Қашқадарёда 1,7 млрд долларлик 195 саноат лойиҳаси ишга туширилади

Мирзиёев вилоят иқтисодиётини жадал ривожлантириш, инвестиция ва иш ўринларини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қашқадарёда 1,7 млрд долларлик 195 саноат лойиҳаси ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ва келгуси устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Қашқадарё катта ҳудуди, бой табиий ресурслари ва ривожланган саноати билан мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,8 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 7,2 фоизга, хизматлар соҳаси 13,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,3 фоизга ўсган.

1

2017–2025 йилларда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3,2 баробарга кўпайиб, 26,9 миллион сўмга етди. Шу даврда ишсизлик даражаси 4,9 фоизга, камбағаллик эса 6,5 фоизгача камайган.

Йирик саноат ва инвестиция лойиҳалари

2026 йилда вилоят иқтисодиётини янада кенгайтириш мақсадида бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, 1,7 миллиард долларлик 195 та саноат лойиҳасини ишга тушириш орқали ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги корхоналар ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мато ва кийим-кечак, гигиеник маҳсулотлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, электр автомобиллари учун қувватлаш станциялари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар барпо этилади.

2

Муборак махсус инновацион саноат зонаси ва Қарши яшил технологиялар саноат зонасини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. 2026–2027 йилларда ушбу зоналарда 1,1 миллиард долларлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 6 мингта янги иш ўрни яратилади.

Қишлоқ хўжалиги ва сув масаласи

Йиғилишда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилгача 200 минг гектар ерни ўзлаштириш, шу жумладан 2026 йилда 15 минг гектар ерни инфратузилма билан таъминлаб, озуқа экинлари, картошка ва сабзавот етиштириш ҳажмини ошириш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, ғалла ҳосилдорлигини 84,8 центнерга, пахта ҳосилдорлигини 47,5 центнерга, картошкани эса 175 центнергача ошириш режалаштирилган.

3

Сув таъминоти вилоят учун энг долзарб муаммолардан бири экани қайд этилди. Шу боис 2026 йилда 320 километр магистраль ва 3,3 минг километр ички каналларни бетонлаш, 16 та насос станциясини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали 800 миллион куб метргача сув тежалиши кутилмоқда.

Туризм ва инфратузилма ривожи

Вилоят туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Қамаши туманида “Майданак” тоғ туризм маркази, Шаҳрисабз туманида “Ғелон” халқаро умуммавсумий курорти ташкил этиш режалаштирилган.

Яккабоғ туманидаги Татар қишлоғида туризмни ривожлантириш, Ҳазрати Султон чўққиси ҳудудида трекинг йўналишлари ва дам олиш масканлари барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Жорий йилда 45 та меҳмонхона ва меҳмон уйи ташкил этилиб, қўшимча 1130 та жой яратилади.

Йиғилиш якунида президент инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid