АҚШнинг энг қиммат хатоси: Нега «сеҳрли диёр» тезкор темирйўллар пойгасида ютқазди?

Kecha 17:5511 daqiqa

Дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ҳисобланган АҚШ вақт ресурсини автомобил тирбандликларида беҳуда сарфламоқда. Хитой ва Европа темирйўллари 320 km/h тезликда келажак сари интилаётган бир пайтда, Америка инфратузилмаси ўтган асрда қолиб кетди. Бу триллионлаб долларга тушаётган стратегик хатодир.

АҚШнинг энг қиммат хатоси: Нега «сеҳрли диёр» тезкор темирйўллар пойгасида ютқазди?

Замонавий дунёда вақт — энг қиммат ресурс. Бироқ, дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ҳисобланган АҚШ учун бу ресурс автомобил тирбандликлари ва эскирган темирйўл инфратузилмаси гирдобида беҳуда сарфланмоқда. Европа ва Хитой келажак сари 320 km/h тезликда ҳаракатланаётган бир пайтда, Америка темирйўллари 1950-йиллар даражасида қолиб кетган. Бу шунчаки қулайлик масаласи эмас, бу АҚШ тарихидаги энг қимматга тушган стратегик хатодир. 

Рақамлар сўзлаганда

Келинг, вазиятни рақамлар орқали баҳолаймиз. Бугунги кунда Европада 12 минг километрдан ортиқ юқори тезликдаги темирйўл линиялари мавжуд. Хитой эса сўнгги 15 йил ичида ҳайратланарли 45 минг километрлик теюрар темирйўл тармоғини барпо этди. АҚШда-чи? Жавоб ҳайрон қолдиради: атиги 750  км. Россия ҳам бу борада мақтана олмайди: улар ҳам бор-йўғи 650 км тезюрар поездларга мўлжалланган тармоққа экан.

Американинг «энг тезкор» поезди ҳисобланган «Acela Express» (Вашингтон—Ню Йорк—Бостон йўналишида) 330 километрни қарийб 3 соатда босиб ўтади. Таққослаш учун, Францияда Париж ва Лион ўртасидаги 390 километрлик масофа бор-йўғи 2 соат вақтни олади. Энг ёмони, АҚШдаги кўплаб темирйўл йўналишлари бугунги кунда 100 йил олдингидан кўра секинроқ ҳаракатланмоқда.

high speed 02

АҚШнинг тезкор термирйўл тармоғи харитаси. Кўк рангда Вашингтон—Бостон тезкор темир йўли

Аслида, АҚШ темир йўл тизими дунёдаги энг йирик тармоқлардан бири бўлиб, унинг умумий узунлиги тахминан 293 минг километрни ташкил этади. Бироқ АҚШ темир йўлларининг асосий қисми йўловчи ташишга эмас, балки оғир юк поездларига мослашган. АҚШ дунёдаги энг узун темир йўл тармоғига эга, бироқ унинг асосий қисми хусусий компанияларга тегишли ва фақат юк ташиш учун мўлжалланган.

Шу сабабли мамлакатда махсус тезюрар йўллар (300 km/hʼдан юқори) деярли мавжуд эмас. Фақатгина шимоли-шарқий коридорда (Вашингтон ва Бостон ўртасида) ҳаракатланувчи Аcела поезди учун 735 километрлик йўл қисман тезюрар деб таснифланади, аммо унинг тезлиги ҳам Европа ёки Хитойдаги каби юқори эмас.

high speed 01

Европанинг тезкор темирйўллари харитаси. Қизил ва бинафша рангда соатига 270 км.дан ортиқ ҳаракатланса бўладиган йўллар

Европа Иттифоқи ҳудудида эса умумий темир йўл тармоғи тахминан 202 минг километрни ташкил этади. Европанинг ўзига хос жиҳати — чегаралараро тезкор ҳаракатланишнинг яхши йўлга қўйилганидир. Иттифоқ таркибида 12 минг километрдан ортиқ махсус тезюрар магистраллар мавжуд бўлиб, уларнинг энг катта қисми Испания, Франция ва Германия ҳиссасига тўғри келади. Европаликлар яқин йилларда қисқа масофали авиапарвозлардан воз кечиб, бутун минтақани ягона тезюрар темир йўл тармоғи билан туташтиришни мақсад қилганлар.

