Қўшма Штатлар, Дания ва Гренландия келишувга эришди
Гренландиянинг мақоми бўйича АҚШ ва Дания ўртасидаги ойлаб давом этган зиддиятлардан сўнг, томонлар Арктика хавфсизлиги бўйича тарихий келишувга эришди. Мазкур битим Вашингтонга оролдаги ҳарбий ваколатларини кескин кенгайтириш иконини беради.

АҚШ, Дания ва Гренландия 22 сентябр куни Ню-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Гренландия хавфсизлиги бўйича уч томонлама келишувга эришди. Ҳужжат АҚШнинг оролдаги ҳарбий иштирокини кенгайтириш, мавжуд «Pituffik Space Base» базаси фаолиятини модернизация қилиш ва яна иккита мудофаа ҳудудини ташкил этишга йўл очади.
Келишувга мувофиқ, Гренландия устидан суверенитет Данияда сақлаб қолинади. Ҳужжатда Дания Қироллигининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, Гренландия халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи тан олиниши алоҳида қайд этилган. Шу билан бирга, мазкур битим АҚШга Гренландиядаги ҳарбий имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Келишув нимани назарда тутади?
АҚШ, Дания ва Гренландия ўртасидаги янги ҳужжат 1951 йилда тузилган АҚШ–Дания мудофаа битимини ўзгартиради ва тўлдиради. Унинг асосий мақсади — Арктика ва Шимолий Атлантика минтақасида хавфсизликни кучайтиришдан иборат бўлади.
Ҳужжатга кўра, АҚШ Гренландия ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кўламини кенгайтиради. Хусусан, Америка ҳарбий самолётларига Гренландия осмонидан учиб ўтиш ва унинг ҳудудига қўниш, АҚШ давлат кемаларига эса ҳудудий сувларда ҳаракатланиш ҳамда сув ости орқали кириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, келишув АҚШга ҳозирда ишлаб турган «Pituffik Space Base» базасини модернизация қилиш ва кенгайтириш имконини тақдим этади.
Гренландияда янги базалар пайдо бўлади
«Reuters» агентлиги маълумотига кўра, АҚШ жанубдаги Нарсарсуак ҳудудида жойлашган, Совуқ уруш даврига оид собиқ базани қайта тикламоқчи. Иккинчи объект эса шарқий соҳилдаги Местерсвиг ҳудудида ташкил этилади. «Al Jazeera» телеканали бу икки манзилни янги ҳарбий базалар сифатида кўрсатган. Нарсарсуакда АҚШнинг «Bluie West One» базаси жойлашган бўлиб, у 1950 йилларда ёпилган. Местерсвигдан эса ҳозирда Даниянинг «Sirius Dog Sled Patrol» махсус кучлари фойдаланиб келмоқда.
Келишув матнида бу объектлар «Defense Areas», яъни мудофаа ҳудудлари сифатида белгиланган. Ҳужжатда, шунингдек, келгусида қўшимча мудофаа ҳудудлари ташкил этилиши мумкинлиги ҳам кўзда тутилган.
Бироқ янги объектларга қанча ҳарбий хизматчи жойлаштирилиши ва улар қачон тўлиқ ишга тушиши келишувда аниқ кўрсатилмаган. «Reuters» ҳам бу борада аниқ муддат ва ҳарбийлар сони очиқланмаганини хабар қилган.
АҚШ Гренландияда аввал ҳам базага эга эди
Янги келишув АҚШнинг Гренландияга илк бор ҳарбий мақсадда кириб келаётганини англатмайди — Вашингтон оролда аввалдан ўз ҳарбий объектига эга эди.
«Pituffik Space Base» АҚШнинг Гренландиядаги амалдаги асосий ҳарбий-космик объекти ҳисобланади. «Reuters» маълумотига кўра, Совуқ уруш даврида АҚШ оролда 17 та ҳарбий объект ва 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчисини сақлаган. Бугунги кунда эса асосий фаол объект сифатида фақат «Pituffik» қолган эди.
Бошқа давлатларга чекловлар қўйилади
Келишув нафақат АҚШнинг ваколатларини кенгайтиради, балки бошқа давлатларнинг Гренландиядаги ҳарбий ва айрим иқтисодий фаолиятларига ҳам жиддий чекловлар ўрнатади.
Ҳужжатга кўра, НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар Гренландияда ҳарбий иншоот қуриши ёки доимий ҳарбий куч жойлаштириши учун Дания, Гренландия ва АҚШнинг розилигини олиши шарт бўлади.
