Каспий орқали Европага «яшил энергия» йўлаги очилади

Kecha 16:302 daqiqa

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбойжон иштирокида Европага экологик тоза электр энергияси етказиш лойиҳаси бошланди.

Каспий орқали Европага «яшил энергия» йўлаги очилади

Қозоғистон парламенти Мажилиси Каспий денгизи тубидан энергокабел ўтказиш орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига экологик тоза электр энергиясини экспорт қилиш имконини берувчи халқаро келишувни маъқуллади. Лойиҳа Марказий Осиё ва Кавказ орқали Европага янги энергетик йўлак яратишни назарда тутади.

Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженовнинг маълум қилишича, лойиҳанинг асосий қисми Каспий денгизи тубидан юқори кучланишли доимий ток кабелини ўтказишдан иборат бўлади.

Ушбу инфратузилма орқали энергия Озарбойжонга етказилиб, кейин Қора денгиз орқали Европа давлатларига узатилади.

Лойиҳа доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбойжон энергетик тизимларини ягона стратегик йўлакка бирлаштириш режалаштирилган.

Бу нафақат электр энергиясини, балки келажакда экологик тоза водород ва аммиакни ҳам Европа бозорига экспорт қилиш имконини яратади.

Ҳозирда лойиҳа амалга оширишнинг фаол босқичида бўлиб, унинг технико-иқтисодий асослантириш ишларига Италиянинг етакчи энергетика консалтинг компанияларидан бири — CESI жалб қилинган.

Мутахассислар кабелни ўтказишнинг техник параметрлари ва молиявий моделини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Ташаббусни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилма инвестиция банки грант ажратишини билдирган. Техник-иқтисодий асослантириш ишлари учун тахминан 1 млн евро талаб қилинади.

Хабар қилинишича, банклар мазкур босқични молиялаштириш учун грант шаклида 2 млн доллар ажратишга тайёр эканини тасдиқлаган. Бу маблағлар лойиҳанинг дастлабки босқич эҳтиёжларини тўлиқ қоплаши мумкин.

Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжоннинг миллий электр тармоқлари операторлари иштирокида «Яшил йўлак альянси» номли қўшма корхона ташкил этилган. Ҳозирда томонлар кабель қурилиши ва энергетик йўлакни ривожлантириш бўйича мунтазам музокаралар олиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid