Қизил, яшил ва кўкдан кейин олтин. Дубайда янги метро линияси қурилади

Kecha 18:423 daqiqa

Дубай жамоат транспорти тизими тарихидаги энг йирик лойиҳа – «Gold Line» метро йўналиши эълон қилинди. 34 млрд дирҳамлик янги метро лойиҳаси 1,5 миллион аҳолига хизмат кўрсатиши кутилмоқда.

Қизил, яшил ва кўкдан кейин олтин. Дубайда янги метро линияси қурилади © Муҳаммад бин Рашид Ол Мактумнинг «X»даги саҳифаси

Дубай ўз тарихидаги энг йирик жамоат транспорти кенгайишини бошламоқда – янги метро линияси лойиҳаси БАА вице-президенти, бош вазири ва Дубай амири Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум томонидан бугун, 22-апрел куни эълон қилинди.

34 млрд дирҳамлик (тахминан 9,2 млрд доллар) лойиҳа Дубай метро тармоғини тахминан 25 фоизга кенгайтиради ва 2032-йил 9-сентябргача якунланиши режалаштирилган. «Gold Line» (Олтин йўлак) тўлиқ ерости метро линияси бўлиб, узунлиги 42 километрни ташкил этади. У 40 метргача чуқурликда жойлашади ва амирлик бўйлаб 15 та стратегик ҳудуддан ўтади.

Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ижтимоий тармоқдаги баёнотида лойиҳани Дубай тарихидаги энг йирик транспорт ташаббуси сифатида таърифлаб, у шаҳарнинг тез суръатларда кенгайиб бораётган тураржой ва тижорат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

«Биз Дубайдаги энг йирик транспорт лойиҳаси – 42 километрлик янги метро линиясини эълон қилишдан мамнунмиз. У шаҳар бўйлаб 15 та муҳим стратегик ҳудуддан ўтади, тахминан 1,5 миллион аҳолига хизмат кўрсатади ва ҳозир қурилаётган 55 та йирик кўчмас мулк лойиҳалари билан алоқаларни мустаҳкамлайди. Дубайни дунёда яшаш учун энг яхши шаҳарга айлантиришга қаратилган йирик лойиҳаларимиз режа бўйича амалга оширилмоқда. Келгуси ташаббусларимиз тўхтамайди, аксинча янада жадаллашади. Бизнинг режамиз – миллионлаб одамлар учун янада яхши келажак барпо этиш. Биз сўзимизда турамиз ва уни амалга оширамиз», – деб ёзди Дубай амири.

«Gold Line» лойиҳаси Дубай транспорт тизимини тубдан ўзгартириши кутилмоқда

Лойиҳа Дубайнинг тез кенгайиб бораётган тураржой ва тижорат ҳудудлари ўртасида боғланишни яхшилаш учун мўлжалланган. У тўлиқ ишга тушгач, 2040-йилга бориб кунига тахминан 465 минг йўловчига хизмат кўрсатиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳозир қурилаётган 55 дан ортиқ йирик кўчмас мулк лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Линия шаҳарнинг тарихий қисмидаги Ал Губаибадан бошланиб, «Jumeirah Golf Estates»гача чўзилади. У Дубай метросининг мавжуд қизил ва яшил линиялари билан ҳам интеграция қилинади.

Шунингдек, янги йўналиш икки нуқтада БААнинг йўловчи темирйўли – «Etihad Rail» билан боғланади.

1

«Gold Line» учта жойда мавжуд қизил ва яшил линиялари билан кесишади: «Business Bay», Ал Губаиба ва «Jumeirah Golf Estates». Бироқ тақдим этилган харитада ҳозир қурилаётган кўк линия билан ҳеч қандай тўғридан тўғри кесишув кўрсатилмаган. Кўк линия 2029-йил 9-сентябргача якунланиши режалаштирилган.

Янги лойиҳаси тўлиқ ерости инфратузилмага асосланади

Лойиҳа замонавий тоннел қазиш (tunnel-boring) технологиясидан фойдаланади ва мавжуд метро тизимидаги тоннеллар умумий узунлигининг икки бараварига тенг янги ерости йўлларини қўшади. Дубайнинг метро инфратузилмаси шу орқали сезиларли даражада кенгаяди.

Видео тақдимотида таъкидланишича, ушбу лойиҳа ерости транспорт тизимини янада ривожлантиради ва ҳозирги тармоққа нисбатан икки баробар кўпроқ ерости инфратузилма яратишни кўзда тутади.

Шу билан бирга, шаҳар келажакда яна бир янги тезкор ерости тизимини – «Dubai Loop» лойиҳасини ҳам режалаштирмоқда. У 12 фут (тахминан 3,6 метр) кенгликдаги тоннеллар орқали ҳаракатланиш вақти кескин қисқартирилишини мақсад қилади.

«Gold Line» лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан ҳам юқори самара бериши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, у 20 йиллик фаолият давомида инвестицияларга нисбатан 430 фоизгача жамланган даромад келтириши мумкин.

9-сентябр Дубай метроси учун нега муҳим?

Дубай метроси шаҳардаги жамоат транспортининг асосий устуни ҳисобланади. У биринчи марта айнан 2009-йил 9-сентябр куни, 09:09:09 да Муҳаммад бин Рашид Ол Макдум томонидан тантанали равишда ишга туширилган.

Дубай метросининг яшил линияси расман 2011-йил 9-сентябр куни очилган, жамоат хизмати эса 2011-йил 10-сентябрдан бошланган. У 23 километрлик асосий йўналиш бўлиб, Дейра ва Бур Дубай тарихий ҳудудларини боғлайди. Унда 20 та бекат мавжуд бўлиб, шундан 8 таси ерости, 12 таси эса ер устидир.

Кўк линия эса 2029-йил 9-сентябр куни ишга туширилиши режалаштирилган. Бу сана қизил линия очилганидан аниқ 20 йил ўтиши билан мос келади. Лойиҳа қурилиши 2026-йилда 30 фоизга якунланиши кутилмоқда. 30 километрлик ушбу линия 14 та янги бекатни ўз ичига олади (5 таси ерости, 9 таси ер устида бўлади) ва «Dubai Creek Harbour», «Dubai Silicon Oasis» ҳамда «Academic City» каби муҳим ҳудудларни мавжуд тармоқ билан боғлайди.

Teglar

Mavzuga oid