётган даврга тўғри келмоқда. Масалан, ойлик ўртача нарх 2025 йил сентябр ойида 3 700 доллар атрофида бўлган бўлса, 2026 йил январ ойига келиб 4 700 долларгача кўтарилган.

Умуман олганда, 2025 йилда олтин нархи сезиларли ошиб, бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Йил бошида қимматбаҳо металлнинг глобал нархи бир трой унсия учун тахминан 2 650 доллар эди. Кейинчалик нарх кескин кўтарилиб, қарийб 4 500 долларгача етди. 2026 йилга келиб эса олтин нархи 5 600 долларгача чиқиб, янги рекорд даражани қайд этди.

Нархларнинг ошишига геосиёсий вазият ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, АҚШ ва Исроил томонидан Эронга берилган йирик зарбалар ҳамда Эрон олий раҳнамоси ойатуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ортидан глобал бозорларда хавотир кучайиб, олтинга бўлган талаб ошди.

Ҳозирда дунё бозорида олтиннинг нархи 5 212 доллар атрофида шаклланмоқда

oltin ex 02

Манба: Investing.com

«Reuters» нашрининг ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари жаҳон бозорларида ноаниқликни кучайтирган ва инвесторлар қимматбаҳо металларни ҳимоя активлари сифатида янада диққат билан кузатмоқда.

Хусусан, 29 январ куни жаҳон бозорида янги нарх рекорди ўрнатилди — трой унсияси 5 559 долларга, бир грамми эса 178,73 долларга етди. Бир кунда қимматбаҳо металл нархи 9,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 80 фоиздан ортиққа қимматлашди.

Маълумот учун, феврал ойи бошида «JP Morgan» банки 2026 йил охиригача олтин нархи бир унсия учун 6 300 долларгача кўтарилиши мумкинлиги ҳақидаги башоратини оширган.

 

Экспорт тўхташи кутилмалар билан боғлиқ бўлиши мумкин — иқтисодчи

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, одатда олтин нархи ошган ойларда экспорт ҳажми ҳам ортиб боради. Яъни қимматбаҳо металл қимматлашган даврда уни ташқи бозорларга чиқариш иқтисодий жиҳатдан мақбул ҳисобланади.

oltin ex 03

Манба: Mirkonomika

Бироқ нарх пасайган ойларда экспортни вақтинча тўхтатиб туриш одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, 2016 йилдан кейинги даврда жами 58 ой давомида Ўзбекистон олтин экспорт қилмаган. Бу умумий ойларнинг қарийб 48 фоизига тенг. Шундан 35 таси айнан олтин нархи пасайган даврларга тўғри келган.

Бундан ташқари, айрим ойлар анъанавий равишда олтин экспорти амалга оширилмайдиган давр ҳисобланади. Масалан, нарх ўсган бўлса ҳам экспорт қилинмаган 23 ойнинг 26 фоизи айнан январ ойига тўғри келади. Бу эса йил бошида экспорт фаоллиги одатда паст бўлишини кўрсатади.

Мутахассиснинг фикрича, 2025 йилнинг сўнгги уч ойида экспортнинг тўхташи йил давомида белгиланган экспорт режаси олдиндан бажарилгани билан ҳам изоҳланиши мумкин. Январ ойида эса одатдаги паст экспорт фаоллиги ёки глобал ноаниқлик фонида олтин нархи яна ошиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар ҳам экспортни вақтинча тўхтатиб туришга сабаб бўлган бўлиши эҳтимол.

 

Ўзбекистон олтин захираларини оширмоқда

Экспорт вақтинча тўхтаган бўлса-да, мамлакат олтин захиралари ўсишда давом этмоқда. 2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро олтин-валюта захиралари 77,08 млрд долларга етди. Бу кетма-кет еттинчи ой янгиланаётган тарихий рекорд ҳисобланади.

Феврал ойида мамлакат захиралари 2 млрд долларга ёки 2,7 фоизга ошган. Йил бошидан бери эса ўсиш 16,2 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2013 йилдан бери эълон қилинаётган статистикадаги энг юқори даража ҳисобланади.

Жаҳон бозорида нархлар ошиши фонида олтин захиралари қиймати ҳам 2,7 млрд долларга ёки 4,1 фоизга ошиб, 67,7 млрд долларга етди. Ҳозирда олтин мамлакат умумий захираларининг қарийб 87,8 фоизини ташкил этмоқда.

Олтиннинг физик ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Захиралар 12,8 млн трой унсиядан (398,1 тонна) 13,1 млн трой унсиягача (407,5 тонна) кўпайди. Фақат ўтган ой давомида регулятор захираларни тахминан 0,3 млн трой унсияга ёки 9,4 тоннага оширди.

Шу билан бирга, мамлакатнинг валюта захиралари қисқаришда давом этмоқда. Феврал ойида улар 685,9 млн долларга ёки 7,2 фоизга камайиб, 8,84 млрд долларни ташкил қилди. Бунда 1,2 млрд доллар хорижий марказий банклар ва ХВЖда, 6,09 млрд доллар эса хорижий банкларда жойлаштирилган.

Марказий банк сотиб олган хорижий қимматли қоғозлар қиймати эса бироз ошиб, 1,54 млрд долларга етди. Аммо олтин нархининг кескин ошиши туфайли уларнинг умумий расмий захиралардаги улуши 2 фоиздан паст даражада қолмоқда.

 

Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин харидорларидан бири

Яна бир эътиборли жиҳат — Ўзбекистон олтин экспорт қилмаётган бўлса ҳам, уни фаол сотиб олмоқда. 2026 йил январ ойида мамлакат дунёда олтинни энг кўп сотиб олган давлатга айланди.

Ҳисоботларга кўра, марказий банклар томонидан олтин харид қилиш суръати аввалги 12 ойлик ўртача 27 тонна кўрсаткичга нисбатан бироз секинлашган. Январ ойида глобал миқёсда соф олтин харидлари жами 5 тоннани ташкил этган.

Энг йирик харидор эса Ўзбекистон Марказий банки бўлди. Мамлакат октябрдан бери давом этаётган харидлар сериясини сақлаб қолиб, январ ойида яна 9 тонна олтин сотиб олди. Натижада мамлакат олтин захиралари қарийб 399 тоннага етди ва умумий захираларнинг тахминан 86 фоизини ташкил этди.

oltin ex 04

Умуман олганда, январ ойида Марказий ва Шарқий Осиё марказий банклари олтин харидларида етакчилик қилди. Марказий Осиёда эса ҳар икки йўналишда ҳам фаоллик кузатилди: Ўзбекистон 9 тонна олтин харид қилган бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистон ўз захираларини тахминан 1 тоннага камайтирди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 73

Barchasi

Mavzuga oid