Европада газ захиралари тарихий минимумга тушди

09.03.2026 | 16:352 daqiqa

Қиш мавсуми давомида омборлардан катта ҳажмда газ олиниши ва импорт муаммолари туфайли Европа захиралари хавфли даражада камайди.

Европада газ захиралари тарихий минимумга тушди

Европа ерости газ омборларидаги захиралар кескин камайиб, 2026 йил март ойи бошига келиб тарихий минимумга яқинлашди. Gas Infrastructure Europe маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи бўйича газ омборларининг тўлдирилиш даражаси 30 фоиздан ҳам пастга тушган. Нидерландияда эса бу кўрсаткич 10 фоиздан ҳам кам бўлиб, март ойи боши учун кузатувлар тарихидаги энг паст даража қайд этилди.

2026 йил 6 март ҳолатига кўра, Европа омборларидаги умумий тўлдирилиш даражаси 29,52 фоизни ташкил этиб, уларда 31,82 млрд куб метр газ сақланаётгани маълум қилинди. Бу эса қиш мавсумида захиралардан фаол фойдаланилганини кўрсатади. Европа омборларидан шу вақтга қадар жами 57,69 млрд куб метр газ олинган.

Нидерландияда газ омборларидан газ олиш мавсуми 2025 йил 6 ноябрда бошланган. Ўша пайтда омборлар 73,14 фоизга тўлган бўлиб, захира ҳажми 9,96 млрд куб метрни ташкил этган. Шу вақтдан буён мамлакат омборларидан 8,61 млрд куб метр газ сарфланган. Ёзда эса омборларга 7,1 млрд куб метр газ қуйилган эди. Қишга тайёргарлик давомида жамланган газ 2026 йил 8 февралга келиб деярли тўлиқ сарфланди.

Европа Иттифоқида газ сақлаш қуввати энг катта бўлган давлатлар Германия, Италия, Нидерландия, Франция ва Австрия ҳисобланади. Улар орасида Германияда омборлар сиғими 23,7 млрд куб метр, Италияда 19,2 млрд, Нидерландияда 13,6 млрд, Францияда 11,9 млрд ва Австрияда 9,5 млрд куб метрни ташкил қилади.

Бироқ ҳозирги кунда бу мамлакатларда ҳам захиралар кескин камайган. Масалан, Германияда омборлар 20,88 фоиз, Францияда 21,72 фоиз, Нидерландияда 9,89 фоиз, Италияда 46,54 фоиз, Австрияда эса 36 фоизга тўлган.

Мутахассислар Буюк Британияда вазият янада мураккаб эканини таъкидламоқда. Мамлакатдаги газ омборлари кичик бўлгани сабабли, уларда қолган захира фақат 1,5–2 кунлик эҳтиёжни қоплаши мумкин.

Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ҳам газ бозорига таъсир кўрсатмоқда. Суюлтирилган табиий газ ташувчи баъзи танкерлар йўналишини ўзгартириб, Осиё бозорига бурилмоқда.

Бу ҳолат Буюк Британияни газ учун юқорироқ нарх тўлашга мажбур қилмоқда. Натижада мамлакатда Европадаги энг юқори улгуржи газ нархларидан бири шаклланган.

Шунингдек, Яқин Шарқдаги можаро сабаб айрим кемалар дунё STG савдосининг катта қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозидан ўта олмаяпти. Бу эса глобал газ таъминотидаги хавотирларни кучайтириб, нархларнинг янада ошишига туртки бермоқда.

Teglar

Mavzuga oid