Logo

Марказий Осиё давлатлари Осиё ўйинларидаги медаллар учун қанча пул тўлайди?

Bugun 12:254 daqiqa

Минтақа давлатларида спортчиларга медаллар учун бериладиган мукофотлар бир-биридан фарқ қилади. Асосий давлат мукофотидан ташқари уларга ҳомийларнинг мукофотлари ва бошқа қўшимча пуллар ҳам берилиши мумкин.

Марказий Осиё давлатлари Осиё ўйинларидаги медаллар учун қанча пул тўлайди? © olympic.kz

Осиё ўйинларида медал олиш — спортчи учун нафақат шоҳсупага чиқиш ва мамлакат шарафини ҳимоя қилиш, балки давлат томонидан катта миқдорда мукофот пули олиш имконияти ҳамдир. «Asia-Plus» Марказий Осиё давлатларида спортчилар медаллар учун қанча пул олишини таққослади. Хусусан, 2026-йилги Осиё ўйинларида Тожикистон ва Қозоғистон спортчилари қанча мукофот олиши мумкинлиги, шунингдек, аввалги Осиё ўйинларида Қирғизистон ва Ўзбекистон спортчиларига қанча пул берилгани кўриб чиқилди.

XX ёзги Осиё ўйинлари 19-сентябрдан 4-октябргача Японияда бўлиб ўтади. Марказий Осиё давлатлари, одатдагидек, яккакурашлар, оғир атлетика ва бошқа спорт турларида медаллар учун курашади. Шу билан бирга, спорт натижасидан ташқари яна бир савол туғилади: давлат учун Осиё ўйинларида олтин медал қанча туради?

Тожикистон: олтин медал учун 150 минг сомоний

Тожикистонда халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун президент мукофоти мавжуд. Бу мукофот 2015=йилда жорий қилинган. Осиё ўйинлари ушбу мукофот тизимида энг юқори — биринчи тоифадаги мусобақалардан ҳисобланади.

Спортчилар қуйидаги миқдорда мукофот олади:

олтин медал — 150 минг сомоний (тахминан 16 минг доллар);
кумуш медал — 100 минг сомоний (тахминан 10 минг доллар);
бронза медал — 50 минг сомоний (тахминан 5 минг доллар).

Қозоғистон: ҳозирча $10 минг, аммо $50 минг долларгача оширилиши мумкин

Қозоғистонда ҳозир амал қилаётган мукофот пуллари Тожикистондагидан фарқ қилади. Амалдаги тартиб бўйича Осиё ўйинларида медал олган спортчиларга:

олтин — $10 минг;
кумуш — $5 минг;
бронза — $3 минг берилади.

Медал олган спортчининг мураббийига эса:

олтин учун — $5 минг;
кумуш учун — $3 минг;
бронза учун — $2 минг берилади.

Ханчжоуда бўлиб ўтган аввалги Осиё ўйинларидан кейин ҳам Қозоғистон спортчиларига шу миқдорда пул берилган. Аммо 2026-йилги Осиё ўйинлари олдидан Қозоғистон мукофот пулларини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда. Агар янги тартиб тасдиқланса, спортчилар:

олтин медал учун — $50 минг;
кумуш медал учун — $15 минг;
бронза медал учун — $10 минг олади.

Мураббийларга эса:

олтин медал учун — $10 минг;
кумуш учун — $7 минг;
бронза учун — $5 минг берилади.

Демак, олтин медал учун мукофот ҳозирги $10 мингдан $50 минггача, яъни 5 бараварга ошиши мумкин. Лекин бу янги суммалар ҳали якуний тасдиқланмаган. Шунинг учун ҳозирча Қозоғистонда амалдаги мукофот — олтин медал учун $10 минг.

Қирғизистон: Ханчжоу чемпионларига 1,25 млн сом берилган

Қирғизистонда 2026-йилги Осиё ўйинлари учун алоҳида янги мукофот миқдорлари ҳозирча эълон қилинмаган. Шунинг учун аввалги Осиё ўйинлари — Ханчжоудаги мукофотлар асос қилиб олинмоқда. Ханчжоуда олтин медаль олган қирғизистонлик спортчиларга 1 миллион 250 минг қирғиз соми тахминан 14 минг доллар) миқдорида сертификат берилган. Кумуш медал учун 750 минг қирғиз соми (тахминан 8,5 минг доллар), бронза медал учун 500 минг қирғиз соми (тахминан 5,7 минг доллар) берилган.

Ўзбекистон: доллар кўринишидаги мукофотга қўшимча катта пул ҳам берилган

Ўзбекистонда Ханчжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида спортчиларни мукофотлаш икки қисмдан иборат бўлган. Биринчи қисм — медаль учун бериладиган пул:

олтин медал — $5 минг;
кумуш медал — $3 минг;
бронза медал — $2 минг.

Мураббийларга эса:

олтин медал учун — $2,5 минг;
кумуш учун — $1,5 минг;
бронза учун — $1 минг берилган.

Аммо спортчилар фақат шу пулларни олмаган. Уларга маҳаллий бюджет ҳисобидан қўшимча мукофот ҳам берилган. Бу мукофот БҲМ — базавий ҳисоблаш миқдори орқали ҳисобланган. Спортчиларга:

олтин медал учун — 300 БҲМ;
кумуш медал учун — 200 БҲМ;
бронза медал учун — 100 БҲМ.

Мураббийларга эса:

олтин медал учун — 200 БҲМ;
кумуш учун — 100 БҲМ;
бронза учун — 50 БҲМ берилиши белгиланган.

Яъни Ўзбекистонда спортчи медал учун оладиган асосий пулга қўшимча равишда яна БҲМ ҳисобида катта миқдорда мукофот ҳам олган.

Туркманистонда вазият қандай?

Туркманистон бўйича аниқ маълумот топиш қийин. Мамлакатнинг Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси спортчиларнинг натижалари ҳақида мунтазам маълумот беради. Аммо очиқ эълон қилинган расмий маълумотларда Осиё ўйинларида олтин, кумуш ёки бронза медал олган спортчиларга қанча пул берилиши кўрсатилмаган. Ханчжоудаги аввалги Осиё ўйинлари учун ҳам Туркманистонда медаллар бўйича аниқ мукофот тизими очиқ манбаларда кўрсатилмаган.

Маълум бўлган маълумотларни жамласак, Марказий Осиё давлатларида спортчиларга медаллар учун бериладиган мукофотлар бир-биридан фарқ қилади. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, асосий давлат мукофотидан ташқари спортчиларга мураббийлар учун тўловлар, ҳомийларнинг мукофотлари ва бошқа қўшимча пуллар ҳам берилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid

Марказий Осиё давлатлари Осиё ўйинларидаги медаллар учун қанча пул тўлайди? | Vaqt.uz