Рубл кескин қулади: Россия миллий валютаси сўнгги ярим йилдаги минимумга тушди

Kecha 08:252 daqiqa

АҚШ санкциялари юмшатилгани ва нефт нархи ошганига қарамай, рубл қадрсизланишда давом этмоқда. Россия хазинасидаги улкан «туйнук» ва валюта сотувининг тўхтатилгани бозорни шокка туширди.

Рубл кескин қулади: Россия миллий валютаси сўнгги ярим йилдаги минимумга тушди

Жума куни Москва биржасида Хитой юани курси 11,69 рублга (сўнгги 6 ойдаги максимум) кўтарилди. Биржадан ташқари бозорда доллар 80,66 рубл, евро эса 92,47 рублдан сотилмоқда. Март ойи бошидан буён рубл юанга нисбатан 5 фоиз, долларга нисбатан 4 фоиз қийматини йўқотди, деб ёзмоқда «The Moscow Times» нашри.

 

Инқироз сабаблари

Таҳлилчиларнинг фикрича, рублнинг қулашига бир нечта омиллар таъсир қилмоқда:

Валюта сотувининг тўхташи: Россия Молия вазирлиги 6 мартдан бошлаб Миллий фаровонлик жамғармасидан (МФЖ) валюта сотишни тўхтатди. Бунгача бюджет тақчиллигини ёпиш учун ойига 2 млрд долларлик рекорд миқдорда валюта бозорга чиқарилаётган эди.

Бюджетдаги «туйнук»: «Иволга Капитал» бош директори Андрей Хохриннинг таъкидлашича, кучли рубл сурункали бюджет тақчиллигига тўғри келмайди. Январ-феврал ойларида бюджетдаги тақчиллик 3,5 трлн рублга етди, ҳукумат харажатлари эса даромадлардан икки баробар кўп бўлди.

Юан тақчиллиги: Банклар ўртасида юан тақчиллиги юзага келиб, кредит ставкалари 1 фоиздан 7–11 фоизгача кўтарилган.

 

Келажакдан умид борми?

Эрон уруши туфайли нефт нархининг 70–80 долларгача кўтарилиши рублни қутқариши мумкин. «Алор Брокер» таҳлилчиси Игорь Соколовнинг прогнозига кўра, апрел ойига бориб хомашё экспортидан тушадиган кўпайган валюта тушуми бозорга кириб келади ва рубл курсини бироз мустаҳкамлайди. Бироқ ВТБ экспертлари МФЖ захираларининг ликвид қисми уруш бошлангандан бери 2,5 баробарга қисқарганини, валюта активлари эса 2008 йилдан бери энг паст даражага тушганини огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистонда ҳам Марказий банк томонидан 16-мартга белгиланган курсга кўра, 1 Россия рубли биданига 2 сўм 64 тийинга арзонлашиб, 150 сўм 44 тийин даражасида қайд этилди. 

Teglar

Mavzuga oid