Ноябрдан тадбиркорлар электр ва газ учун 15 фоиз аванс тўлайди
Ноябрдан айрим тадбиркорлар учун электр ва газ бўйича аванс тўлови 15 фоизгача камайтирилади. Ҳисобот ва шартнома жараёнлари ҳам соддалаштирилади.
© Foto: DepositphotosЎзбекистонда айрим тадбиркорлар учун электр энергияси ва табиий газ бўйича аванс тўлови 15 фоизгача камайтирилади. Янги тартиб 2026 йил 1 ноябрдан кучга киради.
Бу ўзгариш электр энергияси ва табиий газ тарифлари 15 фоизга арзонлашади, дегани эмас. Яъни тадбиркорлар фойдаланадиган электр ёки газнинг нархи ўзгармайди. Ўзгариш тўловни олдиндан амалга ошириш тартибига тааллуқли.
Кимлар янги тартибдан фойдаланиши мумкин?
Аванс тўловини 15 фоизгача камайтириш имконияти барча тадбиркорларга автоматик равишда берилмайди.
Бунинг учун корхонада электр ва газ истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари мавжуд бўлиши керак. Шунингдек, ҳисоблагичлар электр энергияси ёки газни масофадан туриб ўчириш ва ёқиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Бундан ташқари, тадбиркор сўнгги икки ой давомида тўлов интизомини бузмаган бўлиши керак.
Бу амалда нимани англатади?
Масалан, тадбиркорнинг бир ойда электр энергияси ва табиий газ учун харажати 100 млн сўмни ташкил этса, янги тартиб бўйича у аванс сифатида 15 млн сўмгача тўлаши мумкин.
Муҳими, бу 100 млн сўмлик харажат 85 млн сўмга камаяди, дегани эмас. Тадбиркорнинг амалдаги истеъмоли учун ҳисобланган умумий сумма ўзгармайди. Фақат уни олдиндан тўлаш талаби камаяди.
Шу сабабли янги тартиб тарифларни пасайтиришга эмас, балки тадбиркорларнинг айланма маблағларини олдиндан тўловга боғлаб қўйишни камайтиришга қаратилган.
Ҳисобот ва шартномаларда ҳам ўзгариш бўлади
Янги тартиб билан тадбиркорлар электр ва газ сарфи бўйича ёзма ҳисоботларни ҳудудий таъминот ташкилотларига тақдим этишдан озод қилинади.
Шунингдек, электр ва газ таъминоти бўйича шартномаларни қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиётидан воз кечилиб, электрон шаклга ўтилади.
Демак, 1 ноябрдан жорий этиладиган асосий ўзгаришлар — аванс тўловини камайтириш, ҳисоботларни соддалаштириш ва шартномаларни электронлаштириш.


