Қайси банк ходимлари банкига кўпроқ фойда олиб келмоқда?

05.03.2026 | 18:552 daqiqa

Мамлакатдаги банкирлар 2025-йили ўртача ҳисобда банкига 261 млн сўм фойда олишга ёрдам берган. Биринчи ўриндаги банк ходимлари йил давоми 2,6 млрд сўмдан фойда олиб келган.

Қайси банк ходимлари банкига кўпроқ фойда олиб келмоқда?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2025-йил якунлари бўйича Ўзбекистон банк сектори ҳолатига бағишланган ҳисобот эълон қилинди

Унда банкларнинг ҳар бир ходимга нисбатан тўғри келадиган фойда кўрсаткичи ҳам тақдим қилинган. Бу кўрсаткич 2025-йил давомида банкларнинг қанчалик тижорий ва самарадор бўлганини тушунишга ёрдам беради. 

Соф фойда бўйича етакчи банклар бу рейтингда юқори ўринларни эгалламади. Бунга ушбу банкларда ходимлар сони бошқа банкларга қараганда кўпроқ экани сабаб бўлган. 

2025-йилда банк тизимидаги ҳар бир ходим ўз банкига ўртача ҳисобда 261 млн сўм фойда олиб келди. Бу ойига 21-22 млн сўм атрофида фойда дегани. 

Биринчи ўринни КДБ Банк эгаллади. Бу банкда битта ходимга тўғри келадиган фойда кўрсаткичи 2,6 млрд сўмни ташкил қилиб, бошқаларга қараганда катта фарқ билан етакчи бўлди. 

Кучли учликдан Эрон Содеротбанк ва Ориент Финанс банк жой олди. Бу икки банк ходимлари ўртача ҳисобда ўз банкига 1 млрд сўмдан кўпроқ фойда олиб келган. 

ТОП 10 га давлат банкларидан фақат СҚБ киришга муваффақ бўлди. Банкнинг 40 фоизи Миллий инвестиция жамғармаси таркибига киритилган бўлиб, 2026-йилда жамғарманинг IPO’си бўлиб ўтиши кутилмоқда

Сўнгги ўринларни Янги банк, Гарант банк ва Узум банк эгаллади. Янги банкнинг лиценсияси Марказий банк томонидан жорий йил бошида олиб қўйилган эди. 

2025-йилда банклар фойдаси қандай бўлди? 

Ўтган йили Янги банкдан ташқари барча Ўзбекистон банклари йилни фойда билан якунлади. Йил давомида банклар фойдаси 2,3 баробар кўпайиб, умумий 15,5 трлн сўмни ташкил қилди. 

34 та банкдан фақат 5 таси 2025 йилга нисбатан камроқ фойда олган. Булар Инфинбанк, Узум банк, Зираат банк, Пойтахтбанк ва ТБC Банк. Қолган барча банкларда ўсиш кузатилди.


Teglar

Mavzuga oid