
Аҳолини рўйхатга олиш тизимига киберҳужум бўлдими? — Статистика қўмитасидан тушунтириш
Ижтимоий тармоқларда Аҳолини рўйхатга олиш тизими ҳаккерлар томонидан бузилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Вазият юзасидан Vaqt.uz Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби билан боғланди.

Ижтимоий тармоқларда «Аҳолини рўйхатга олиш тизими ҳакерлар томонидан бузилди.Фуқароларнинг шахсий маълумотлари тармоқларда «сузиб» юрибди» — деган хабар тарқалди.
Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасуловнинг Vaqt.uzʼга маълум қилишича, ҳакерлар census.stat.uz сайтидан маълумотларни олиб чиқиб кетолмаган.
«Бизнинг базада аҳоли вакилларининг расмлари кўринмайди. Сўровномада ҳам ҳеч кимдан фотосурат талаб қилинмаган. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳеч қандай маълумотлар статистика қўмитасининг платформасидан олиб чиқилмаган. Бу бўйича тўлиқ расмий муносабатни яқин орада эълон қиламиз», — деди Усмон Абдурасулов.
Эслатиб ўтамиз, 15 январдан 28 февралгача Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмоқда. 31 январ куни онлайн рўйхатга олиш тугади. Энди уйма уй рўйхатга олиш ишлари олиб борилади.





