Пул тинчликни севади: Дунё молиявий маркази бўлган Дубай хавф остида

Kecha 20:204 daqiqa

Яқин Шарқдаги уруш аллақачон Дубайга ҳам етиб келган. Эроннинг дрон ва ракеталари шаҳар инфратузилмасига таҳдид солар экан, дунё молиявий марказларидан бири ўз нуфузи ва сармоялар оқимини сақлаб қола оладими, деган савол кун тартибига чиқди.

Пул тинчликни севади: Дунё молиявий маркази бўлган Дубай хавф остида

Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан икки ҳафта ўтиб, Эрон Дубайда жойлашган Американинг «Citibank» банкига зарба берди. Биргина 14-март кунининг ўзида БАА ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 9 та баллистик ракета ва 33 та жанговар дронни уриб туширганини маълум қилди.

Дубай соҳиллари, савдо марказлари, банклари ва меҳмонхоналари одатдагидан анча ҳувиллаб қолгани хабар қилинмоқда. Бунда ажабланарли нарса йўқ: сайёҳлар ҳудудни зудлик билан тарк этишга шошилмоқда, йирик банклар ва халқаро компаниялар эса ўз ходимларини мамлакатдан эвакуация қилди ёки масофавий иш тартибига ўтказди.

 Ҳамма бир саволга жавоб изламоқда: бу вазият ҳали узоқ давом этадими?

Маҳаллий ҳукумат хавфсизликни таъминлаш учун бор кучини сафарбар этаётганини, тез орада вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига қайтишини айтиб, барчани хотиржамликка чақирмоқда. Бу ҳаракатларни тушуниш мумкин, зеро минтақадаги энг барқарор молиявий марказ ва ноёб сайёҳлик масканининг нуфузи хавф остида қолган.

Аммо ҳаётнинг меъёрий ҳолатга қайтиши ҳақидаги савол ҳамон очиқлигича қолмоқда.

1

«Bloomberg» нашри яна бир глобал молиявий марказ тарихидаги аянчли саҳифаларни ёдга олади. 2020–2022-йилларда Хитой ҳукумати олиб борган ковидга қарши қатъий сиёсати туфайли минглаб банкирлар, ҳуқуқшунослар ва молия соҳасининг бошқа мутахассислари Гонконгни тарк этишга мажбур бўлган эди. Ўшанда одамлар ўз кўчмас мулклари, автомобиллари ва ҳатто севимли уй ҳайвонларини ҳам ташлаб кетишган.

Бу манзара бугунги Дубайдаги воқеаларни ёдга солади: у ерда ҳам устунларга боғлаб кетилган ёки кўчалардаги қутиларда қолдириб кетилган уй ҳайвонлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Гонконгни 200 мингга яқин киши — аҳолининг қарийб 2,5 фоизи тарк этган. Уларнинг бир қисми Сингапурдан қўним топмоқчи бўлган, бироқ маҳаллий ҳукумат бундай катта оқимга мамлакат инфратузилмаси дош бера олмаслигидан хавотирланиб, тез орада чет элликлар учун тартибни қаттиқлаштирган.

Дубай эса, аксинча, ҳаммани қабул қилишга ҳаракат қилди ва натижада асосий сармоялар оқими айнан шу ерга йўналди. Гонконгни тарк этганлар сафига Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб ўз юртини тарк этган бадавлат шахслар ҳам келиб қўшилди.

2020-йилдан буён Дубайга 400 мингдан ортиқ киши кўчиб келиб, шаҳар аҳолиси 3,8 миллион нафарга етди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Амирликлардан 9 800 нафар миллионер қўним топди — бу дунёдаги исталган бошқа мамлакатдагидан юқори кўрсаткичдир. 2025-йил якунларига кўра, Дубай халқаро молия марказида 290 дан ортиқ банк, 102 та хеж-фонд ва капитални бошқариш билан шуғулланувчи 500 та йирик компания фаолият юритмоқда.

