2026-йилги «Oscar» мукофоти ғолиблари эълон қилинди
Лос Анжелесда ўтган 98-«Oscar» маросимида Пол Томас Андерсоннинг филми бош совринни қўлга киритди.

АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида Америка киноакадемиясининг 98-«Оскар» мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда режиссёр Пол Томас Андерсон суратга олган «Жанг ортидан жанг» филми «Энг яхши фильм» деб топилди. Ушбу картина шунингдек бир қатор муҳим номинацияларда ҳам ғолиб чиқди.

Пол Томас Андерсон мазкур фильм учун яна икки мукофотни қўлга киритди.

У «Энг яхши режиссёр» ва «Энг яхши мослаштирилган сценарий» номинацияларида ҳам ғолиб деб эълон қилинди.

Фильмдаги роли учун актёр Шон Пенн «Энг яхши иккинчи даражали эркак актёр» мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, картина янги жорий этилган «Энг яхши кастинг» номинациясида ҳам «Oscar»ни қўлга киритди.
Маросимда энг кўп номинация билан иштирок этган фильм «Гуноҳкорлар» бўлди. Раян Куглер режиссёрлигида суратга олинган ушбу хоррор-триллер 16 та номинация билан етакчилик қилди. Фильм сценарий муаллифи Раян Куглер «Энг яхши оригинал сценарий» мукофотига сазовор бўлди.

Актёрлик йўналишидаги асосий мукофотлар ҳам эълон қилинди. «Энг яхши эркак актёр» мукофоти «Гуноҳкорлар» фильмидаги роли учун Майкл Б. Жорданга берилди.

«Энг яхши аёл актриса» эса «Хамнет» фильмидаги ижроси учун Жесси Бакли деб топилди.

«Энг яхши иккинчи даражали аёл актриса» номинациясида Эми Медиган «Қуроллар» фильмидаги роли учун ғолиб деб эълон қилинди.

Шу билан бирга, «Кей-поп иблис овчилари» анимацион филми иккита мукофотга — «Энг яхши тўлиқ метражли анимацион фильм» ва «Энг яхши қўшиқ» («Голден») номинацияларига сазовор бўлди.

Ҳужжатли фильмлар орасида «Жаноб Ҳечким Путинга қарши» картинаси «Энг яхши ҳужжатли фильм» деб топилди. Фильм америкалик режиссёр Девид Боренштейн ва россиялик видеограф Павел Таланкин томонидан яратилган.

«Энг яхши хорижий фильм» номинациясида норвегиялик кинематографистлар томонидан ишланган «Сентиментал қиймат» филми ғолиб бўлди. Техник номинацияларда эса «Франкенштейн» филми бир нечта мукофотга сазовор бўлди — энг яхши костюмлар, грим ва соч турмаклари, шунингдек энг яхши постановкачи рассом иши учун.

Бундан ташқари, «Энг яхши визуал эффектлар» мукофоти «Аватар: Олов ва кул» фильмига.

«Энг яхши овоз» мукофоти эса «Формула-1» фильмига топширилди.





