Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи уч кундан бери пасаймоқда
3-март куни рекорд даражада ўсган олтин қуймалари нархи кейинги уч кун давомида пасайиш тенденциясини намоён қилмоқда.

Марказий банк 6-март куни амал қиладиган олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қилди.
Унга кўра, 5 гр олтин қуйма нархи 10 394 000 сўмгача тушди.
3-март куни олтин қуймалари нархи рекорд янгилаб, 5 гр кўринишидаги олтин қуймалари биринчи марта 10 млн 864 минг сўмга чиққанди. Охирги уч кунликда эса 5 гр олтин қуйма нархи 470 000 сўмгача арзонлади.

Банклардаги қуймалар қолдиғи ҳақидаги маълумотни Марказий банк расмий сайтидан олиш мумкин.
Нархнинг пасайиш сабаби
Ўзбекистонда олтин қуймалари нархининг пасайиши жаҳон бозоридаги олтин нархи ўзгариши билан боғлиқ.
Яқин Шарқдаги низолар сабаб қимматбаҳо металларга бўлган талаб кутилмаганда пасаймоқда. 3-март куни олтин жаҳон бозорида 4 фоизга арзонлашди.
6-март ҳолатига кўра, олтин бир троя унцияси учун 5110 доллар атрофида сотилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, олтин нархи 5400 доллардан юқорига кўтарилиши учун ҳозирча етарлича талаб мавжуд эмас, чунки облигациялар бозори инвесторлар учун жозибадорроқ бўлиб қолмоқда.
Маълумот учун, олтин нархи бир йил ичида 75 фоизга ўсган.