Кўчмас мулк бозорида талаб шиддат билан ортиб бормоқда. Масалан, Дубайнинг етакчи девелопери — «Emaar Properties» компанияси уруш бошланишидан аввал 40 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган эди. Бироқ бугунги кунда мазкур улкан бойликлар Эрон дронлари ва ракеталари учун нишонга айланмоқда. Урушнинг дастлабки кунларидаёқ маҳаллий биржалар фаолиятининг икки кунга тўхтаб қолгани молия олами учун мутлақо фавқулодда ва кутилмаган ҳодиса бўлди.

2

Дунё мамлакатларининг учдан бир қисмига тўрт соатлик, учдан икки қисмига эса саккиз соатлик парвоз масофасида жойлашган машҳур Дубай аэропорти ҳам зарбалар нишонига айланмоқда. 272 та йўналиш, 107 та давлат, ўтган йилнинг ўзида ярим миллионга яқин учиш-қўниш амалиёти ва 95 миллиондан зиёд йўловчи — бу рақамлар аэропортнинг стратегик аҳамиятини яққол ифодалайди.

Агар Ҳўрмуз бўғози нефт ва газ оқимлари учун ҳаётий муҳим йўл бўлса, Дубай — молиявий оқимлар ва халқаро авиақатновлар туташган бош тугундир. Унинг фаолиятини издан чиқариш — Эронда мавжуд бўлмаган атом бомбасини портлатиш билан баробар. Бундай зарбанинг оқибатлари ядровий портлашдан-да вайронкорроқ бўлиши мумкин, чунки унинг таъсири маҳаллий эмас, балки тўлақонли глобал хусусиятга эга. Айнан шу сабабли Теҳрон БААни ва хусусан Дубайни Исроилдан ҳам кўпроқ ўққа тутмоқда. Бу билан улар гўёки: «Агар бизни бомбалашни тўхтатмасангиз, биз бутун дунёга максимал даражада зарар етказамиз», демоқчи бўлишяпти.

Ички кескинлик кучайиши фонида, яқингача Дубай аҳолисининг 90 фоизини ташкил этувчи чет элликлар учун анча юмшоқ бўлган маҳаллий тартиб-қоидалар ҳам қаттиқлашмоқда. Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбланиб, аллақачон 21 киши ҳибсга олинди. Ушбу ҳолатларнинг аксарияти Эрон дронлари ва ракеталари келтирган вайронагарчиликларни мобил телефонларга тасвирга олиш билан боғлиқ.

Бироқ Амирликлар қонунчилигида қоидабузарлик тушунчаси кенг талқин қилинади: ижтимоий тармоқларда бундай фото ва видеоларни қайта улашиш ёки улар остида изоҳ қолдириш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бундай хатти-ҳаракатлар 5,5 минг доллардан 55 минг долларгача жарима, икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки мамлакатдан депортация қилиниш билан жазоланади. Бундай шароитда Дубай европача турмуш тарзи ва туризм учун аввалгидек жозибадор бўлмай қолмоқда, бу эса ўз навбатида шаҳарнинг «хавфсиз макон» сифатидаги обрўси ва истиқболларига жиддий путур етказмоқда.

«Bloomberg» нашрининг эслатишича, XX-асрнинг 70-йилларигача Ўрта Ер денгизининг дурдонаси бўлмиш Ливан пойтахти Байрут ҳам ниҳоятда жозибадор молиявий марказ бўлган. Бироқ ҳарбий-сиёсий беқарорлик ушбу шаҳарни қисқа фурсатда яшаш учун хавфли ва бизнес учун яроқсиз ҳудудга айлантиргани барчага маълум.

Зеро, пул тинчликни севади. Агар яқин келажакда Дубайга барқарорлик ва хавфсизлик қайтмаса, улкан маблағлар оқими бу ерни тарк этиши мумкин.

 

Teglar

Mavzuga oid