Ўзбекистонликлар пулларини асосан қаерда сақламоқда?

Bugun 17:503 daqiqa

Марказий Банк аҳоли орасида сўров ўтказиб, одамларнинг пулни қай тарзда сақлаётгани ҳақида маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистонликлар пулларини асосан қаерда сақламоқда?

Ўзбекистонда аҳолининг ярмидан кўпи жамғармаларини банкда эмас, уйида ёки ҳамёнида нақд пул кўринишида сақламоқда. Бу ҳақда 2025 йил якунлари бўйича Марказий Банк ўтказган сўровнома (1200 нафар респондент) натижаларида келтирилган.

Сўровда қатнашганларнинг 50 фоиздан ортиғи жамғарма пулларини уйда ёки ҳамёнда нақд ҳолда сақлашини билдирган. Бу эса аҳоли жамғарма қилишда банк тизимидан кўра тез ва эркин фойдаланиш мумкин бўлган усулларга устувор аҳамият бераётганини англатади.

Атиги 7 фоиз аҳоли эса пулларини расмий воситалар орқали жамғараётганини маълум қилган. 

Расмий жамғармаларда пул тўплаш умумий ҳисобда паст бўлса-да, 2021 йилга нисбатан сезиларли ўсиш кузатилган. Ўша йилда 2,6 фоиз респондент пулини расмий жамғармаларда тўплаган. 

Шунингдек, пулларини чорва, мол-мулк ёки жамғаришнинг бошқа усуллари билан тўплаётганлар 8 фоизни, норасмий жамғарма гуруҳида пул йиғаётган эса тахминан 7 фоизни ташкил этган. 1,5 фоиз респондент маблағларини жамғариш учун оила аъзоларини беришини айтган.

1

Пулни уйда сақлаш қанчалик зарарли? 

Ўзбекистонликларнинг аксарият қисми пулни уйда ёки ўз чўнтагида сақлаётган бўлсада, бу аслида улар учун молиявий жиҳатдан нотўғри қарор ҳисобланади. 

2025 йилда мамлакатда инфляция кўрсаткичи 7,3 фоизни ташкил қилди. Йил давомида гўшт, ёғ ва тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сезиларли ўсди. 

Йил бошида 1 млн сўм пулни “ёстиқ остида” сақлаб қўйган аҳоли, йил охирига келиб инфляция туфайли бу пулни камроқ миқдорда маҳсулот ва хизматларга сарфлади. 

Ўзбекистонликларни бир қисми жамғармаларини долларда шакллантиришга ўрганиб қолган. 2025 йил долларда пул сақлайдиганлар учун янада зарарли бўлди. 

Ўтган йили тарихда биринчи марта доллар сўмга нисбатан ўз қийматини йўқотди — йил бошида 1 доллар 12 904,91 сўм эди, йил охирида 12 025,33 сўмга тушди. 

Шу сабабли долларда жамғарувчи аҳоли инфляциядан сўмда жамғарувчи аҳолидан ҳам кўпроқ жабр кўрди. 

Омонат очиш даражаси паст

Марказий банк сўровномасидан аҳоли кўчмас-мулк ва омонат каби хавфсизроқ қараладиган жамғарма воситаларидан анча кам фойдаланиши маълум бўлди. 

Умумий респондентларнинг атиги 7 фоизи ўз жамғармаларидан фоиз даромади олаётганини айтган. Бу эса аҳолининг аксарият қисми пулларини норасмий ёки фоиз тўланмайдиган ҳисобларда жамғараётганини кўрсатади. 

Ўтказилган сўровларда 73 фоиз аҳоли омонатлардан хабардорлигини маълум қилган. Лекин хабардорлик юқори бўлса-да, жамғарма қилиш одатлари паст даражада қолмоқда. 

2025 йил давомида аҳоли банкларда 21-22 фоиз атрофида омонат очган. Бу эса жамғармани инфляциядан яхшигина ҳимоя қилиб, пулни кўпайтириш имконини ҳам беради. 

Жамғарма тўпламайдиганлар

Шу билан бирга, респондентларнинг 39 фоизи умуман жамғарма тўпламаслигини айтган. Бу ҳолат айниқса шимолий ва ғарбий ҳудудларда юқори бўлиб, у ерда жамғарма қилмайдиганлар улуши 54 фоизга етади. Аксинча, Тошкент шаҳрида жамғарма қилмайдиганлар улуши 25 фоизни ташкил этади. 

Таълим даражаси ҳам жамғарма қилиш одатларига сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, фақат 8–9 йиллик таълим олганлар орасида жамғарма қилмайдиганлар улуши 53 фоизни ташкил этади. Олий маълумотлилар орасида эса бу кўрсаткич 27 фоизга тушади. 

Бандлик даражаси ҳам муҳим омил ҳисобланади. Сўров натижаларига кўра, талабалар орасида 26 фоиз, иш билан банд аҳоли орасида 32 фоиз жамғарма қилмаслигини билдирган. Шу билан бирга, нафақадаги респондентлар орасида бу кўрсаткич 46 фоизга етади. 

Алоҳида эътибор берадиган яна бир жиҳат бор: жамғарма тўпламайдиганлар ичида аёллар (41 фоиз) ва кексалар (47 фоиз) улуши нисбатан юқори. Бу ҳолат, одатда, пастроқ даромад, парвариш билан боғлиқ мажбуриятлар ёки оилавий қўллаб-қувватлашга таяниш билан изоҳланади.

2

Кексалик учун жамғарма

Шунингдек, аҳоли орасида кексалик учун махсус жамғарма қилиш даражаси ҳам паст. Жамғарма қилувчилар орасида бундай мақсадда пул тўплаётганлар атиги 6 фоизни ташкил этади. Тошкентда бу кўрсаткич 13 фоиз, шимолий ва ғарбий ҳудудларда эса 4 фоиз атрофида.

Таълим даражаси юқори бўлганлар орасида ҳам кексалик учун жамғарма қилиш улуши юқорироқ экани қайд этилган. Олий маълумотлиларнинг 13 фоизи, фақат бошланғич таълим олганларнинг эса 6 фоизи кексалик учун жамғарма тўплайди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонликлар пулларини асосан қаерда сақламоқда? | Vaqt.uz