Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳудудлар бўйича алоҳида белгиланади

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларини ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ҳисоблаш режаси эълон қилинди.

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳудудлар бўйича алоҳида белгиланади

Ўзбекистонда камбағалликни аниқлаш мезонлари янгиланиши кутилмоқда. Бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жураев маълум қилишича, йил охирига қадар минимал истеъмол харажатлари ҳудудлар кесимида дифференсиялаштирилиши режалаштирилган. Бу ҳақда у 12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда камбағал оилаларни аниқлаш миллий мезони Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Мазкур тизим аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қийматини белгилаш орқали амалга оширилади.

Жорий йилда ушбу кўрсаткич бир киши учун ойига 715 минг сўм этиб белгиланган. Даромади ушбу миқдордан кам бўлган оилалар «камбағал оила» сифатида рўйхатга олинади.

1 март ҳолатига кўра, мамлакатда камбағал оилалар сони 407 мингтани ташкил этмоқда. Бу оилаларда яшовчи аҳоли сони эса тахминан 1,6 миллион нафарга тенг. Шу билан бирга, айрим оилаларнинг реестрга киритилиши ёки ундан чиқарилиши натижасида бу кўрсаткич доимий равишда янгиланиб боради.

Даромадларни ҳисоблашда фақат расмий маош эмас, балки норасмий даромад манбалари ҳам ҳисобга олинади. Масалан, хорижда меҳнат мигранти сифатида ишлаётган фуқароларнинг юборган маблағлари, шунингдек, деҳқончилик ёки чорвачилик билан шуғулланишдан олинадиган даромадлар ҳам номинал даромад сифатида инобатга олинади.

Марат Жураевнинг таъкидлашича, мамлакатнинг турли ҳудудларида даромад даражаси бир хил эмас. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида такси ҳайдовчисининг даромади Тошкент шаҳри Олмазор туманида шу фаолият билан шуғулланувчи фуқаронинг даромадидан фарқ қилиши мумкин. Шу боис минимал истеъмол харажатлари ҳам ҳудудлар шароитига мос равишда белгиланиши лозим.

Шу мақсадда Жаҳон банки мутахассислари билан ҳамкорликда ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда. Режага кўра, йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларининг ҳудудлар кесимидаги янги ҳисоб-китоблари тайёрланади.

Шунингдек, Жўраевга кўра, 2026 йилда минимал истеъмол харажатлари биринчи марта умумий инфляция кўрсаткичидан паст даражада индексация қилинган. Бу кўрсаткични ҳисоблашда озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархи ҳисобга олинади. Бунда асосий улуш озиқ-овқат саватига тўғри келади.

Teglar

Mavzuga oid