Россияда «Telegram», «YouTube» ва «WhatsApp»да реклама бериш ноқонуний деб топилди

06.03.2026 | 08:252 daqiqa

Россия Федерал аксилмонополия хизмати ушбу платформалардаги ҳар қандай реклама интеграцияларини қонунбузарлик деб баҳоламоқда: чекловлар нафақат реклама берувчиларга, балки уни тарқатувчиларга ҳам тааллуқли.

Россияда «Telegram», «YouTube» ва «WhatsApp»да реклама бериш ноқонуний деб топилди

«Ведомости» нашрининг ФAХ маълумотларига таяниб хабар беришича, Россия ҳудудида кириш чекланган ёки фаолияти номақбул деб топилган ахборот ресурсларида реклама жойлаштириш тақиқланади. Регулятор бундай ресурслар қаторига «Meta» корпорациясига тегишли «Instagram», «Facebook» ва «WhatsApp»дан ташқари, ҳозирда секинлаштириш чоралари қўлланилаётган «Telegram» ва «YouTube»ни ҳам киритди.

ФAХ вакилларининг таъкидлашича, ушбу майдончалардаги реклама интеграцияларида реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузиш белгилари мавжуд. Бунинг учун ҳам реклама берувчи (буюртмачи), ҳам реклама тарқатувчи (блогер ёки канал эгаси) жавобгарликка тортилади. Ҳозирда идора тегишли асослар мавжуд бўлганда қонунда кўзда тутилган чораларни кўришни бошлаган.

 

«Telegram»ни блоклаш

Айни пайтда «Telegram» мессенжери Россияда расман блокланган эмас, бироқ 2026-йил 10-февралдан бошлаб «Роскомнадзор» унга нисбатан секинлаштириш чораларини қўлламоқда. Фойдаланувчилар медиафайллар ва чатларнинг жуда секин юкланишидан шикоят қилишмоқда. Айрим оммавий ахборот воситаларининг Кремлга яқин манбаларига таяниб хабар беришича, мессенжер 2026-йил 1-апрелдан бошлаб мамлакат ҳудудида тўлиқ тўсиб қўйилиши мумкин.

«Роскомнадзор» ушбу хабарларга нисбатан аниқ инкор ёки тасдиқ бергани йўқ ва аввалги баёнотларга қўшимча қиладиган маълумот йўқлигини билдирди. Блоклаш учун асосий сабаб сифатида мессенжер орқали одамларни, айниқса вояга етмаганларни ноқонуний хатти-ҳаракатларга ёллаш ҳолатлари кўпайгани кўрсатилмоқда. Шунингдек, мессенжер маъмуриятининг Россия қонунчилиги талабларини бажаришдан бош тортиши ҳам асосий омиллардан бири сифатида айтилмоқда.

 

Реклама бозори учун оқибатлар

ФAХнинг ушбу қарори Россия рақамли реклама бозорига жиддий таъсир кўрсатади. Эндиликда блогерлар ва компаниялар юқоридаги платформаларда реклама жойлаштиргани учун йирик жарималарга тортилиши мумкин. Юридик шахслар учун жарима миқдори ҳар бир ҳолат учун 500 минг рублгача, жисмоний шахслар (блогерлар) учун эса 80 минг рублгача этиб белгиланган.

2026-йил 6-март ҳолатига кўра, кўплаб реклама берувчилар ўз бюджетларини маҳаллий «VK» мессенжери («Max») ва «Яндекс» платформаларига йўналтира бошлаган.

Аввалроқ чекловларга қарамай «Telegram» Россияда энг оммабоп мессенжерга айлангани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid