Logo

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг бойликларига қизиқмоқда: Сеулда қандай келишувлар имзоланди?

Марказий Осиё ва Корея Республикасининг биринчи саммити доирасида президент Ли Ўзбекистонни «қадрли дўст ва асосий ҳамкор» деб эътироф этди. Шавкат Мирзиёев эса ўзаро муносабатлар вақт синовидан ўтиб, ўз мустаҳкамлигини исботлаганини таъкидлади.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг бойликларига қизиқмоқда: Сеулда қандай келишувлар имзоланди? © Reuters

Жанубий Корея Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. 16 сентябр куни Сеулда Марказий Осиё–Корея Республикаси форматидаги биринчи саммит ўтказилди. Унда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этди. Саммит якунлари бўйича томонлар критик минераллар, энергетика, таъминот занжирлари, ишлаб чиқариш ва янги технологиялар бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишди.

Саммит олдидан ва унинг уч кунлик тадбирлари давомида 70 дан ортиқ келишув ва меморандумлар тузилган. Улар энергетика, кончилик, инфратузилма, технология ва инвестиция соҳаларини қамраб олган. Шунингдек, давлат раҳбарлари учрашувларини мунтазам ўтказиш учун икки йилда бир марта саммит ташкил этишга келишиб олинган. Кейинги учрашув 2028 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Жанубий Кореяга Марказий Осиёдан нима керак?

Саммит кун тартибидаги энг муҳим мавзулардан бири критик минераллар масаласи бўлди.

Критик минераллар — бу замонавий энергетика ва юқори технологияли ишлаб чиқариш учун сув ва ҳаводай зарур бўлган ноёб хомашёдир. Халқаро энергетика агентлиги литий, никел, кобалт, графит ва марганецни аккумуляторлар ишлаб чиқаришдаги энг муҳим материаллар қаторига киритади. Камёб ер элементлари эса шамол турбиналари ва электромобил моторларида кенг қўлланади. Камёб ер элементлари эса шамол турбиналари ва электромобиллар моторларида қўлланади. Мис электр тармоқлари учун асосий материаллардан бири ҳисобланади.

Расмий Сеул олдидаги асосий вазифа минтақада фақатгина бундай минералларни қазиб олишдан иборат эмас, балки уларни қайта ишлаш ва узлуксиз етказиб бериш занжирини барқарорлаштириш ҳам ўта муҳимдир. «Reuters» агентлигининг қайд этишича, Корея Марказий Осиё билан шунчаки хомашё олди-сотдисини йўлга қўйиш билан чекланмай, геологик қидирув ишларидан тортиб то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжирни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

Айнан шу сабабли ҳам, саммит доирасида ресурслар, технологиялар ва молиявий имкониятларни ўзаро бирлаштириш масаласи биринчи ўринга чиқди.

Ўзбекистоннинг режалари қандай?

Саммитда Ўзбекистон томони критик минераллар бўйича минтақавий ҳамкорлик ташаббуси билан чиқди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Жанубий Корея ўртасида муҳим минералларни ўзлаштириш бўйича минтақавий инвестиция иттифоқини тузишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус геологик қидирув, қазиб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қамраб олувчи яхлит занжир яратишни кўзда тутади.

Ўзбекистоннинг ўзида эса 2026–2030 йилларга мўлжалланган режалар асосида муҳим минераллар соҳасида умумий қиймати $4,2 млрд бўлган 120 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу лойиҳалар орқали волфрам, молибден ва бошқа муҳим минералларни қайта ишлаб, бозорга юқори қийматга эга маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилади.

Бизнес-саммитдаги нутқида давлат раҳбари Ўзбекистоннинг минерал-хомашё базаси салоҳияти камида 3 триллион долларни ташкил этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

12 миллиард долларлик лойиҳалар

Жанубий Корея билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида улкан сармоявий лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги истиқболли лойиҳалар портфели қарийб 12 миллиард долларни ташкил этади. Қолаверса, Корея Экспорт-импорт банки билан 8 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича келишув маъқулланган.

Ушбу сармоялар фақатгина тоғ-кон саноати билан чекланиб қолмайди. Музокаралар чоғида томонлар муҳим минералларни қайта ишлаш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, транспорт, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа қатор соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳам муҳокама қилган.

