Кўмир, нефт ва газ: қайси давлатлар уларни энг кўп истеъмол қилади?
2025-йилда дунёда кўмир, нефт ва табиий газ истеъмоли тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бироқ ушбу энергия манбаларини энг кўп истеъмол қиладиган давлатлар ҳар бир тур бўйича фарқ қилади. Бу кўп жиҳатдан мамлакатларнинг қандай энергия ресурсларига эга экани ва уларни қанча миқдорда қазиб олишига боғлиқ.
© inbusiness.kz«Energy Institute» томонидан тайёрланган 2026-йилги Жаҳон энергетикаси статистик шарҳига кўра, кўмир истеъмоли миллион тонна шартли кўмир (Mtce) ҳисобида ўлчанади. Бу ўлчов кўмирнинг ҳақиқий оғирлигини эмас, балки ундан олинадиган энергия миқдорини ифодалайди.
Хитой кўмирни дунёнинг бошқа барча давлатлари биргаликда истеъмол қилганидан ҳам кўпроқ ёқади. 2025-йилда мамлакатда кўмир истеъмоли 3 147 миллион тонна шартли кўмирни ташкил этган. Бу рейтингда иккинчи ўринда турган Ҳиндистон кўрсаткичидан (787 миллион тонна) қарийб тўрт баравар кўп.
Хитой кўмир қазиб олиш бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради. 2025-йилда мамлакатда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 54 фоизи кўмир ҳиссасига тўғри келган.
Нефт ва табиий газ истеъмоли бўйича эса АҚШ биринчи ўринда. 2025-йилда АҚШда нефт истеъмоли кунига 19,4 миллион баррелга етган. Бу Хитой кўрсаткичидан (17,4 миллион баррел) юқори.
АҚШда табиий газ истеъмоли 32,3 триллион куб футни ёки тахминан 914,1 миллиард куб метрни ташкил этган. Бу иккинчи ўриндаги Россия кўрсаткичидан қарийб икки баравар кўп. Россияда ушбу кўрсаткич 17 триллион куб фут (481,4 миллиард куб метр) бўлган.
АҚШ нефт ва табиий газ қазиб олиш бўйича ҳам дунёда етакчи ҳисобланади. Мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг асосий манбаларидан бири ҳам табиий газдир.
Хитой ва АҚШ учала турдаги ёқилғи — кўмир, нефт ва газ истеъмоли бўйича бир вақтнинг ўзида кучли учликка кирган ягона давлатлардир. Ушбу икки мамлакат ҳиссасига жаҳондаги жами кўмир истеъмолининг 61 фоизи, нефт истеъмолининг 36 фоизи ва табиий газ истеъмолининг 32 фоизи тўғри келади.
АҚШ кўмир истеъмоли бўйича эса учинчи ўринда туради. 2025-йилда мамлакатда 298 миллион тонна шартли кўмир истеъмол қилинган. Бу кўрсаткич бир йилда 10 фоизга ошган. Бунга табиий газ нархининг қимматлаши сабаб бўлган. Натижада кўмир электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан янада фойдали бўлиб қолган.
Табиий газни энг кўп истеъмол қиладиган давлатларнинг аксарияти уни қазиб олиш бўйича ҳам етакчилар қаторига киради.
Масалан, газ истеъмоли бўйича иккинчи ўринда турган Россия уни қазиб олиш бўйича ҳам дунёда иккинчи ўринда. Эрон эса газ истеъмоли бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат ўзи қазиб олган газнинг деярли барчасини ички эҳтиёжлари учун ишлатади.

Саудия Арабистони нефт истеъмоли бўйича тўртинчи, табиий газ истеъмоли бўйича эса бешинчи ўринда. Шу билан бирга, ушбу мамлакат нефт ёқилғисидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради.
Кўмир бозорида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Индонезия кўмир истеъмоли бўйича тўртинчи ўринда бўлиб, 2025-йилда 176 миллион тонна шартли кўмир ишлатган. Жанубий Африка Республикаси эса 124 миллион тонна билан олтинчи ўринни эгаллаган.
Ҳар икки давлат ҳам ўз эҳтиёжидан кўпроқ кўмир қазиб олади. Жанубий Африка Республикасида электр энергиясининг асосий қисми кўмир ёрдамида ишлаб чиқарилади. Бироқ табиий газ истеъмоли бўйича мамлакат дунёда фақат 57-ўринда туради.
Ҳиндистонда эса вазият бироз бошқача. Мамлакат кўмир истеъмоли бўйича дунёда иккинчи ўринда бўлса-да, табиий газ истеъмоли бўйича 11-ўринда туради. Бу кўрсаткич аҳолиси ва иқтисодиёти Ҳиндистондан анча кичик бўлган Бирлашган Араб Амирликларидан ҳам паст.
Ҳиндистон истеъмол қиладиган кўмирнинг катта қисмини ўзи қазиб олади. Аммо табиий газга бўлган эҳтиёжининг ярмидан камини маҳаллий қазиб олиш ҳисобига қоплайди. Етишмаган газни эса суюлтирилган табиий газ шаклида хориждан сотиб олади.
Япония ва Жанубий Корея эса бошқа йирик истеъмолчи давлатлардан фарқ қилади. Бу икки мамлакат кўмир, нефт ва табиий газга бўлган эҳтиёжининг деярли барчасини импорт орқали қоплайди. Шунга қарамай, улар ҳар учала турдаги ёқилғини истеъмол қилиш бўйича дунёнинг энг йирик 12 давлати қаторига киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилга нисбатан 16,3 фоизга камайганди.





