Абдураҳмон Ташановга оид суд иши қўшимча суриштирувга қайтарилди

Bugun 10:502 daqiqa

Маъмурий ишда аризачи ва жабрланувчи йўқлиги сабаб суд материалларни ҳарбий прокуратурага қайтарилди.

Абдураҳмон Ташановга оид суд иши қўшимча суриштирувга қайтарилди

12 март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, «Ezgulik» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш материалларини рад этди. Судя М. Ахмедов қарорига кўра, ишда жабрланувчи ёки аризачи мавжуд эмаслиги аниқлангани учун материаллар ҳарбий прокуратурага қайтарилди.

Суд қарори юзасидан Абдураҳмон Ташановнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, суд қонунга асосланиб қарор чиқарган ва «Ezgulik» жамияти олқишлади.

«Ҳарбий прокуратура маъмурий иш материалларини жабрланувчи ёки аризачи билан тўлдириб келса, айбловнинг сохталиги яна ҳам аниқ бўлиб қолади. Хуллас иш синди ва бу мен учун адолат тантанасидир. Миробод судига ташаккур айтаман. Адолат рўёбга чиқиши учун унга ишониш керак — мен шундай қилгандим», деди Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов иши

Эслатиб ўтамиз, Республика Ҳарбий прокурори полковник Отабек Холбоевнинг 2026 йил 28 февралдаги қарори билан Ташановга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202(2)-моддаси 1-қисми — «Ёлғон хабар тарқатиш» айби билан маъмурий иш қўзғатилган.

Дастлабки суриштирувни Ҳарбий прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчиси, подполковник Тимур Муҳитдинов олиб борган.

Маъмурий иш материалларига кўра, Ташанов ўзининг «Facebook» саҳифасида эълон қилган 2025 йил 11 декабрда «Икки мулозим давлатга хоинликда айбланган», 2026 йил 8 январда «Ваҳшиёна қийноқ, зўраки иқрорликлар. Маҳкум аҳволи оғирлигини иддао қилмоқда» ҳамда 2026 йил 3 февралда «Ваҳшиёна қийноқ, халқаро ташкилот баёноти ва прокурорнинг журъати» номли постлари орқали Ўзбекистон Республикасининг қонуний равишда сайлаб қўйилган ҳокимияти ва орган вакилларининг қадр-қиммати камситилиши ва обрўсизланишига олиб келадиган ахборотларни тарқатган.

Айбловда ушбу постлар давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларининг обрўсига путур етказувчи ахборот тарқатиш сифатида баҳоланган. Шунингдек, Ташанов «Ozodlik Radiosi»нинг YouTube платформасидаги «Офис қурбони: Алламжоновга қарши кўрсатма учун қийнашди» номли кўрсатувга берган интервьюсида ҳам ёлғон ахборот тарқатгани таъкидланган.

Teglar

Mavzuga oid