Шунингдек, келишув НАТОга аъзо бўлмаган, НАТО ҳамкори ёки ЕИ аъзоси бўлмаган давлатлар ва инвесторларнинг Гренландиядаги айрим стратегик соҳаларда назорат, сезиларли таъсир ёки махфий маълумотларга киришини чеклайди
Гренландия устидан назорат кимда қолади?
Келишувнинг энг муҳим бандларидан бири — бу суверенитетнинг сақлаб қолинишидир.
Дания ҳукумати ўз расмий баёнотида ҳужжат Дания Қироллигининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, гренландияликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тўлиқ ҳурмат қилишини билдирди. Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен ҳам келишув маҳаллий халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олишини таъкидлаган.
Янги битим Гренландияни АҚШ ҳудудига айлантирмайди. Унинг асосий мазмуни фақатгина хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик шартларини янгилашдан иборат.
Қарама-қаршиликнинг мантиқий ечими
Бу ҳужжат АҚШ ва Дания ўртасида Гренландия масаласида бир неча ой давом этган совуқ муносабатлардан сўнг имзоланди.
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Гренландияни АҚШ назоратига олиш ва сотиб олиш нияти ҳақида бир неча бор очиқ гапирган эди. «Al Jazeera» нашри мазкур келишувни айнан ўша ойлаб давом этган қарама-қаршиликнинг мантиқий ечими сифатида баҳоламоқда.
Дания ва Гренландия томони эса музокаралар давомида суверенитет масаласи улар учун энг асосий ва қатъий шарт эканини билдирган. Якуний келишув матнида суверенитет ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига доир бандларнинг киритилиши ҳам шундан далолат беради.
Келишув Россия ва Хитой омили билан қандай боғланмоқда?
АҚШ томони ушбу ҳужжатни Арктикада хавфсизликни таъминлаш зарурати билан боғламоқда. Келишув матнида ҳам Арктикада хавфсизлик вазияти ўзгараётгани ва минтақада қўшимча чоралар кўриш кераклиги қайд этилган.
«Al Jazeera» эса Гренландиянинг стратегик географик жойлашуви ва Арктикада Россия ҳамда Хитой билан боғлиқ рақобатнинг кескинлашиб бораётганини ушбу битимнинг асосий сабабларидан бири сифатида кўрсатади. Ҳужжатда НАТОга кирмайдиган давлатларнинг ҳарбий ҳозирлиги ва айрим «нозик» сармояларига чекловлар белгилаб қўйилган.
Шундай бўлса-да, бу бандларда тўғридан-тўғри Россия ёки Хитойга қарши қаратилган алоҳида санкция ёхуд ҳарбий ҳаракатлар режаси келтирилмаган. Боиси, келишувда аниқ давлатлар эмас, балки умумий равишда «НАТОдан ташқари давлатлар» деган жумла ишлатилган.
Келишув қачон кучга киради?
Келишув жорий йилнинг 22 сентябр куни имзоланди, аммо у дарҳол кучга кирмайди.
Дания ҳукуматининг маълум қилишича, ҳужжат амалиётга татбиқ этилиши учун дастлаб зарур миллий парламент процедураларидан ўтиши шарт. Келишув матнида ҳам у Дания ва Гренландия томонидан зарур парламент жараёнлари якунлангани ҳақида дипломатик нота алмашилган санадан эътиборан кучга кириши белгиланган.
Ҳужжатнинг яна бир ўзига хос томони шундаки, унда амал қилиш муддати кўрсатилмаган. Яъни келишувнинг якуний санаси йўқ ва у фақат томонларнинг ўзаро розилиги асосидагина ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Гренландия мустақил бўлса, нима бўлади?
Эътиборлиси, келишувда Гренландиянинг келажакда мустақил давлат бўлиш эҳтимоли ҳам алоҳида инобатга олинган.
Ҳужжатга кўра, агар Гренландия ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан фойдаланиб, мустақилликка эришса, унинг ҳукумати НАТО таркибида қолишни таъминлаши ҳамда амалдаги келишув бўйича Данияга берилган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт бўлади. Мазкур банд ҳужжат нафақат Гренландиянинг ҳозирги сиёсий мақомига, балки унинг келажакдаги эҳтимолий мустақиллигига ҳам олдиндан мослаштирилганини англатади.





