Банкларда муаммоли кредитлар яна ўсмоқда
Февралда банклардаги қайтарилмаётган кредитлар 1,3 трлн сўмга ошди. Муаммоли кредитларнинг катта улуши давлат банклари ҳиссага тўғри келди.
© © Foto: spot.uz2026 йилнинг 1 феврал ҳолатига кўра, банклардаги жами кредитлар қарийб 610,4 трлн сўмни, шундан муаммоли кредитлар (NPL) 19,4 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Январ ойи билан солиштирганда муаммоли кредитлар улуши 1,3 трлн сўмга ортган. Январда жами кредитлар 604 трлн сўм, NPL эса 18 трлн сўм эди.
Февралда NPL миқдори энг кўп давлат банкларида ўсди — 912 млрд сўм, хусусий банкларда эса — 394 млрд сўм.
Давлат банкларининг атиги учтасида муаммоли кредитлар камайган: «Agrobank» (-4 мрлд сўм), «Xalq banki» (-6 мрлд сўм), «BRB» (-11 млрд сўм).
Қолганларида эса кўпайган: энг юқори ўсиш “Асакабанк” (168 млрд сўм) ва “Алоқабанк” (163 млрд сўм) ҳисобига тўғри келган.
Қайтарилмаётган кредитларнинг жами кредитлардаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич «Poytaxtbank»да — 33,8 фоиз. «AVO bank» (9,8 фоиз), «TBC Bank» (6,2 фоиз) ва «Soderat bank» (5,7 фоиз) эса кейинги ўринлардан жой олган.
Умумий ҳисобда энг кўп «Apex bank» (-2 фоиз) муаммоли кредитларидан қутулган.
Ҳозирда муаммоли кредитлари энг кўп банклар қуйидагилар:
«Milliybank» — 3 трлн сўм;
«Agrobank» — 2,6 трлн сўм;
«SQB» — 2 трлн сўм;
«Asakabank» — 1,6 трлн сўм;
«Ipotekabank» — 1,3 трлн сўм;
«BRB» — 1,1 трлн сўм;
«Xalq banki» — 1 трлн сўм;
«Kapitalbank» — 1 трлн сўм;
«MKBANK» — 1 трлн сўм.
«Uzumbank», «Octobank» ва «KDB Bank»да муаммоли кредитлар улуши нолга тенг.
NPL'да сўнгги бир йилдаги вазият қандай?
2025 йилнинг феврал ойига қараганда, муаммоли кредитларнинг умумий кредитлар улуши 1,3 фоизга камайган. Ўтган йили февралда NPL миқдори 23,8 трл сўмни ташкил қилган бўлса, шу йил февралда бу кўрсаткич 4,4 трлн сўмлик пасайиш қайд этган.





