Тошкентда панжаралар нотўғри ўрнатилган бўлиши мумкин – ҳоким ўринбосари
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари 2025-йилда шаҳар ҳокимининг қарори билан қарийб 7 млдр сўм ажратилган панжаралар нотўғри ўрнатилган бўлиши мумкинлигини тан олди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2025-йил май ойидаги қарори билан 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, автомобил йўлларидаги йўналишларни ажратиш учун темир панжаралар ўрнатишга йўналтирилган эди. Бироқ айнан манашу панжаралар нотўғри ўрнатилган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда бугун, 12-март куни Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида ўтаётган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев маълум қилди.
«Ҳар битта кўчалар кесимида ҳали ишлар охирига етмаган. Ҳар бирини қараб чиқяпмиз. Айрим ҳолатларда ростан ҳам панжаралар ўрнатилиши нотўғри бўлиши кутилмоқда. Ҳозир якуний хулосамиз йўқ. Биз ўзимиз учун устуворлик белгилаб олдик: қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак, қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак эмас», – деди Абдураҳмон Бахтиев.
Панжара билан боғлиқ парадокс
Маълумот учун, 2017 йилда Тошкент шаҳар маъмурияти йирик кўчалар ўртасига ўрнатилган металл тўсиқлар, айниқса пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳалар атрофида, ҳайдовчилар учун кўринишни чеклаётганини очиқ тан олган. Кейинчалик, 2018 йилда ЙҲХБ ҳам расмий баёнот бериб, 30 та кўчадаги тўсиқлар ҳаракат хавфсизлигини оширмагани, аксинча, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирганини қайд этган.
2025-йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан темир панжаралар ўрнатиш учун 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўтган йилда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўчалар ўртасига яшил ва бошқа рангдаги тўрли панжара ўрнатишни бошлаган. Бошқарма бунга йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар оқимини тартибга солинган, кесиб ўтиш учун мўлжалланган жойларга йўналтириш мақсадида ўрнатилаётганини сабаб қилиб кўрсатган.
Темир панжараларни ўрнатадиган пудратчи «Qarshi Stroy Sentr» компанияси 2025-йил 10-28-ноябр кунлари Тошкент шаҳри ҳокимияти қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан ўтказилган тўсиқ ўрнатиш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тендер натижаларига кўра, «Qarshi Stroy Sentr» энг юқори балл тўплаган ҳолда ғолиб бўлган ва 6 млрд 6 млн 446 минг 265,20 сўмга (ҚҚС билан) 90 кун ичида қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини олган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Анвархон Темиров ўтган ойда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовдан кўчалар марказига йўналишларни ажратувчи темир панжаралар ўрнатиш қанчалик асосли экани юзасидан тушунтириш талаб қилиб, депутатлик сўрови юборди.





