Электр тармоқларига ноқонуний уланиш учун жазо кучайтирилди

Bugun 14:252 daqiqa

Электр, газ ва бошқа коммунал тармоқларга ноқонуний уланиш ҳолатлари учун жарималар оширилиб, жиноий жавобгарлик чоралари аниқлаштирилди.

Электр тармоқларига ноқонуний уланиш учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда электр, иссиқлик, газ ва водопровод тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда 2026 йил 11 март куни қабул қилинган «ЎРҚ–1121-сон»ли қонун билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.

Оширилган жарималар

Энди умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Амалдаги қонунчиликда фуқаролар учун жарима миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 20 бараваридан 25 бараваригача этиб белгиланган эди.

Қонунга мувофиқ, коммунал тармоқларга тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари учун ҳам жазо кучайтирилди. Бундай қоидабузарлик учун эндиликда БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

Амалдаги қонунда жарима миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача этиб белгиланган.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, агар шахс коммунал тармоқларга ўзбошимчалик билан улангани учун аввал маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса ва бу ҳаракатни яна такрорласа, унга нисбатан жиноий жазо қўлланади. Бунда БҲМнинг 30 бараваридан 75 бараваригача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари белгиланган.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

Teglar

Mavzuga oid