 

Хитойдаги вазият

Хитой сўнгги ўн йилликда дунё темир йўл харитасини бутунлай ўзгартириб юборди. Ҳозир Хитойда умумий темир йўллар узунлиги 159 минг километрдан ошган бўлса-да, унинг энг ҳайратланарли жиҳати тезюрар йўлларнинг улушидир. Хитойда 45,000 километрдан ортиқ масофада юқори тезликдаги поездлар ҳаракатланади ва бу кўрсаткич бўйича у дунёда мутлақ етакчи ҳисобланади. Хитойдаги тезюрар тармоқлар узунлиги қолган барча давлатларникини қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқдир.

high speed 03

Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси нафақат савдо йўли, балки юқори технологиялар экспорти сифатида АҚШнинг дунёдаги геосиёсий мавқеига жиддий зарба бермоқда. Пекин Жануби-Шарқий Осиё, Марказий Осиё ва ҳатто Европанинг баъзи қисмларида тезкор темир йўллар қуриш орқали «поездлар дипломатияси»ни юритмоқда. Бу лойиҳалар мамлакатларни Хитой технологияси ва стандартларига ўнлаб йилларга боғлаб қўяди.

АҚШ эса, ўз уйида темир йўл қуришни эпла олмай турган бир пайтда, дунёга инфратузилмавий муқобил таклиф қила олмаяпти. Натижада, ривожланаётган давлатлар Американинг автомобил моделидан воз кечиб, Хитойнинг тезкор темирйўл моделини танламоқда, бу эса глобал иқтисодий таъсир дастакларини Шарққа оғдирмоқда.

 

Россия ва Япония

Россияда темир йўл тармоғи узунлиги тахминан 87 минг километрни ташкил қилади ва у асосан мамлакатнинг шарқий ва ғарбий ҳудудларини боғловчи стратегик аҳамиятга эга. Аммо тезюрар поездлар учун мўлжалланган алоҳида инфратузилма Россияда ҳали ривожланиш босқичида. Ҳозирда фақатгина Москва ва Санкт-Петербург ўртасидаги 650 километрлик масофада «Сапсан» поездлари нисбатан юқори тезликда ҳаракатланади, лекин бу йўллар одатий поездлар билан биргаликда ишлатилади. Ҳақиқий, фақат тезюрар поездлар учун ажратилган илк магистрал қурилиши эса яқинда бошланди.

high speed 04

Япония темир йўл тизими дунёда ўзига хос ўринга эга, чунки бу мамлакат тезюрар поездлар технологиясининг ватани ҳисобланади. Япониянинг умумий темир йўл тармоғи узунлиги тахминан 27 минг километрни ташкил этади. Мамлакат ҳудудининг кичиклиги ва релйефининг мураккаблигига қарамай, бу тармоқ дунёдаги энг самарадор ва аниқ ишлайдиган тизимлардан бири сифатида тан олинган. Юқори тезликдаги поездлар учун мўлжалланган машҳур «Шинкансэн» тармоғининг узунлиги эса ҳозирда 3 минг километрдан ортиқни ташкил қилади.

Япония тезюрар йўлларининг асосий хусусияти уларнинг хавфсизлик даражаси ва ҳаракат жадвалига қатъий риоя қилинишидир. Масалан, «Шинкансэн» тизими иш бошлаганидан бери ўтган 60 йил ичида тезюрар поездлар иштирокида бирорта ҳам ўлим билан боғлиқ ҳалокат юз бермаган. Япониянинг тезюрар поездлари одатда 300-320 km/h тезликда ҳаракатланади, бироқ мамлакат ҳозирда магнит ёстиқчасида ҳаракатланувчи (Maglev) янги авлод темир йўлларини ҳам фаол синовдан ўтказмоқда. Ушбу янги тизим келажакда поездлар тезлигини 500 km/hʼдан ошириш имконини беради.

high speed 05

 

Икки хил фалсафа: Урушдан сўнг

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа ва АҚШ транспорт тизимини ривожлантиришда стратегик жиҳатдан мутлақо қарама-қарши қутбларни танлади. Урушдан вайрона бўлиб чиққан Европа ўз шаҳарларини қайта тиклашда жамоат транспорти ва темир йўл тармоқларига таянди. Бу танлов нафақат иқтисодий зарурат, балки маданий қадриятлар билан ҳам боғлиқ эди: Европа шаҳарлари тарихан зич ва пиёдалар учун қулай қилиб қурилган бўлиб, темирйўл тизими ушбу мантиқий занжирнинг ажралмас бўлагига айланди.

