Logo

Бир йил кутилган имтиёз: педагоглар фарзандлари контрактига 30 фоиз чегирма тасдиқланди

Bugun 18:102 daqiqa

Янги тартиб фақат педагогларнинг давлат ОТМларининг бакалавриатида кундузги шаклда ўқийдиган болаларига татбиқ этилади. Имтиёздан фойдаланиш шартлари ҳам белгиланди.

Бир йил кутилган имтиёз: педагоглар фарзандлари контрактига 30 фоиз чегирма тасдиқланди © Фото: «Yoshlar – kelajagimiz» jamg‘armasi

Бир йил аввал педагогларнинг фарзандларига эълон қилинган имтиёз ниҳоят тасдиқланди. Энди педагогларнинг давлат ОТМларида ўқиётган фарзандлари контрактининг 30 фоизи чегирилади.

Ҳукуматнинг 17-сентябрдаги 501-сон қарори билан педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларига тўлов-контракт суммаси бўйича чегирма бериш тартиби расман тасдиқланди.

Чегирма кимларга берилади?

2026/2027-ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандлари учун контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида чегирма берилади.

Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМларида контракт асосида ўқиётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади.

Бироқ имтиёз барча ОТМ ва таълим шаклларига татбиқ этилмайди. Жумладан, чегирма:

• олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;

• Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ОТМлар ва уларнинг филиалларида;

• қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида;

• хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари ва факультетларида;

• нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганларга нисбатан қўлланилмайди.

Чегирма қандай олинади?

Чегирма олиш учун педагог фарзанди kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза юборади.

Аризани кўриб чиқишда унинг педагог фарзанди экани «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тасдиқланади. Шундан сўнг чегирма автоматик тарзда қўлланилади.

Аризалар масъул ташкилот томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма бир ўқув йили учун бир маротаба берилади.

Агар педагогнинг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган бўлса, кейинги ўқув йилидан бошлаб фарзандига чегирма қўллаш тўхтатилади.

Имтиёз бир йил аввал ваъда қилинган эди

Мазкур имтиёз янги эълон қилинаётгани йўқ. Давлат раҳбари бу ҳақда бундан қарийб бир йил аввал — 2025-йил 15-сентябрда, Ўқитувчилар куни арафасида маълум қилган ва имтиёзларни 2026-йил январидан кучга киритишни ваъда қилган эди.

Президентнинг расмий табригида ҳам ўқитувчилар учун мўлжалланган имтиёзлар қаторида педагоглар фарзандларининг контракт тўловига чегирма берилиши қайд этилган.

Бироқ 2026-йил январига келиб, ушбу имтиёзни амалиётга жорий этиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳали эълон қилинмаган эди.

Шу сабабли Vaqt.uz 5-феврал куни кучга кириши керак бўлган, бироқ ҳуқуқий асоси эълон қилинмаган имтиёзлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров юборган эди.

Ўшанда вазирлик матбуот котиби қарорни тайёрлаш жараёни давом этаётганини, унинг қачон эълон қилиниши бўйича аниқ муддат йўқлигини билдирган.

Орадан икки ой ўтиб, 16-апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 175-сон қарори билан ўқитувчиларга ваъда қилинган айрим имтиёзлар расман эълон қилинди.

Энди эса 2025-йилда ваъда қилинган яна бир имтиёз — педагоглар фарзандларининг контракт тўловига 30 фоиз чегирма бериш тартиби ҳам расман тасдиқланди ва 2026/2027-ўқув йилидан амалиётга жорий этилади.

Teglar

Mavzuga oid

Бир йил кутилган имтиёз: педагоглар фарзандлари контрактига 30 фоиз чегирма тасдиқланди | Vaqt.uz