Мадад инвест банк номини тўлиқ Mybank қилиб ўзгартирмоқда
2024-йилдан бери Mybank бренди остида ишлаётган Мадад Инвест банк эндиликда юридик номини ҳам шу номга ўзгартирмоқда.

Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири — Мадад инвест банк юридик номини Mybank дея ўзгартирмоқда. Бу ҳақда банк акциядорлари умумий йиғилишида маълум бўлди.
Йиғилишда банкнинг фирма номини Mybank дея қайта номлаш бўйича қарор қабул қилинди. Банкнинг янги номини давлат рўйхатидан ўтказиш, лицензия ва рухсат этувчи ҳужжатларга ўзгартиш киритиш каби масалалар тегишли тартибда амалга оширилади.
Бундан ташқари, акциядорлар йиғилишида банк кузатув кенгаши аъзоси Юсуфжон Эгамназаровнинг ваколатини муддатидан олдин, 2026-йил 10-мартдан бошлаб тугатиш бўйича қарор қабул қилинди.
Мадад Инвест банк 2024-йилдан бери Mybank бренди остида фаолият юритиб келмоқда. Ўша йил бошида банкнинг бош офиси Фарғона шаҳридан Тошкентга шаҳрига кўчирилганди.
2024-йил охирида банк бошқарувида ҳам ўзгаришлар юз берди. Раҳбарият янгилангач, Мадад Инвест банк янги Мйбанк лойиҳасига 1,3 млн доллар миқдорида сармоя киритиши эълон қилинган эди.
Mybank’ка қадар ўз номини тўлиқ ўзгартирган сўнгги банк Octobank бўлиб турганди. 2023-йил охирда банк номи Равнақбанкдан Octobank’ка ўзгарганди.