Натижада, қитъа бўйлаб давлатлар томонидан субсидияланадиган, арзон ва самарадор темир йўл тармоғи шаклланди. Бу тизим бугунги кунда Европанинг экологик барқарорлиги ва шаҳарлараро мобиллигининг асосий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

АҚШ эса, аксинча, «автомобил маданияти» ва индивидуал ҳаракатланиш йўлини танлади. Урушдан кейинги иқтисодий юксалиш даврида автомобил ва нефт саноати лоббистларининг сиёсий таъсири кучайиб кетди.

1956 йилда президент Дуайт Эйзенҳауэр томонидан имзоланган «Давлатлараро магистраллар тўғрисида»ги қонун (Federal-Aid Highway Act) Америка транспорт тарихида кескин бурилиш ясади. Ушбу қонун доирасида федерал бюджетнинг мисли кўрилмаган маблағлари темир йўлларга эмас, балки улкан автомобил йўлларини қуришга йўналтирилди. Оқибатда, Америка шаҳарларининг қиёфаси тубдан ўзгарди: марказий тарихий кварталлар бузилиб, уларнинг ўрнида кўп полосали бетон магистраллар эгаллай бошлади.

high speed 07

Бу сиёсат «Америка орзуси»нинг рамзига айланган шаҳар атрофидаги кенгайиш (suburbanization) жараёнини тезлаштирди. Одамлар шаҳар марказларидан узоқлашиб, ҳовлили уйларга кўчиб ўтишди, бу эса ҳар бир америкаликни ишга, ўқишга ёки дўконга бориш учун шахсий автомобилга мутлақ қарам қилиб қўйди. Илгари гуллаб-яшнаган йўловчи ташиш темир йўллари эса етарли молиявий маблағ ажратилмагани сабабли инқирозга юз тутди ёки фақат юк ташишга ихтисослашди.

Ушбу икки хил ёндашув нафақат транспорт тизимида, балки ижтимоий ва экологик соҳаларда ҳам чуқур из қолдирди. Европа темир йўллари жамиятни бирлаштирувчи ва маданий алоқаларни мустаҳкамловчи восита бўлиб қолган бўлса, АҚШдаги магистраллар тизими шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий қатламларга ажратиб юборди.

 

Экономик ҳалокат ва «NIMBY» эффекти

Американинг автомобилларга йўналтирилган стратегияси бугунги кунда нафақат экологик, балки жиддий иқтисодий ҳалокатга айланмоқда. Америка уй хўжаликлари ўз йиллик даромадининг ўртача 17 фоизини транспорт харажатларига, яъни автомобил сотиб олиш, суғурта, тинимсиз қимматлашаётган ёқилғи ва техник сервисга сарфлашга мажбур.

Таққослаш учун: жамоат транспорти ва темирйўл тизими мукаммал ривожланган Европада бу кўрсаткич атиги 8 фоизни ташкил этади. Бу фарқ шуни англатадики, америкаликлар ҳар йили триллионлаб долларларни самарасиз, шахсий ва «ўлик» активларга «кўмиб» юбормоқда, ҳолбуки бу маблағлар иқтисодий ўсиш ёки ижтимоий фаровонликка йўналтирилиши мумкин эди.

АҚШда замонавий тезкор темир йўлларни барпо этишга бўлган ҳар қандай уриниш нафақат молиявий, балки оғир бюрократик ва ижтимоий қаршиликларга дуч келмоқда. Бу борадаги энг катта тўсиқ — «NIMBY» (Not In My Backyard — «Фақат менинг ҳовлимда эмас») принципидир. Бу феномен маҳаллий аҳоли ва хусусий ер эгаларининг лойиҳа умуммиллий манфаат учун фойдали эканини тан олса-да, унинг қурилиши ўз уйи яқинидан ўтишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатишида намоён бўлади. Суд жараёнлари ва чексиз келишувлар лойиҳаларни ўнлаб йилларга тўхтатиб қўймоқда.

high speed 06

Калифорниядаги тезкор темир йўл лойиҳаси (CAHSR) бу инқирознинг яққол тимсолидир. 2008-йилда катта ваъдалар билан бошланган ва дастлаб 9 млрд доллар бюджет сўралган ушбу лойиҳа, орадан қарийб 20 йил ўтса-да, бюрократия ва ер эгаларининг қаршилиги туфайли ҳалигача бирорта фойдали участкани ишга тушира олмади.

