Россия 5 мингга яқин ўзбекистонликни урушга ёллагани маълум бўлди

«Хочу жить» лойиҳаси Россия армиясида жанг қилаётган ўзбекистонликлар сони 4853 нафарга етгани ва бу Марказий Осиё давлатларидан жалб қилиш бўйича энг юқори кўрсаткич эканлигини маълум қилди.

Россия 5 мингга яқин ўзбекистонликни урушга ёллагани маълум бўлди © myseldon

Украинанинг «Хочу жить» (Яшашни хоҳлайман) лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия армияси сафида жанг қилаётган 4853 нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари аниқланган. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Лойиҳа маълумотига кўра, 2026 йил ҳолатида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Украинадаги урушда иштирок этган ёки этаётган Марказий Осиё фуқароларининг умумий сони 12 666 нафарни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич бир йил ичида икки баробардан кўпроққа ошган.

Ўзбекистондан кейинги ўринда Тожикистон турибди — 3407 нафар фуқаро Россия армиясида жанг қилаётгани қайд этилган. Кейинги ўринларда Қозоғистон (2389 нафар), Қирғизистон (1439 нафар) ва Туркманистон (578 нафар) жойлашган.

2025 йилда ушбу лойиҳа Марказий Осиё давлатларидан ёлланган шахсларнинг номма-ном рўйхатини бир неча бор эълон қилган эди. Ўша вақтда жами 5740 нафар ёлланма ҳақида маълумот бор эди. Орадан бир йил ўтиб, бу рақам кескин ўсгани қайд этилмоқда.

2025 йил октябрида эълон қилинган сўнгги рўйхатда ўзбекистонликлар сони 2715 нафарни ташкил этган. Бу эса кейинги даврда жалб этилиш суръати тезлашганини кўрсатади.

Бошқа давлат армиясига ёлланганлик учун қонуний жавобгарлик бор

Ўзбекистон расмий идоралари фуқароларни хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бир неча бор огоҳлантирган. Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Жиноят кодексининг 154-моддасига мувофиқ, ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, 154−1-моддага кўра, чет давлатларнинг ҳарбий хизматларига кириш ҳам жарима ёки озодликдан маҳрум қилиш билан тугаши мумкин.

Украина томони эса мазкур масала бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Хусусан, Александр Мишенко ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиш ва аҳолини ёлланиш хавфидан огоҳлантириш муҳимлигини таъкидлаган.

Teglar

Mavzuga oid