Тошкент – Самарқанд темир йўли лойиҳаси

Корея билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт соҳаси бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти ва Корея Экспорт-импорт банки раҳбари ўртасидаги учрашувда Тошкент – Самарқанд йўналишида янги темир йўл қуриш лойиҳасига Кореянинг молия институтлари ҳамда йирик компанияларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, мамлакатимизга юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни етказиб бериш жараёнини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, «Hyundai Rotem» компанияси билан ўтказилган музокараларда темир йўл эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, Ўзбекистонда замонавий сервис маркази очиш ҳамда электр моторлар учун магнитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари муҳокама қилинди.

Авиация соҳаси ҳам эътибордан четда қолмади. «Incheon International Airport Corporation» корпорацияси билан Урганч аэропортини модернизация қилиш ва Тошкентда янги халқаро аэропорт барпо этиш лойиҳалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Сунъий интеллект

Саммит ва Ўзбекистон – Корея музокараларида технологик ҳамкорлик энг устувор йўналишлардан бири сифатида эътироф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бизнес-саммит доирасида Корея компаниялари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказларини Марказий Осиёга жалб этиш, қўшма изланишлар олиб бориш ҳамда янги маҳсулотлар яратишга қаратилган ягона ҳамкорлик тизимини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Икки томонлама муносабатлар кун тартибидан сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик масалалари ҳам мустаҳкам ўрин олди. Хусусан, Корея Экспорт-импорт банки раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда ярим ўтказгичлар ва янги материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни синовдан ўтказишга ихтисослашган махсус марказ ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Нега айнан ҳозир?

«Reuters» хабарига кўра, Жанубий Корея Марказий Осиёнинг ресурс ва энергетика салоҳиятига қизиқиш билдириш билан бирга, ўз таъминот занжирларини диверсификация қилиш ҳамда корейс компаниялари учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга интилмоқда. Марказий Осиё давлатлари эса, ўз навбатида, Кореянинг илғор технологиялари, сармояси ва бой саноат тажрибасидан фойдаланишдан манфаатдор.

Шу боис ҳам, саммитда хомашёни шунчаки экспорт қилиш билан чекланмай, уни минтақанинг ўзида чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу Ўзбекистон томони илгари сурган асосий ташаббуслардан бири бўлди.

Ўзбекистон Корея компанияларини Марказий Осиёга 80 миллиондан ортиқ истеъмолчиси бор ягона йирик бозор сифатида қарашга чорлаган. Саммит якунида эса Марказий Осиё ва Жанубий Корея ўртасидаги келгуси 30 йиллик ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон учун бу рақамлар нимани англатади?

Ҳозирча 12 миллиард долларлик бу кўрсаткичга тўлиқ ўзлаштирилган инвестиция сифатида қараб бўлмайди. Бу маблағ истиқболдаги лойиҳалар портфели сифатида баҳоланади. Корея Экспорт-импорт банки билан келишилган 8 миллиард долларлик дастур ҳам фақат молиялаштиришнинг умумий чегарасини белгилаб беради. Яъни, бу маблағларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида мамлакат иқтисодиётига кириб келади, деган хулоса йўқ.

Шу билан бирга, Ўзбекистон билан муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларининг кўлами кенг: ноёб минераллар, ярим ўтказгичлар, сунъий интеллект, автомобилсозлик, темир йўл ва аэропортлар инфратузилмаси, тиббиёт ҳамда фармацевтика кабилар шулар жумласидандир.

Қолаверса, «Марказий Осиё – Корея» формати шунчаки бир марталик учрашув бўлиб қолмайди. Навбатдаги саммитни 2028 йилда Қозоғистонда ўтказишга келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, Сеулдаги дастлабки саммитнинг асосий натижаси фақатгина имзоланган келишувлар сони билан эмас, балки Жанубий Корея ва Марказий Осиё ўртасида хомашё, технология, молия ва ишлаб чиқаришни ўзаро уйғунлаштирувчи янги ҳамкорлик формати яратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур формат доирасида Ўзбекистон муҳим минералларни қайта ишлаш, транспорт ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган бир қатор йирик лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Teglar

Mavzuga oid