Таққослаш учун: худди шу давр ичида Испания каби Европа давлатлари 3000 километрдан ортиқ энг замонавий тезюрар йўлларни қуриб, фойдаланишга топширишга улгурди. Бу АҚШнинг йирик инфратузилмавий лойиҳаларни бошқариш қобилияти нақадар заифлашиб қолганини ва транспорт сиёсатидаги тизимли инқирозни кўрсатади.

Бугунги кунда Америка жамияти автомобилга қарамликнинг нақадар қимматга тушишини англаб етмоқда, бироқ ўнлаб йиллар давомида шаклланган тизимни ўзгартириш учун нафақат пул, балки сиёсий ирода ва ижтимоий онгнинг трансформацияси талаб этилади.

 

Технологик қарамлик: АҚШ поезд ясашни унутдими?

АҚШ бир пайтлар темир йўл технологиялари бўйича дунёда байроқдор бўлган бўлса, бугунги кунда йўловчи ташиш соҳасида сезиларли технологик қарамлик исканжасида қолмоқда. Ўнлаб йиллар давомида фақат автомобилсозлик ва авиацияга инвестиция киритилиши натижасида, АҚШ замонавий ва юқори тезликдаги йўловчи поездларини мустақил ишлаб чиқариш салоҳиятини деярли йўқотди. Бугунги кунда миллий ташувчи «Amtrak» компанияси ўз паркини янгилаш учун хорижий технологияларга суянишга мажбур. Масалан, янги авлод «Acela» поездлари Франциянинг «Alstom» компанияси томонидан Европа стандартлари асосида лойиҳаланмоқда.

high speed 08

Технологик етакчилик жилови эндиликда тўлиқ Европа ва Осиё давлатлари қўлига ўтиб кетди. Германияда экологик тозалик рамзи бўлган водород ёқилғисида ишлайдиган поездлар аллақачон тижорий йўналишларда хизмат қилмоқда. Япония ва Хитой эса магнит ёстиқчасида ҳаракатланувчи «Maglev» технологиялари орқали тезлик рекордларини янгиламоқда. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган ва ҳаракат жадвалини сонияларгача оптималлаштирадиган тизимлар бу давлатларда воқеликка айланиб улгурди.

Америка учун энг катта муаммо шундаки, у нафақат темир йўлларни, балки ушбу соҳадаги муҳандислик мактаби ва кадрлар захирасини ҳам бой бериб қўйди. Эндиликда ҳар бир янги лойиҳа хориждан мутахассислар ва бутловчи қисмлар олиб келинишини талаб қилмоқда, бу эса лойиҳалар таннархини янада ошириб, жараённи секинлаштирмоқда. Бу технологик бўшлиқ АҚШни келажакнинг «яшил» ва тезкор транспорт тизимидан узиб қўйиш хавфини туғдирмоқда.

 

Ижтимоий ва маданий фарқ

Европа ва АҚШ ўртасидаги энг туб фарқ нафақат технологияда, балки транспортга бўлган фалсафий ёндашувда намоён бўлади. Европада сифатли транспорт тизими — бу жамиятнинг умумий бойлиги ва ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи сифатида кўрилади. Бу ерда инфратузилма шундай лойиҳаланганки, ҳатто 8 ёшли боланинг ҳам поезд, трамвай ёки метрода мустақил ва хавфсиз ҳаракатланиши мутлақо табиий ҳол. Жамоат транспортининг қулайлиги инсонларга яшаш жойини танлашда эркинлик беради ва уларни иқтисодий жиҳатдан чеклаб қўймайди.

high speed 10

Аксинча, АҚШда транспорт — бу шахсий масъулият ва индивидуал танлов ҳисобланади. Америка жамиятида шахсий автомобилга эга бўлмаслик нафақат ҳаракатланишни чеклайди, балки инсонни ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдан деярли бутунлай узиб қўяди. Кўплаб шаҳарларда пиёдалар йўлакларининг йўқлиги ёки жамоат транспортининг ўта камлиги сабабли, машинасиз ишга бориш, таълим олиш ёки тиббий хизматдан фойдаланиш имконсиз вазифага айланади.

Бундай тизимли фарқ жамиятнинг мобиллиги ва иқтисодий тенглик кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади. Европада кам таъминланган қатламлар сифатли транспорт ёрдамида меҳнат бозорига осон интеграциялаша олса, АҚШда автомобил сотиб олиш ва уни сақлаш харажатлари камбағаллик қопқонини янада чуқурлаштиради. Оқибатда, транспорт сиёсати шунчаки йўллар қуриш эмас, балки ижтимоий адолат ва инсон эркинлигини белгиловчи асосий омилга айланиб қолган.

high speed 11

Қолаверса, 2026-йилга келиб, иқлим ўзгаришига қарши кураш транспорт соҳасини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, тезкор поездлар бир йўловчини ташишда авиацияга нисбатан 10–12 баравар, шахсий автомобилларга нисбатан эса 8 баравар кам СО2 чиқиндисини ажратади.

Масалан, Париж-Мадрид йўналишида самолёт ўрнига тезкор поездни танлаш атроф-муҳитга зарарни 90 фоизга камайтиради. Европа Иттифоқининг 2030-йилгача чиқиндиларни кескин камайтириш дастури доирасида қисқа масофали парвозлар тақиқланмоқда.

АҚШда эса транспорт сектори (америкаликлар самолётда ҳам кўп учишини унутманг) иссиқхона газларининг энг катта манбаи бўлиб қолмоқда. Тезкор темирйўлларга ўтиш — бу шунчаки қулайлик эмас, балки сайёрани сақлаб қолиш учун ягона технологик ечимдир.

Келажак кимники?

Америка Қўшма Штатлари ҳали ҳам 1955-йилги автомобил идеали ва «эркин йўллар» фалсафаси билан яшаётган бир пайтда, дунёнинг қолган қисми яшил, тезкор ва жамоавий мобилликка асосланган келажакни танлади.

Бугунги кунда тезкор темир йўллар — бу шунчаки «А» нуқтадан «B» нуқтага тезроқ етиб бориш воситаси эмас. Бу тизим иқтисодий самарадорликни ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва жамиятнинг ҳар бир қатлами учун юқори ҳаёт сифатини яратиш демакдир. Темирйўллар шаҳарларни ва одамларни бирлаштиради, автомобил магистраллари эса уларни бир-биридан ажратиб, бетон деворлар билан ўраб олади.

Америкадаги умумий инқироз фонида Флоридадаги «Brightline» лойиҳаси ягона умид учқуни бўлиб кўринмоқда. Бу АҚШда сўнгги юз йил ичида қурилган илк хусусий темир йўл тизими бўлиб, у Майами ва Орландони боғлаб, хусусий капитал давлат бюрократиясидан тезроқ ҳаракат қилиши мумкинлигини исботлади.

high speed 12

Техасда ҳам Даллас ва Ҳюстонни боғлайдиган «Texas Central» лойиҳаси Япония технологиялари асосида режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг муваффақияти Американинг транспорт сиёсатини давлат монополиясидан хусусий ташаббусларга йўналтириши мумкин.

Агар ушбу «умид оролчалари» ўзини оқласа, АҚШ ниҳоят «автомобил тутқунлиги»дан халос бўлиш ва замонавий темир йўл маданиятини қайта тиклаш учун реал имкониятга эга бўлади.

Алалхусус, Америка ўз транспорт стратегиясидаги тарихий хатоларни тан олиб, тизимни тубдан ислоҳ қилишга киришмас экан, у технологик ва иқтисодий жиҳатдан «ўтмишда қолиб кетган гигант» бўлиб қолаверади. Ҳозирда АҚШ триллионлаб долларларни эскирган шосселарни таъмирлашга сарфлаётган бир пайтда, Европа ва Осиё давлатлари соатига 400-500 километр тезликда ҳаракатланувчи «Maglev» поездлари ва тўлиқ рақамлаштирилган транспорт экотизимларига сармоя киритмоқда. Бу технологик узилиш вақт ўтиши билан иқтисодий рақобатбардошликка ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Европа аллақачон келажак поездига чиқиб бўлган ва у экологик тозалик ҳамда ижтимоий тенглик йўналишида жадал ҳаракатланмоқда. Темир йўл тармоғининг ривожланганлиги Европага энергия қарамлигини камайтириш ва углерод изини минималлаштириш имконини берди.

АҚШ учун эса танлов имконияти кун сайин камайиб бормоқда: ёки эскирган «автомобил маданияти» гирдобида қолиш, ёки жасорат билан транспорт инқилобини бошлаш. Келажак — шахсий темир қутиларга қамалиб қолган индивидуалларники эмас, балки тезкор, арзон ва барча учун очиқ бўлган интеллектуал транспорт тизимлариникидир. Америка ушбу ҳақиқатни қанчалик кеч англаса, унинг келажак бекатига етиб бориши шунчалик қийин кечади.

Teglar

Shuhrat Shokirjonov

Shuhrat ShokirjonovMaqolalar soni: 173

Barchasi

Mavzuga oid